Янгиликлар

Ўзбекистон олимлари томонидан яратилган коронавирусга қарши фаолликка эга бўлган "Рутан" дори препарати Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди

9 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги кўмагида “China–Uzbekistan Medicine Technical Park” технопарки томонидан ишлаб чиқарилган 19 500 дона «Рутан» дори воситаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига беғараз тақдим этилди. Тақдимотда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев, Биоорганик кимё институти директори, академик Шавкат Салихов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги хузуридаги Санитария-эпидемиология ва осойишталик агентлиги директор ўринбосари Бахром Алматов, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев, Биоорганик кимё институтидаги Хитой-Ўзбекистон қўшма лабораториясининг мудири, “China–Uzbekistan Medicine Technical Park” технопаркининг илмий маслаҳатчиси Шарофиддин Мирзааҳмедов иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биоорганик кимё институти томонидан яратилган гриппга қарши оригинал «Рутан» дори воситаси Хитой олимлари томонидан ўтказилган синовлар натижасида SARS CoV-2 типидаги коронавирусини 78,3 фоизга таъсирини сусайтириш хусусиятини намоён қилган.

Шундан келиб чиқиб, Рутан дори GMP талабларига жавоб берувчи Хитой-Ўзбекистон тиббий технопаркида тайёр дори воситаси сифатида ишлаб чиқилди. 11 мингта ўрам Рутан дори воситаси коронавирусга қарши гуманитар ёрдам сифатида Эронга юборилиб, лаборатория синовларидан ижобий ўтган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ишга туширилган Ўзбек-Хитой илмий-технологик паркига 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, 300 та иш ўрни ташкил этилган. Бу марказнинг ўзига хослиги шундан иборатки, унда ҳам шарқ табобатининг асрлар давомида синовдан ўтган даволаш услублари, ҳам ғарб тиббиётининг илғор натижаларидан фойдаланилади.

Бугунги кунга келиб технопаркда дори препаратларининг 8 хил кўринишдаги (таблеткалар, капсулалар, суюқ кўринишдаги ва бошқа) турларини ишлаб чиқарадиган фармацевтика заводи фаолият юритмоқда. Завод юқори халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради ва GMP талабларига мослиги билан аҳамиятга молик. GMP (Good Manufacturing Practic) – дори воситалари, тиббиёт ускуналари, диагностика жиҳозлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқариш меъёрлари, қоидалари ва кўрсатмаларини мужассам этган халқаро тизим бўлиб, маълум препарат яратилганида белгиланган талабларга мос равишда ҳамда мазкур препаратни рўйхатдан ўтказувчи органнинг талаблари асосида препарат ишлаб чиқарилишини таъминлайди.