Янгиликлар

Хусусий ҳамкорлар хайрия маблағлари ҳисобидан сардобаликларга қурилиш материаллари етказиб берилди

Бугунги кунда Сардоба сув омбори тўғони бузилиши оқибатида зарар кўрган аҳолига мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ёрдам келиши давом этмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам фалокатдан жабр кўрган оилаларни тизимли қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқотда бўлиб, юзага келган ижтимоий масалаларни мутасадди ташкилотлар билан бирга қисқа вақт ичида ҳал этиб беришни ният қилган.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Ойбек Норинбоев бошчилигидаги вазирлик вакиллари тошқин оқибатида уйсиз қолиб, қийин вазиятга тушиб қолган оилаларга янги уйлар қуришга кўмаклашиш мақсадида 18 та юк машинасида жами 1 миллиард сўмлик қурилиш материаллари етказиб берди. Ушбу хайрия Корея Республикасининг “Hyundai Engineering and Construction Co., Ltd.” компанияси кўмаги ва “Venchur Capital Invest” МЧЖ ҳамкорлигида шакллантирилган бўлиб, 250 тонна цемент, 40 тонна металл ва металл маҳсулотлари, ёғоч-тахта ва бошқа қурилиш ашёларидан иборат.

Вазир ўринбосари хайрия ёрдамини топшириш чоғида сардобаликлардан ҳол сўраб, уларнинг яшаш шароити ва ижтимоий масалаларини ўрганди. Ушбу кўмак талафот етган аҳолининг уйларини қайта тиклаш ва янгилашда хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Сардоба сув омбори тошқинидан жабр кўрган юртдошларимизга кўрсатилаётган бундай хайриялар уларни руҳан қўллаб-қувватлаб, ушбу ҳудудда ҳаёт яна ўз изига тушиб кетишида долзарб аҳамиятга эга.