Янгиликлар

Ўзбекистон Осиё-Тинч Океани технологиялар трансфери маркази Бошқарув кенгашига сайланди

Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалиши туфайли юзага келган вазият, шунингдек пандемия хавфи сабабли чегараларнинг ёпилиши туфайли Бангкок (Тайланд) шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Осиё ва Тинч Океани иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг (ЭСКАТО) 76-сессияси KUDO-live платформасида онлайн режимида ўтказилди.

Тадбирда жами 51та аъзо давлат, 3та ассоциация аъзоси, 8та кузатувчи давлат иштирок этди.Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори Шаҳобиддин Шарифов, Марказнинг маркетинг тадқиқотлар ва стратегик таҳлиллар бўлими бошлиғи Ширин Халметова, Марказнинг лаборатория ва кўргазмаларни ташкил этиш бўлими бошлиғи Ш. Назаров Ўзбекистон делегацияси вакиллар сифатида иштирок этдилар.

Илк маротаба виртуал режимда ўтказилган ЭСКАТО сессияси ташкилотчиларни тегишли ўзгаришларни амалга оширишга мажбур мажбур этди. Тадбирда делегациялар дастурнинг ҳар бир йўналиши бўйича муҳим мавзуларни муҳокама қилдилар.

Бутун дунё бўйлаб COVID-19 тарқалиши туфайли юзага келган инқироз кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрилишини талаб қилади. Ушбу инфекциянинг тарқалиши глобал иқтисодиётга катта таъсир кўрсатиб, ишлаб чиқариш хамда хизмат кўрсатиш соҳасига кучли зарба берди. Стратегик жавоб чоралари энг аввало халқ манфаатларига қаратилган бўлиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу инқироз ва унинг қашшоқлик ёқасида турган аҳоли қатламига таъсири натижасида тенгсизлик даражаси ошиши ва одамлар қашшоқликка тушиб қолиши мумкин. Дунё аҳолисининг учдан икки қисмидан кўпроғи Осиё-Тинч океани минтақада истиқомат қилишини, дунёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган шаҳарлар жойлашганлигини ва дунёдаги саноат фаолияти, энергия таъминоти ва энергия истеъмоли, шунингдек 46 миллион муҳожирнинг жамланганлигини инобатга олиб, инқироз Осиё-Тинч океани минтақасининг глобал иқтисодий ва ижтимоий интеграциясига қанчалик кучли боғланганлигини кўрсатди. Шу билан бирга инқироз Осиё мамлакатлари томонидан намойиш этилган оператив ҳаракатлар, изчил олиб борилаётган сиёсат ва инновациялар ушбу мисли кўрилмаган эпидемия оқибатида юзага келган муаммоларни самарали ҳал қилиши мумкинлигини ҳам кўрсатиб берди.

Ижтимоий ривожланиш бўйича иштирокчиларга Пекин+25 (ESCAP/76/8) тадқиқотлари бўйича Осиё-Тинч океани Вазирлар конференциясининг маърузаси тақдим этилди. Осиё-Тинч океани декларациясида аъзо давлатлар Пекин декларацияси ва ҳаракатлар платформасини тезлаштириш учун зарур бўлган асосий ҳаракатларни белгилаб олдилар: умумий фаровонлик ва муносиб иш; қашшоқликни бартараф этиш, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий-маиший хизматларни тақдим этиш; зўравонлик, стигматизация, зарарли стереотиплар ва салбий ижтимоий меъёрлардан озод бўлиш; гендер тенглигини таъминлаш, аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш; атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва муҳолифат салоҳиятини ривожлантириш; маълумотлар ва статистика; шериклик ва минтақавий ҳамкорлик.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасида гендер тенглиги масаласида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда, хусусан, 2019 йилда «аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Шу муносабат билан тадбиркор аёлларнинг сони ортиб бормоқда.

Тадбирда, шунингдек, келгуси сессия мавзуси ва санаси Комиссия томонидан маъқулланди ва тасдиқланди. ESCAPнинг етмиш еттинчи Комиссия сессияси йиғилиши 2021 йилнинг 26-30 апрель кунлари Бангкокда (Тайланд)ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинди. «Осиё-Тинч Океани минтақасида минтақавий ҳамкорлик орқали инқироздан самарали тикланиш» (Building back better from crisis through regional cooperation in Asia and the Pacific) сессия мавзуси этиб белгиланди.

Ўз навбатида Осиё-Тинч Океани технологиялар трансфери маркази (ОТТТМ) Бошқарув кенгашининг сайловлар натижалари эълон қилинди. Сайловлар натижаси бўйича кейинги уч йиллик муддатга (2020-2023) Бошқарув кенгашига қуйидаги давлатлар сайланди: Бангладеш, Хитой, Индонезия, Эрон Ислом Республикаси, Непал, Покистон, Корея Республикаси, Шри-Ланка, Тайланд ва Ўзбекистон.

2017-2020 йиллар давомида Бошқарув кенгаши қуйидаги таркибда фаолият юритмоқда: Бангладеш; Хитой; Фижи; Индонезия; Эрон Ислом Республикаси; Қозоғистон; Малайзия; Покистон; Филиппин; Корея Республикаси; Шри-Ланка; Тайланд.

Бошқарув кенгаши аъзолари Низомда кўрсатилганидек Марказни бошқариш учун, бир йилда камида бир марта ўтказиладиган Кенгаш йиғилишида қатнашишлари кутилмоқда.

Йиғилиш якунлари бўйича иккита резолюция қабул қилинди:

- Осиё-Тинч Океани минтақасида барқарор ривожланиш учун океан, денгиз ва денгиз ресурсларидан барқарор фойдаланишга кўмаклашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ( Strengthening cooperation to promote the sustainable use of the oceans, seas and marine resources for sustainable development in Asia and Pacific);
- Осиё-Тинч океани минтақасидаги пандемия ва инқирозларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини бартараф этишда минтақавий ҳамкорлик (Regional cooperation to address socio-economic effects of pandemics and crises in Asia and Pacific).