Янгиликлар

ЮНEСКОнинг COVID-19 пандемиясига бағишланган онлайн конференцияси ўтказилди

ЮНEСКОнинг Марказий Осиёдаги Бюроси ҳамда Марказий Осий давлатлари вакиллари иштирокидаги “Марказий Осиёда COVID-19 пандемиясига жавоб бериш шароитида илм-фаннинг очиқлиги ва илмий ҳамкорликнинг ўрни” мавзусидаги конференция онлайн шаклда ўтказилди. Тадбирда Марказий Осиё давлатларининг илм-фан ва инновациялар соҳасидаги раҳбарлари, шу соҳадаги олимлар, ЮНEСКОнинг халқаро вакиллари ҳамда вазирлик мутахассислари қаторида Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев қатнашди.

Конференцияда иштирокчи мамлакатлар вакилларига табиий фанлар дастури доирасида ЮНEСКОнинг COVID-19 га қарши кураш бўйича кўмаги, фаолияти ва режалари тўғрисида маълумотлар берилди. Минтақадаги мавжуд илм-фан соҳасидаги жавоб чоралари тақдимотлари ўтказилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши курашда илм-фан, технологиялар ва инновациялар соҳасидаги мавжуд ҳамда яратилган чора-тадбирлар ва ишланмалар муҳокама қилинди. COVID-19 вирусига қарши илм-фан секторининг жавоби сифатида тадқиқотлар ва ишланмалар бўйича илғор амалиёт ва тажрибалар билан алмашишни қўллаб-қувватлаш лозимлиги таъкидланди. Кейинги босқичлар доирасида эса минтақада инқирозни бошқаришга миллий ёндашувларни халқаро ҳамкорларни жалб қилган ҳолда мустаҳкамлаш учун алоқаларни ўрганиш, шунингдек, қатор қўшни давлатлар билан муҳокамалар ташкил этилади.

Онлайн конференцияда дастлабки сўз ЮНEСКОнинг Марказий Осиёдаги Кластер Бюроси директори Криста Пиккатга берилди. Мутахассис ўз нутқида Марказий Осиёда коронавирус пандемиясининг тарқалиши, Марказий Осиёдаги вазият ҳақида умумий маълумот берди ҳамда уни олдини олишга қаратилган чоралар бўйича тўхталиб ўтди. Шундан сўнг ЮНEСКОнинг Марказий Осиёдаги Кластер Бюроси COVID-19 га қарши табиий фанлар бўлими мутахассиси Наталья Ким нутқ сўзлади.

Шундан сўнг Марказий Осиё давлатлари вакилларига сўз берилди. Мамлакатимиз номидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазир ўринбосари Олимжон Тўйчиев нутқ ва тақдимоти билан ўртоқлашди. Вазир ўринбосари Ўзбекистон Республикасида коронавирусга қарши мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди. Хусусан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан инфекцияга қарши курашиш ҳамда уни олдини олишга қаратилган илмий лойиҳалар танлови, амалий ишлар, жумладан, “Birga Yengamiz” мобил иловаси яратилгани ва коронавирус бўйича билимни текширувчи онлайн тест синовлари “e-sertifikat” платформаси ишга туширилгани ҳақида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг қўшни давлатлар вакиллари ва мутахассислари ҳам ўз тажрибалари билан бўлишдилар.

Онлайн конференциядан кутилаётган асосий натижалар бу малака ва илғор тажриба алмашинуви, шунингдек, минтақа давлатларининг COVID-19 коронавирус пандемиясига ва келажакда юзага келиши мумкин бўлган экологик инқирозларга ва бошқа глобал таҳдидларга жавобан ҳамкорликда ишлаш, Марказий Осиё минтақасида илмий техник ахборот соҳасидаги илмий тадқиқотлар, илмий ҳамкорлик ва илм-фан очиқлигини таъминлаш заруриятини чуқурроқ англаган ҳолда биргаликда сиёсат юритишдир.