Янгиликлар

Республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич Ёшлар технопарклари ташкил этилади.

Технопарклар фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланди:

  • ҳудудларда Ёшлар академиясининг фаолиятини ривожлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, таълим муассасалари, илмий ташкилотлар ва ҳудудлардаги Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари билан ҳамкорликда ёшларни интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини ошириш;
    ҳудудларда ёшларнинг таҳлилий фикрлаш, уларни илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш;
  • ёшларнинг “стартап” лойиҳаларини ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун ягона майдон ташкил этиш орқали ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини ошириш;
    замонавий талабларга жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, ҳудудларни сифатли, юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматлар билан таъминлаш мақсадида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш;
  • иқтидорли ёшларни ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш ташкилотларида малака оширишларига кўмаклашиш;
  • етакчи компаниялар вакиллари, малакали мутахассислар ва экспертлар иштирокида тренинглар ва мастер-классларни, шунингдек, ёшларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва ишлаб чиқарувчилар билан инновацион-корпоратив алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида илмий-техник конференция, семинар, ўқув курслари ва тренинглар ташкил этиш;
  • иқтидорли ёшлар томонидан таклиф этилган долзарб йўналишлар бўйича лойиҳаларни саралаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мавзуга оид грантлар бериш юзасидан эълон қилиб бориладиган танловларга йўналтириш;
    илмий-техник, инновацион ҳамда “стартап” лойиҳаларини амалиётга жорий этиш мақсадида олий таълим муассасаларининг илмий ходимлари, ўқитувчи-профессор ва талабаларини жалб қилиш.

Технопарклар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги муассислигидаги ҳамда масъулияти чекланган жамият шаклидаги юридик шахс ҳисобланади. Уларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан мувофиқлаштирилади.
Технопарклар резиденти мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилиш ва кейинчалик уларни рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.


Технопарк фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;
  • халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;
  • Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;
  • Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
  • Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
  • жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
  • технопарклар бино ва иншоотларини қуриш, қайта таъмирлаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш харажатлари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.

Технопаркларда илмий, технологик ва иқтисодий жиҳатдан юқори деб топилган инновацион маҳсулотлар ва хизматлар ишлаб чиққан тадбиркорлик субъектларига тегишлича “Яшнобод” инновация технопарки, “Хоразм” инновацион технопарки, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказининг резиденти мақомини бериш тартиби жорий этилади.

ҳужжатнинг тўлиқ матни