Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳар йили илмий ташкилотлар рейтингини аниқлайди  

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 11 майдаги 274-сон қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 ноябрдаги “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги     ПҚ-3365-сон қарорининг 12-банди ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илм-фан соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга мос тарзда, илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартиби мамлакатимизда илк бор жорий қилинмоқда.

Ўзбекистоннинг илм-фан сектори 104 дан ортиқ академик ва тармоқ илмий муассасаларидан иборат, шу жумладан 65 та илмий-тадқиқот институтлари, 31 та илмий марказлар (шундан 14 та ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлар) ва 8 та бошқа илмй ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, 118 та олий таълим муассасаларида (уларнинг филиаллари билан бирга) ҳам илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Мавжуд илмий салоҳиятнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида жамланган. 104 та илмий ташкилотларнинг 80,7 фоизи (84 та) Тошкент шаҳрида, 19,3 фоизи (20 та) эса ҳудудларда фаолият кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда 37185 нафар илмий ходимлар (олий таълим муассасаларидаги профессор-ўқитувчилар билан бирга) илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса, уларнинг 16863 нафари ёки 45,3 фоизи Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатмоқда.

Жаҳон  миқёсида илмий-тадқиқот фаолияти кўрсаткичлари юқори бўлган кўплаб давлатларда илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини рейтинг баҳолаш тизими ишлаб чиқилган ва самарали қўлланиб келинмоқда. Дунё университетлари академик рейтинги, Шанхай рейтинги (ARWU), «Quacquarelli Symonds», «Times Higher Education» (THE) сингари ташкилотлар томонидан шакллантирилган фан ва таълим соҳасидаги рейтинг кўрсатгичлари бутун жаҳонда тан олинади.

Бундан асосий мақсад илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг илмий-инновацион фаолияти даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш, илмий ходимларнинг илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари учун илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва технологияларни тайёрлашга замин яратиш ҳисобланади.

Мазкур қарор билан Инновацион ривожланиш вазирлигига илмий ташкилотлар рейтингини (кейинги ўринларда – рейтинг) аниқлаш соҳасида қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

илмий ташкилотларнинг илмий-тадқиқот ва инновацион фаолияти даражаси, илмий-тадқиқот ишлари сифати, илмий-инновацион фаолият натижаларини тавсифловчи маълумотлар базасини тизимли асосда шакллантириш ҳамда уларни рейтинг кўрсаткичларига мувофиқ баҳолаш асосида ҳар йили республика илмий ташкилотлар рейтингини тузиш;

жаҳондаги етакчи рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва миллий илмий ташкилотларнинг дунёдаги нуфузли илмий марказлар рейтингига киришида амалий ёрдам кўрсатиш;

рейтинг натижалари асосида илмий ташкилотларда илмий-тадқиқот ва инновация ишлари сифатини оширишга қаратилган аниқ таклифларни назарда тутувчи республикадаги илмий ташкилотлар фаолияти тўғрисида таҳлилий ахборот тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

ҳар йили рейтинг натижаларини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиш;

илғор халқаро тажриба асосида ҳамда фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда рейтинг тузилмасига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориш.

Қуйидагилар рейтингни аниқлашнинг вазифалари ҳисобланади:

илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни мунтазам такомиллаштириб бориш асосида талаб юқори бўлган илмий ҳажмдор маҳсулотларни тайёрлаш;

илмий ташкилотларда олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар ва инновация ишлари сифати, улардаги мавжуд имкониятлар, илмий лабораториялар, асбоб-ускуналар ҳақида илмий фаолиятни бошқариш бўйича ваколатли органлар, буюртмачилар ҳамда кенг жамоатчиликни холис ахборотлар билан таъминлаш;

илмий ташкилотларнинг жаҳондаги рейтинги юқори бўлган илмий-тадқиқот муассасалари билан изчил ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг халқаро стандартларга мувофиқ юқори кўрсаткичларга эришишига кўмаклашиш;

миллий рейтинг тизимида юқори кўрсаткичларни қайд этган илмий ташкилотларнинг дунёдаги нуфузли илмий марказлар қаторига кириши учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириб бориш.

Қарор иловаси билан Илмий-тадқиқот муассасалари рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш назарда тутилган. Ушбу низомга мувофиқ рейтингни аниқлаш мезонлари ҳамда илмий тадқиқот муассасалари рейтингини ҳисоблаш методикаси ишлаб чиқилган.

Рейтинг баҳолаш учун ишлаб чиқилган мезонлар ижтимоий-гуманитар, техник ҳамда табиий фанлар йўналишида тадқиқотлар олиб борадиган илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини умумий тарзда рейтинг бахолаш имконини беради.

Илмий тадқиқот муассасалари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини рейтинг баҳолаш натижалари илм-фан ва илмий фаолият соҳасида самарали бошқарув механизмларини яратиш, илмий-тадқиқот ишларининг натижадорлигини таъминлаш ҳамда молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш юзасидан зарур хулоса ва қарорлар қабул қилишга асос бўлиб хизмат қилади.