Янгиликлар

“Меҳнат гувоҳномаси“ мобил иловаси ўзини ўзи банд қилган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланди. Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади.

Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя. Илғор хорижий тажриба асосида бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобил илова ишлаб чиқилади.

Мазкур мобил иловани ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш таклифини Инновацион ривожланиш вазирлиги Молия-иқтисод секторига инновацияларни жорий қилиш хамда тадқиқ этиш бошқармаси томонидан берилган бўлиб, у ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.

“Меҳнат гувоҳномаси“ деб шартли номланган мобил илова ўзини ўзи банд қилганлар масофадан туриб меҳнат органларининг электрон алоқа каналлари орқали ўзаро ҳамкорлигини таъминлайдиган смартфонлар, планшетлар ва бошқа мобил қурилмаларда ишлашга мўлжалланган дастурий комплексдир. Мазкур мобил илова орқали ўз-ўзини иш билан банд қилаётган фуқароларни ҳисобини юритиш ва уларни ижтимоий ҳимоясини таъминлаш имконияти яратилади.

Шунингдек Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари томонидан Mobile ID – ягона электрон рақамли имзо тизими хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи мобиль идентификацион технологик дастурини жорий қилиш таклифи ҳам илгари сурилган эди.