Янгиликлар

Номларимиз миллий ғуруримизга айлансин!

Дунё тиллари ва ўзбек тили

Манбаларда кўрсатилишича, дунёда 7000дан ортиқ тил бор. Шулардан 1400 та тилнинг йўқолиб кетиш хавфи бор. Дунё тилларидан фақат 40 тасигина оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланиб бўлган деб ҳисобланади. Ўша 40 тилнинг орасида ўзбек тили ҳам борлиги қувонарли. Лекин ҳар қандай тил, у нечоғлик мукаммал шаклланган бўлмасин,  тил аудиторияси унинг тараққиёти ёки таназзулини белгилайди. Тил аудиторияси – бу – тилнинг қўлланиш кўламининг кенглиги, ундан фойдаланувчиларнинг тил меъёрларига риоя қилиши билан белгиланади.

Тилимиз нуфузи йўлидаги ислоҳотлар

2019-2020 йил том маънода она тилимиз ривожи ҳамда унинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш борасида туб бурилиш йили бўлди. Президентимиз томонидан 4 октябрь куни «Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг 30 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарори имзоланди. 2019 йил 21 октябрдаги тантанада Юртбошимиз тилимиз ривожидаги муаммолар ва истиқболларини аниқ ва равшан кўрсатиб берди.  Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг мантиқий давоми сифатида мамлакатимизда яна бир муҳим қадам “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Ушбу Фармонда тилимиз ривожи билан боғлиқ яқин ва узоқ истиқболдаги вазифалар, стратегик режаларнинг аниқ негизи белгилаб берилди, десак муболаға бўлмайди.

Фармонга кўра Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди ва давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни ташкил этувчи ваколатли давлат органи сифатида вазифалари белгилаб берилди. Айтиш мумкинки, ўтган қисқа муддат мобайнида ушбу ташкилот давлат тилини ривожлантириш борасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш учун тилимиз равнақи йўлига ғов бўлаётган муаммоларни аниқлаш, фидойиларни бир жабҳага бирлаштириш ва қилинажак ишларни тизимли асосда ташкил қилиш борасида асосий ижрочи   сифатида майдонга чиқди.

Илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссияси ташкил қилинди.

Республикамизда кўзга кўринган тилшунос, адабиётшунос, шоир ва ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари жамланган жуда катта ишчи гуруҳ томонидан “2020 ― 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси” ишлаб чиқилди ва кенг муҳокамага қўйилди.

 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.

Хуллас, ушбу давр ўзбек тили тараққиёти йўлида “улуғ халқ қудрати жўш урган замон”га айланди, десак муболаға бўлмайди.

 

Ислоҳотлар ҳар доим осон кечмаган

Давлат миқёсида аниқ чора-тадбирлар белгиланган, бугун ҳар бир юртдошимиз, агар таъбир жоиз бўлса, тилимиз ривожи йўлида Навоий бўлмоғимиз лозим. Бу бир оз ҳиссиётга берилган чақириқ бўлиб кўриниши мумкин, лекин бу чин ҳақиқат.  Зеро Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир” (Ш.М.Мирзиёев).

Минг афсуски, бугун ижтимоий тармоқларда давлат тилининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш йўлида қўйилаётган кичик қадамлар юзасидан фикрлар “жанг” и кишининг ғашини келтирар даражага етди. Жумладан, Адлия вазирлиги  томонидан ишлаб чиқилган давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи лойиҳа атрофидаги мунозаралар бугун авж палласига етди.  Ҳар қандай қонун унинг меъёрларини бузган ҳолатда унга нисбатан белгиланган жазо чоралари бўлгандагина кучга эга бўлади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” деб номланган 42-моддасига   “Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деган тўлдириш киритилмоқда. 

Жуда тўғри қарор! Бироқ ушбу масала хусусида ижтимоий тармоқларда аҳоли томонидан турли муносабатлар билдирилмоқда. Бу оддий аҳоли учун эмас, мансабдор шахсларга қаратилган жарима эканлигини билиб-билмай муносабат билдиришяпти. 30 йилдан бери  давлат тилини ўрганмаган раҳбарларга қаратилган бу қонун ҳужжати. Бу ерда бирор бир тилнинг ҳуқуқий мақоми камситилиши ҳақида гап кетмаяпти. Ҳар қандай ўзини ҳурмат қилган давлат ўз тилини ҳимоя қилишга ҳақли, бу ҳеч қандай миллатлараро нифоқ келтириб чиқаришни хоҳлаётган айрим кучлар учун “тутантириқ” бўладиган масала эмас. 

Ушбу кодексда, бизнингча, “Барча давлат ва нодавлат ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деб белгиланса мақсадга мувофиқ бўларди. Бугунги шароитда тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ, ишлаб чиқариш соҳасида давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш учун ҳам бирор чора қўллаш масаласи кўриб чиқилиши лозим.  Чунки давлат тилига риоя қилмаслик кўп ҳолларда мана шу жабҳаларда юз бермоқда ва, энг ачинарлиси,  шаҳримиз кўркига кўрк бўлиб турган иншоотлар номлари, аҳоли ҳар куни истеъмол қиладиган маҳсулот, унинг ёрлиқлари, кўча ёзувлари ва пешлавҳаларда  тилимиз акси кўринмас экан,   унга нописанд муносабат давом этаверади.   

Муаммолар

Дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат аввало ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади. Бугун юртимиз тарихи, обидалари, бетакрор табиати билан танишиш мақсадида юртимизга хориждан кўплаб  сайёҳлар ташриф буюраётгани қувонарли. Улар томонидан ўзбек қадриятларини чуқур ҳурмат ва қизиқиш билан ўрганаётганларининг гувоҳи бўлаётганимиз ҳам бор гап. “Ассалому алайкум” каломимизни зумда ўрганиб, қалампирнусха дўппини бошига қўндириб, қўли кўксида салом беришни ўрганиб олишган хорижлик дўстларимизни кўриб нақадар ғурур ҳиссини туямиз. Бироқ улар шаҳримиз кўчалари бўйлаб сайр қилар экан, ўзи қизиқиш билан ўрганишни ният қилган бирорта ўзбекча сўзни учратмаслиги нақадар ачинарли ва уятли.

Битта мисол: интернет тармоғи орқали restoran.uz сайтига кириб, кўнгилочар жойлар номлари, манзили, ҳатто улардаги нархлар ҳақида ҳам маълумотга эга бўлишингиз мумкин. Ушбу сайтда битта Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатадиган бундай объектлардан 293та ресторан, 76та банкет заллари, 17та караоке, 331та кафе, 36та қаҳвахона номлари келтирилган. Дастлаб, ресторан номлари билан қизиқдик:   ZODA, QUYEENS, SARBON APPETIT, Мясной бар Grillades, Reddy’s Bar & Grill, Sushi Bar №1, Osiyo Elite, Salom, Aрбат, Chenson,  Xon Atlas – Family Restaurant, Amphora, Замок, Jumanji, China Town, Bek Catering, Positif, Verona, Prestige, Santini, Aist,Chikago Uno, Китай, Pasado, Gasthaus, Dudek, Alexandra, Ariana, Maestro Restaurant, Zafar (Европа таомлари) , Marakanda, April, Tokyo, Majeur, Actor, Maristella Klub, “Mulla Dost” (Mashxadiy Food Servise OOO) Ресторан,  El Gaucho, Biyer Regen, Midori, Olimpiya, “Behruz” (“Welcome Allianсe” OOO), Огни Ташкента, “Arisu Sarang” , Shohsaroy (“Nafis taom savdo” ЧФ)..... ресторан номлари  ушбу сайтнинг 3та саҳифасида келтирилган рўйхат тартиби бўйича келтирилди. Имло хатолари ҳам сақланди, рўйхатда ўзбек тилидан бошқа хоҳлаган тилдаги ресторан номларини топишингиз мумкин, фақат ўзбек тилида эмас! Истаган қизиқувчилар ушбу 293та рўйхат давомини охиригача кўриб чиқиши ва хулоса қилиши мумкин.

Юртимизда туризмнинг турли хиллари ривожланиб бормоқда, табиий, сайёҳларни юртимизга жалб қилишда ЎЗБЕК миллати қадриятларининг ўзига хослиги жозибадорлик касб этади.  Биз ота-боболаримиз бунёд қилган қадриятларга қўшимча ўзимиз бунёд қилган қайси қадриятимиз биланавлодлар олдида мақтанамиз? “Ассалому алайкум”дан ўз сафарини бошлаб, дунёга машҳур ўзбек таомларидан тановул қилиб кўрмоқчи бўлган сайёҳларни бу аҳволда қайси ўзбек таомхонасига таклиф қиламиз?  Энг ачинарлиси, сайтда юқорида номлари келтирилган  ресторанларнинг атиги 3тасида !!! ўзбек таомлари тайёрланиши, ва, у ҳам бўлса европа ва бошқа таом турларидан охирги рўйхатда турганлигига нима дейсиз!  Қани бизда миллий ғурур, давлат тилига ҳурмат-эътибор!

Президентимиз жорий йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги тантаналарида сўзлаган маърузаларида жамоат жойларида, кўчалар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилаётганлиги, бу масала жиддий ўрганиб чиқилиши ва тартибга солиниши зарурлиги ҳақида куюнчаклик билан гапирдилар. Ҳақиқатан ҳам, ушбу масала тилимиз келажагига бефарқ бўлмаётган ҳар бир инсоннинг кўнглидаги энг оғриқли масалалардан биридир.

Кейинги йилларда  республикамизда ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ  объектлари, корхона, муассаса, фирма, маҳсулотларга хориж тилларида ном қўйиш урфга айланиб бормоқда. Айниқса, кейинги уч-тўрт йил ичида ном яратишда инглизча ёки сўзларга мурожаат қилишга ружу қўйилмоқдаки, бунинг сабабларини турлича изоҳлаш мумкин.

Биринчидан,  ишлаб чиқариш, савдо объектлари, корхона, муассаса, фирма ўз номи ёки маҳсулотини хорижий тилда номлаш орқали истеъмолчилар эътиборини ўзига жалб қилишни кўзда тутган бўлиши мумкин.

Иккинчидан, хорижий ном орқали ишлаб чиқариш, корхона, фирма, савдо объектлари ўз маҳсулотини жаҳон бозорига олиб чиқишни назарда тутган деб тахмин қилиш мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, бизнинг назаримизда, ҳар бир давлатда ишлаб чиқариш, савдо объектлари, корхона, муассаса, фирма савдо объекти, маҳсулотга, аввало, шу давлатнинг миллий тилида ном берилиши мақсадга мувофиқ.  Номнинг бошқа тилларда берилиши, бир томондан, миллий тилимизга соя солиш, унинг қўлланиш доирасини чеклаш, софлигига путур етказишга олиб келса, бошқа томондан, кишиларда миллий тилга беписандлик кайфиятини ҳосил қилади.

Бугунги кунда республикамизда инглиз, рус тилларида ёки бу тиллар бирликлари иштирокида яратилиб, амалда қўлланилаётган  маҳсулот номлари ҳам кўпчиликни ташкил қилмоқда.

Хоҳлаган дўконга кириб, пештахталардан ўрин олган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ном остидаги маҳсулотларни бир назардан ўтказсак, аҳвол ҳақида хулоса қилиш қийин эмас. Бир қарашда булар шунчаки оддий масала бўлиб кўриниши мумкин. Шусиз ҳам муаммоларимиз етарли, бир томонда жаҳон пандемияси, иккинчи томонда техноген офатлар, улар келтириб чиқарган иқтисодий муаммоларни бартараф қилиш йўлидаги саъай-ҳаракатлар.... Номи қандай бўлса ҳам маҳсулотни ишлаб чиқарибди-ку, отасига раҳмат ўша тадбиркорларнинг дейишимиз мумкин. Лекин шуни унутмайликки, биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган энг буюк қадрият - она тилимизни бус-бутунлигича, бойликларига завол етказмасдан келажак авлодга етказишга масъулмиз.  Акс ҳолда,  она тилига нописанд муносабат давом этаверади. Келажак авлодимиз “Наша каша” ни ичиб катта бўлади, миллий эртак қаҳрамонимиз Зумрад қолиб Машага эргашади. Бениссимодан торт, Корзинкадан продукта, Гурман Бургердан ужин қилиб катта бўлган бир авлод бунёд бўлади...

 

Нима қилиш керак?

Ишлаб чиқариш, савдо объектлари, корхона, фирма, маҳсулотлар, унинг брендига ном қўйиш жараёнини енгиллаштириш, хал­қимизнинг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган тўқима номларнинг олдини олиш, янги номларнинг ўзбек адабий тили меъёрларига мос бўлишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъекти билан шуғулланувчи оммани номлаш (нейминг) технологияси асосларидан хабардор қилиш, уларга услубий кўрсатмалар бериш, савдо брендлари номларининг захирасини яратиш долзарб муаммолардан биридир.

Айни пайтда мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиб бораётганлигини ҳисобга олсак, бир-бирини такрорламайдиган, янги номларни топиш ҳам осон эмас, албатта. Мана шуларни инобатга олган ҳолда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги раҳнамолиги остида  ишлаб чиқариш, савдо объектлари, компания,  фирма, маҳсулотларга ном қўйиш жараёнини енгиллаштириш, хал­қимизнинг миллий анъаналари ва менталитетига ёт номлар берилишининг олдини олиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили ҳақида”ги Қонунига мос бўлишини таъминлаш бўйича услубий кўрсатмалар, номлар захирасини яратиш иши йўлга қўйилди. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва ва адабиёти университети ташаббуси билан “Ўзбекча номлаш лабораторияси” ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги томонидан мазкур масала ечимига бағишланган “Ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий асосларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа учун маблағ ажратилиб, ўзбек тилида номлар базасини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Интернет тармоғида барча тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар учун uznom.uz сайти фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу сайт орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи кишиларга фирма, корхоналари, савдо объектлари, ишлаб чиқарган маҳсулотлари учун миллий номлар тақдим этилади. Йўлга қўйилган мазкур хизмат тури орқали ном яратиш жараёнида ўзбек тили меъёрларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилади.

Албатта, юртимизда барпо қилинаётган янгидан янги тураржойлар, замонавий иншоотлар, ишлаб чиқариш корхоналарига миллий ғуруримиз бўлган она тилимиз меъёрларига мос ҳолда тўғри ном беришга юртдошларимиз ўзларини масъул деб билишса, миллий номлар ана шу ободликка янада ярашиқли бўлади. Бу ўз ишлаб чиқариши, савдо дўконлари, маиший хизмат объектлари, тиббий хизмат муассасалари, хусусий ўқув марказлари ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини йўлга қўяётган ҳар бир миллатдошимиз учун ҳаётий зарурат бўлиши билан бирга, ижтимоий бурч ҳамдир. 

 

МУЯССАР САПАРНИЯЗОВА, филология фанлари номзоди, доцент,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги

"Филология, психология ва педагогика" Илмий-техник кенгаш аъзоси