Янгиликлар

Иброҳим Асқаров – кимё соҳасида янги йўналишга асос солган олим

Илм-фан глобаллашуви шароитда фанлараро тадқиқотларнинг аҳамияти ҳам тобора ошиб бормоқда. Бир томондан илмий натижаларни экспертизага бериш масаласи бўлса, иккинчи томондан инсоният олдида турган масалаларни ҳал қилишни тизимли ўрганиш долзарблигича қолмоқда. Ўз навбатида иқтисодий, бошқарув қарорларини қабул қилишда амалий тавсияларга таъсир кўрсатувчи илмий ишлар шубҳасиз ўта муҳимдир.

Бугунги қаҳрамонимиз – Андижон давлат университети Табиий фанлар факультети кимё кафедраси профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи, Ўзбекистон Табобат академиясининг раиси Иброҳим Раҳмонович Асқаров томонидан амалга оширилган илмий ишлар ва уларнинг натижалари айнан мана шу мажмуавий муаммоларни ечишга қаратилгани унинг илмий ишлари натижаларида ўз исботини топмоқда. Андижон Давлат университети профессори, кимё фанлари доктори Иброҳим Асқаров ҳамда техника фанлари доктори, академик Тўхтапўлат Рисқиев янги “товарлар кимёси“йўналишини яратди. У кимё соҳасидаги янги фан — “товарлар кимёси” фанини ихтиро қилди. Фандаги бу йирик янгилик дунё бўйича тан олиниб, ҳозирда у амалда қўлланилмоқда.

2017 йилдан бошлаб ушбу фан “Товарлар кимёси” номи билан юритилиб, олиб борилган илмий тадқиқотлар учун кимё ва техника фанлари бўйича илмий даража ва илмий унвонлар берилади. Дунёда ноорганик кимё, аналитик кимё, органик кимё, физик кимё каби 19 та кимё фанлари мавжуд, уларнинг бари Европа ва Америка қитъалари мамлакатлари олимлари томонидан таклиф этилган. “Товарлар кимёси” фани халқаро миқёсда йигирманчи кимё фани бўлиб, Ўзбекистонда яратилгани алоҳида аҳамиятга эгадир.

Товарлар кимёси хориждан келадиган маҳсулотларнинг кимёвий хусусиятларини аниқлаш учун зарур. Товарларнинг кимёвий таркибини текшириш орқали божхона тўловининг тўғри миқдори аниқланади. Ушбу янги фанга Германия, Россия ва етакчи ўзбек олимлари юқори баҳо берганлар. “Товарлар кимёси” ихтисослиги бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар учун кимё ва техника фанларидан илмий даража ва илмий унвонлар берилади. “Товарлар кимёси” фани бўйича янги инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш бўйича халқ хўжалигига миллионлаб иқтисодий самара олинмоқда.

1949 йил 6 октябрда Андижон вилояти Хўжаобод туманида туғилган , кимё фанлари доктори, профессор Иброҳим Раҳмонович Асқаров ўз устида тинмай ишлайди. У ўқишдан, илм олишдан чарчамайди. 1965-1970 йилларда Андижон давлат педагогика институти (ҳозирги Андижон давлат университети) Кимё-биология факультетини тамомлаган. 1975-1987 йилларда Андижон давлат тиббиёт институтининг кимё кафедрасида ассистент, катта ўқитувчи, доцент, ўқув бўлими бошлиғи лавозимларида ишлади. 1987 йилдан 1993 йилгача Андижон давлат педагогика институти (ҳозирги Андижон давлат университети) кимё кафедрасининг мудири, кимё-биология факультети декани, Андижон давлат Университетининг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимларида ишлади. 1991 йил 18 апрелда докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Профессор Асқаровнинг бевосита раҳбарлиги билан ўзининг илмий ишларини ҳимоя қилган 21 нафар фан номзодлари, ва кимё ва техника фанлари бўйича фалсафа докторлари (PhD), 4 та фан доктори мамлакатимиз илм-фани ривожига салмоқли ҳиссаларини қўшмоқдалар. Шу билан бир қаторда у 2000 йилда ФарғонаДавлат университетини ҳуқуқшунослик факультетининг сиртқи бўлимини тамомлаган.

Профессор Иброҳим Асқаровнинг 7-, 8-, 9-синфлар учун “Кимё” фанидан дарсликлар ва ўқув методик қўлланмалари Осиё тараққиёт банки томонидан эълон қилинган танловларда ғолиб деб топилиб, бир неча миллион нусхада ўзбек, рус, қорақалпоқ, тожик, туркман, қирғиз ва қозоқ тилларида чоп этилгани, “Органик кимё” дарслиги “Кимё асослари”, “Кимёдан тест”, “Кимёвий билимлар сарчашмаси”, “Кимёдан масала ва машқлар ечиш”, “Ўзбекистонлик кимёгар олимлар”. “Товарлар кимёси”, “Табобат қомуси”каби 50 дан ортиқ ўқув адабиётлари мамлакатимизнинг кўплаб олий ўқув юртларида, умумтаълим мактабларида фойдаланиб келинмоқда.

С.А.Алимбаев ва И.Имомалиев билан ҳамкорликда профессор И.Р.Асқаров юридик фанлар тизимида янги фан – “Божхона ҳуқуқи” ихтисослигини таклиф этилганлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий атестатция комиссияси томонидан расмий рўйхатга олинганлиги И.Р.Асқаровнинг ҳуқуқшунослик соҳасида олиб борган кўп йиллик илмий изланишларининг маҳсулидир.

Профессор Аскаров 2017 йилда Ўзбекистон тиббий-илмий фаолият билан шуғулланувчилар “Табобат” академиясига асос солган. Академия ўз сафига 300 дан зиёд халқ табибларини бирлаштирган бўлиб, академиянинг раиси И.Р.Аскаровдир.

К.ф.д., проф. И.Р.Аскаров 2018 йилда т.ф.д., проф. Н.С.Мамасолиев билан ҳамкорликда тиббиёт фанлари тизимидаги янги “Халқ табобати” ихтисослигига асос солди. Ушбу ихтисослик халқаро миқёсда биринчи маротаба Ўзбекистонда расмий рўйхатга олиниб, олиб борилган тадқиқотларга кимё, фармацевтика ва тиббиёт фанлари бўйича илмий даража хамда илмий унвонлар берилмоқда.

2019 йили проф. И.Р. Асқаровнингн “Табобат қомуси” китоблари чоп этилди. Профессор ўзбек халқ табобати оламида яратган “Олтин водий”, “Астош”, “Аскальций”, “Асшифо”, “Асдаво”, “Шифои Мархабохон”, “Мажмуи Рахмоний”, “Шифои даво”, “Аснасл”, “Асбола”, “Сирол” каби 20 дан ортиқ янги озиқ-овқат қўшилмалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий рухсати билан Ўзстандарт агентлигида рўйхатга олиниб, 2015 йилда амалиётга жорий этилган. Шогирдлари билан ҳамкорликда бир қатор пахтачилик ва ғаллачилик учун янги биостимуляторлар ихтиро қилиб, амалиётга жорий этган. И.Р.Асқаров бош мия ўсмаси, қандли диабет, бел чурраси, фарзандсизлик, псориаз касалликларини халқ табобати услублари бўйича даволаш услубларини ишлаб чиққан.

Профессор И.Р.Асқаров 800 дан ортиқ илмий ишлар эълон қилган бўлиб, шулардан 30 га яқини ихтиролар ва патентлар, 7 та дарслик, 50 дан ортиқ монографиялар ва ўқув қўлланмалардир.

Профессор И.Р.Асқаров университетнинг жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Ҳозиргача университетнинг илмий кенгаши ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳузуридаги ОАКнинг кимё фанлари бўйича эксперти, хамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирликларининг 2015 йил 28 сентябрдаги қарорига биноан кимё фанлари бўйича илмий методик кенгаш аъзоси сифатида фаолият олиб бормоқда.

2019 йилдан бошлаб ЎзР ВМ ҳузуридаги ОАКнинг кимё ва фармацевтика фанлари бўйича эксперт кенгаш раиси лавозимида ишлаб келмоқда. Профессор Асқаров жонкуяр мураббий, юқори илмий ва педагогик салоҳият ва малакага эга олим сифатида университетда талабалар ва профессор ўқитувчилар орасида катта ҳурмат ва эътиборга эга.

1992 йил Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор фахрий унвони берилган, 2020 йил Халқаро Бобур мукофоти билан тақдирланган.