Янгиликлар

Коронавирус ҳақида билимларни тест синовидан ўтказиб, QR-кодли сертификатга эга бўлиш мумкин

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутахассислари ҳамкорлигида, шунингдек “Shohruh dastur hosting” МЧЖ иштирокида COVID-19 коронавируси бўйича e-sertifikat.uz доменида онлайн тест дастурий таъминоти ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси санитария қоидалари, меъёрлари ва гигиеник нормативлари бўйича ишлаб чиқилган тест саволлари барча касб эгалари учун тузилган бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад фуқаролар касаллик ҳақида кўп маълумотга эга бўлиши, санитар маданиятини ошириши ҳамда ўзининг ва оиласи соғлиғи учун жавобгарликни ҳис қилиши, касалликнинг қайта тарқалиб кетишининг олдини олиш.
Бунда тест синовларидан муваффақиятли ўтган фуқаролар QR-кодли сертификатга эга бўлади.
Юртимизда COVID-19 коронавируси бўйича карантин чораларининг юмшатилиши натижасида бир қанча соҳаларнинг фаолияти қайта тикланди. Бу эса ўз навбатида мулоқотда бўладиган аҳоли сонининг кўпайишига олиб келмоқда. Натижада фуқароларимиз томонидан коронавирус бўйича санитар қоида ва нормалар талабларини билмаслиги ва амал қилмаслиги оқибатида ўзаро ижтимоий масофасиз алоқага киришишига ҳамда коронавирус касаллигининг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
Юзага келиши мумкин бўлган ушбу вазиятни олдини олиш ҳамда зарарланиш ҳолатини камайтириш мақсадида ўз касбий фаолиятини иш жойида давом эттиришни бошлаган ва бошлаётган ходимларни мехнат фаолиятига алоқадор COVID-19 коронавируси бўйича санитар қоида ва нормаларни билиши ва кўникмаси бўйича имтихондан ўтказиш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бунда фуқаролар ушбу касаллик ҳақида кўп маълумотга эга бўлиб, санитар маданиятини ошириши ҳамда ўзининг ва оиласи соғлиғи учун жавобгарликни ҳис қилади ва касалликнинг қайта тарқалиб кетишининг олди олинади.
Ҳозирги кунда фуқаролар томонидан ижтимоий масофа сақлаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўлақонли фойдаланиш, ўзаро мулоқотни чеклаш, антисептиклардан доимий фойдаланиш каби тартиб-қоидаларни қўпол равишда бузилиши аниқланмоқда. Карантин жорий этилгандан 27 апрелгача бўлган муддатда юртимизда тиббий ниқобсиз ҳаракатланган карантин режимини бузган, санитария қоидаларига риоя қилмаган 71 мингдан ортиқ фуқаролар аниқланиб уларга тегишли чоралар кўрилган. Бундан ташқари жорий йилнинг 9 май куни карантин тартиб-қоидаларига амал қилмаслик бўйича 79 та ҳолатлар аниқланган. Ачинарлиси шундаки, 79 та ҳолатнинг барчаси тиббий ниқоб тақмасдан юрган фуқароларимиздир.
Айни кунларда тест синовларининг мобил иловасини яратиш устида ишлар олиб борилмоқда ҳамда кейинчалик фуқаролар мобил иловани юклаб олиш орқали тест синовларини топшириш имкониятига эга бўлади. Тест синовларининг жорий этилиши Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ҳам ижобий баҳоланди.