Янгиликлар

2020 йилга докторантурага қабул якунланди

2020 йил учун таянч докторантура ва докторантурага ўқишга қабул қилиш жараёнлари якунланди. 2020 йил учун жами 31 та вазирлик ва идораларга жами 1542 та квота (шундан 1426 таси PhD, 118 таси DcS) ажратилди. Квоталарнинг 73 фоизи олий таълим муассасаларига, 27 фоизи илмий ташкилотларга тақсимланди.

Жорий йилда жами 4200 нафар талабгор ҳужжат топширган. Шундан 2581 таси докторантурага (2367-PhD, 214-DSc) ҳужжат топширган, яъни танлов 1 ўринга 2 нафардан тўғри келади.

Қабул квоталари 2019 йилдаги квоталарга нисбатан 423 тага (38 фоизга) кўпдир. Квоталарни оширилиши баробарида докторантура фаолияти билан шуғулланувчи вазирлик ва идораларнинг географияси ҳам кенгайди. Бу йил биринчи маротаба Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфидаги ташкилотларга ҳам квоталар ажратилди.

Шунингдек, бу йил биринчи маротаба олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими автоматлаштирилган электрон дастур асосида амалга оширилди. Бунинг учун http://phd.mininnovation.uz сайти яратилди ва докторантураси мавжуд 32 та вазирлик ва идоралардан ҳамда улар тасарруфидаги жами 156 та олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот муассасаларидан ҳужжатлар айланмаси электрон шаклда амалга оширилди.

Мазкур электрон тизимни ишга туширилиши олий таълимдан кейинги таълим институтига ўқишга ҳужжат топширувчи талабгорларнинг вақтини тежаш, ортиқча оворагарчилик ва бюрократиянинг олдини олиш, шаффофликни таъминлаш, квота шакллантириш жараёнини тезлаштириш ҳамда ортиқча қоғоз сарфланишига чек қўйиш имконини яратди.

Ушбу ишларни давом эттириш мақсадида электрон тизимга кейинги йилдан изланувчиларнинг шахсий иш режаларини киритиш ва уларни мониторинг қилиш модулини жорий этишни режалаштирилган. Бу модуль орқали таълим ва илмий ташкилотда докторантура тизимининг самарадорлиги баҳоланади.