Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид  давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий лойиҳаларга қанча молиявий маблағлар ажратилди?  

Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида” 2019 йил 29 октябрдаги ЎРҚ-576-сон Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий фаолиятга оид давлат дастурлари, илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ва уларнинг ижросини назорат қилади, илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилишини мувофиқлаштиради, шунингдек илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги лойиҳалар танловини ўтказади ва уларни молиялаштиради.

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида” 2017 йил 29 ноябрдаги ПФ-5264-сон Фармонига асосан илмий-тадқиқот, таълим ва бошқа муассасалар томонидан амалга ошириладиган давлат илмий-техникавий дастурлари ва лойиҳаларининг ягона буюртмачиси ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, илм-фан соҳасига ажратилган молиялаштириш бугунги кунда ЯИМ га нисбатан 0,2 фоизни ташкил этади. Ушбу кўрсаткич жаҳон бўйича ўртача 1,7 фоизга тенг, хусусан Хитойда 2008 йилдаги 1,4 фоиздан 2,14 фоизгача, Корея Республикасида 3,1 фоиздан 4,5 фоизгача ошган.

 

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган илмий лойиҳаларни молиялаштириш.

Илмий-техник дастурларни шакллантиришнинг эски тизими тубдан ислоҳ қилиниб, илм-фанга оид давлат дастурлари учун давлат буюртмаси тизими жорий қилиниб, аниқ маҳсулот яратишга қаратилган тематик грант танловлари мунтазам ташкил қилинишига ва маблағларни мақсадли сарфланишига ҳамда халқаро ҳамкорликларни кенгайтирилишига эришилди.

2019 йилдан якуний маҳсулот ва натижага йўналтирилган молиялаштириш тизими жорий қилинди. Давлат буюртмаси асосида мунтазам танловларни ўтказиш орқали аниқ тематик лойиҳаларни бажариш амалиёти жорий этилди. 475 та тармоқ эҳтиёжлари асосида, 2019 йилда 187 та долзарб тематик лойиҳаларга давлат буюртмаси танловлари эълон қилинди, танловга келиб тушган 766 та (бир лойиҳа буюртмасига ўртача 4 та лойиҳа) 147 та лойиҳага 117,2 млрд. сўм маблағ ажратилди. Натижада рақобат муҳити шаклланди, доимий грант маблағларини олиш имкони яратилди, бир лойиҳани молиялаштириш 3,5 баробарга ошди ҳамда маблағларнинг камида 40 фоизи (37 млрд.сўм) зарур асбоб-ускуналар, реагент ва материаллар сотиб олишга йўналтирилди.

Ҳозирги кунда (2020 йил 15 май ҳолатига) илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 407,4 млрд сўмлик 1253 та илмий лойиҳалар бажарилмоқда. Хусусан, умумий қиймати 78,8 млрд сўмлик 352 та фундаментал лойиҳалар, 281,7 млрд сўмлик 824 та амалий лойиҳалар, 29,8 млрд сўмлик 45 та инновацион лойиҳалар, 10,1 млрд сўмлик 9 та мақсадли лойиҳалар ҳамда 6,2 млрд сўмлик 23 та Ҳалқаро ҳамкорликдаги лойиҳалар («Ўзбекистон-Белорус», «Ўзбекистон-Туркия», «Ўзбекистан-Германия») амалга оширилмоқда.

 

Ҳалқаро ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни молиялаштириш

Хорижий мамлакатлар билан қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш қўламини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Халқаро илмий ҳамкорликлар доирасида Германия, Россия ва Беларуссия билан жами 5,2 млрд. сўмлик 23 та қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Евроосий ҳамжамияти, Туркия, Хитой ва Хиндистон давлатлари билан қўшма лойиҳаларга танловлар ташкил қилинди. Хусусан:

«Ўзбекистон-Беларус» – умумий қиймати 4,4 млрд сўмлик 15 та;

«Ўзбекистон-Туркия» – умумий қиймати 1,0 млрд сўмлик 2 та;

«Ўзбекистан-Германия» – умумий қиймати 791,6 млн сўмлик 6 та

 

Ҳудудларда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида илмий лойиҳаларни бажариш ҳолати.

Юқорида таъкидланганидек, 2020 йилнинг 15 май ҳолатига илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий молиялаштириш ҳажми 407,4 млрд. сўмлик 1253 та илмий лойиҳалар бажарилмоқда. Бажарилаётган 1253 та илмий лойиҳаларнинг 75,1 фоизи ёки 960 таси  Тошкент шаҳридаги илмий ташкилотлар улушига тўғри келади.

Қолган 318 таси (24,8 %) республиканинг бошқа ҳудудларидаги илмий муассасалар томонидан бажарилмоқда, шундан:

Қорақалпоғистон Республикаси – 23 та (1,8 %);

Aндижон вилояти – 14 та (1,1 %);

Бухоро вилояти – 12 та (0,9 %);

Жиззах вилояти – 5 та (0,4 %);

Навоий вилояти – 9 та (0,7 %);

Наманган вилояти – 12 та (0,9 %);

Қашқадарё вилояти – 16 та (1,2 %);

Самарқанд вилояти – 51 та (4,0 %);

Сирдарё вилояти – 1 та (0,08 %);

Сурхондарё вилояти – 6 та (0,5 %);

Тошкент вилояти – 147 та (11,5 %);

Фарғона вилояти – 10 та (0,8 %),

Хоразм вилояти – 12 та (0,9 %) ташкил этади.

 

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида молиялаштирилган илмий лойиҳаларнинг вазирлик ва идоралар кесимида таҳлили.

Ҳозирги кунда:

Фанлар академияси томонидан 119,6 млрд. сўмлик 312 та, шу жумладан янги механизм бўйича 25,2 млрд. сўмлик 45 та лойиҳа;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 72,7 млрд. сўмлик 311 та, шу жумладан янги механизм бўйича 22,8 млрд. сўмлик 51 та лойиҳа;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 53,7 млрд. сўмлик 145 та, шу жумладан янги механизм бўйича 10,2 млрд. сўмлик 15 та лойиҳа;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 31,1 млрд. сўмлик 110 та, шу жумладан янги механизм бўйича 6,0 млрд. сўмлик 10 та лойиҳа;

Ахборот технологиялари ва коммуникатцияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 10,9 млрд. сўмлик 33 та, шу жумладан янги механизм бўйича 5,2 млрд. сўмлик 8 та лойиҳа;

Бошқа ташкилотлар томонидан 154,6 млрд. сўмлик 367 та, шу жумладан янги механизм бўйича 78,8 млрд. сўмлик 87 та лойиҳалар бажарилмоқда.

 

Стартап лойиҳаларни молиялаштириш ҳолати.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги ПҚ-3698-сон қарорига асосан Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, «стартап» лойиҳаларини ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун 50 млрд. сўм бюджет маблағлари ажратилди.

Илк бор стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакиллантирилиб, умумий қиймати 31,5 млрд. сўмлик 34 та стартап лойиҳалар молиялаштирилди ва рақобатбардош янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ташкил этилди. Ўзбекистондаги илк илмий лойиҳалар акселератори - C.A.T. Science Accelerator ташкил этилди, “Сколково” (Россия) инновацион маркази доирасида ўзбекистонлик 25 та стартап ташаббускорларининг “Софтлендинг” дастурида иштироки таъминланди.

 

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида молиялаштирилган илмий лойиҳалар мониторинги натижалари.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан грантлар асосида амалга оширилаётган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар бўйича давлат илмий-техник дастурларининг тизимли мониторингини, шу асосда мақсадсиз ишлатилаётган грант маблағларини бошқа истиқболли ва талаб юқори бўлган мавзуга оид лойиҳаларни амалга ошириш учун қайта йўналтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинди.

2019 йил мониторинг натижасига кўра 60 та илмий лойиҳа молиялаштиришдан тўхтатилди. Шундан 35 та илмий лойиҳанинг маблағлари ташкилотларнинг натижадор истиқболли лойиҳаларига йўналтирилди.
2020 йил молиялаштирилиши тухтатилган лойихалар хисобидан 8 та янги истикболли лойихаларни молиялаштириш амалга оширилди.

а) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари бўйича:

2019 йил якунлари бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида бажарилаётган умумий қиймати 1,95 млрд сўмлик жами 16 та лойиҳалар (4 та фундаментал, 12 та амалий) фан йўналишлари бўйича тегишли Илмий-техник кенгашларнинг ушбу лойиҳаларнинг йиллик ҳисоботлари экспертизаси натижалари бўйича йиғилиш баёнлари билан тасдиқланган хулосалари ва Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатининг 2019 йил 21 декабрдаги
20-сон баёни қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб молиялаштирилиши тўхтатилган.

Молиялаштирилиши тўхтатилган 16 та лойиҳа учун 2019 йилда давлат бюджетидан жами 1,95 млрд сўм (ҳар бир лойиҳага ўртача 122,3 млн сўм) маблағ сарфланган бўлишига қарамасдан 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида:

16 та лойиҳада ижрочи сифатида қатнашган жами 110 нафар олим ва мутахассислар томонидан атига 16 та илмий мақола чоп этилган, холос, яъни 1 нафар олим томонидан ўртача 0,1 та мақола нашр этилган ёки ўртача 7 нафар олим бир бўлиб, биргаликда бор йўғи 1 тадан мақола чиқарган;

62,5 фоиз (10 та) лойиҳалар бўйича эса умуман илмий мақола чоп этилмаган (мисол учун: ОТ-А-ҚХ-2018-471 шифрли амалий лойиҳада 15 та ижрочи томонидан лойиҳа бажарилган бўлишига қарамасдан бирорта ҳам илмий мақола чоп этилмаган);

молиялаштирилиши тўхтатилган лойиҳалар бўйича ҳисобот даврида бирорта ҳам ҳуқуқий муҳофаза қилинган хужжатлар - патент, патентлашга буюртмалар, дастурий маҳсулот ёки гувоҳномалар олинмаган.

Ижрочилари сони 412 нафар олим ва мутахассислардан иборат умумий қиймати 15,6 млрд сўмлик 62 та лойиҳа бўйича ҳам 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида бирорта ҳам илмий мақола нашр этилмаган.

Айниқса, асосий мақсади назарий тадқиқотларни амалга ошириш, ҳодиса ва жараёнларни илмий тадқиқ этиш ҳисобланган ҳамда ижрочилари сони 152 нафар олим ва мутахассислардан иборат умумий қиймати 2,5 млрд сўмлик 23 та фундаментал лойиҳа бўйича ҳам на бирорта илмий мақола ёки монография чоп этилмаган.

б) Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари бўйича:

2019 йил якунлари бўйича Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларида бажарилаётган умумий қиймати 3,56 млрд сўмлик жами 13 та лойиҳалар (7 та фундаментал, 6 та амалий) фан йўналишлари бўйича тегишли Илмий-техник кенгашларнинг ушбу лойиҳаларнинг йиллик ҳисоботлари экспертизаси натижалари бўйича йиғилиш баёнлари билан тасдиқланган хулосалари ва Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатининг 2019 йил 21 декабрдаги 20-сон баёни қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб молиялаштирилиши тўхтатилган.

2019 йил якунлари бўйича молиялаштирилиши тўхтатилган жами лойиҳаларнинг 21,6 фоизи Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларига тегишли.

Молиялаштирилиши тўхтатилган 13 та лойиҳалар бўйича ҳисобот даврида бирорта ҳам ҳуқуқий муҳофаза қилинган хужжатлар - патент, патентлашга буюртмалар, дастурий маҳсулот ёки гувоҳномалар олинмаган.

2019 йилда 322 та лойиҳа учун Давлат бюджетидан жами 81,4 млрд сўм (ҳар бир лойиҳага ўртача 252,7 млн сўм) маблағ сарфланган бўлишига қарамасдан 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида:

140 та лойиҳада ижрочи сифатида қатнашган жами 1074 нафар олим ва мутахассислар томонидан атига 210 та илмий мақола чоп этилган холос, яъни 1 нафар олим томонидан ўртача 0,2 та мақола нашр этилган ёки ўртача 6 нафар олим бир бўлиб, биргаликда бор йўғи 1 тадан мақола чиқарган;

ижрочилари сони 444 нафар олим ва мутахассислардан иборат умумий қиймати 11,9 млрд сўмлик 46 та лойиҳа бўйича ҳам 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида бирорта ҳам илмий мақола нашр этилмаган.

Айниқса, асосий мақсади назарий тадқиқотларни амалга ошириш, ҳодиса ва жараёнларни илмий тадқиқ этиш ҳисобланган ҳамда ижрочилари сони 134 нафар олим ва мутахассислардан иборат умумий қиймати 3,0 млрд сўмлик 13 та фундаментал лойиҳа бўйича ҳам на бирорта илмий мақола ёки монография чоп этилмаган.

в) Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари бўйича.

2019 йил якунлари бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида бажарилаётган умумий қиймати 1,1 млрд сўмлик жами 5 та лойиҳалар (1 та фундаментал, 4 та амалий) фан йўналишлари бўйича тегишли Илмий-техник кенгашларнинг ушбу лойиҳаларнинг йиллик ҳисоботлари экспертизаси натижалари бўйича йиғилиш баёнлари билан тасдиқланган хулосалари ва Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатининг 2019 йил 21 декабрдаги 20-сон баёни қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб молиялаштирилиши тўхтатилган.

2019 йил якунлари бўйича молиялаштирилиши тўхтатилган жами лойиҳаларнинг 8,3 фоизи Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига тегишли;

Молиялаштирилиши тўхтатилган лойиҳалар бўйича ҳисобот даврида бирорта ҳам ҳуқуқий муҳофаза қилинган хужжатлар - патент, патентлашга буюртмалар, дастурий маҳсулот ёки гувоҳномалар олинмаган.

2019 йилда 140 та лойиҳа учун давлат бюджетидан жами 33,7 млрд сўм (ҳар бир лойиҳага ўртача 240,6 млн сўм) маблағ сарфланган бўлишига қарамасдан 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида:

106 та лойиҳада ижрочи сифатида қатнашган жами 780 нафар олим ва мутахассислар томонидан атига 238 та илмий мақола чоп этилган холос, яъни 1 нафар олим томонидан ўртача 0,3 та мақола нашр этилган ёки ўртача 4 нафар олим бир бўлиб, биргаликда бор йўғи 1 тадан мақола чиқарган;

ижрочилари сони 146 нафар олим ва мутахассислардан иборат умумий қиймати 4,3 млрд сўмлик 20 та лойиҳа бўйича ҳам 2019 йилнинг биринчи ярим йиллиги мобайнида бирорта ҳам илмий мақола нашр этилмаган.

Айниқса, асосий мақсади назарий тадқиқотларни амалга ошириш, ҳодиса ва жараёнларни илмий тадқиқ этиш ҳисобланган ҳамда ижрочилари сони 31 нафар олим ва мутахассислардан иборат умумий қиймати 0,9 млрд сўмлик 5 та фундаментал лойиҳа бўйича ҳам на бирорта илмий мақола ёки монография чоп этилмаган.

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги 

Ахборот хизмати