Янгиликлар

ОНА ТИЛИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ – ВАТАННИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

«Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган

 эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она ватанга

эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни

ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб ҳаракатни

барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз,

она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат,

Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак».

Ш.М. Мирзиёев

(Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги тарихий нутқдан)

 

Тил шахс ва жамият салоҳияти ҳамда маданияти савиясининг ўзига хос белгисидир. Бундан 30 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши чиндан ҳам улуғ ва тарихий воқеа бўлган эди. Маърифатпарвар адиб Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак – миллатнинг руҳини йўқотмакдур” деган ҳикматли сўзлари юртнинг истиқболи тилда эканлигини чиройли исботлайди. Дарҳақиқат, тилидан айрилган халқнинг маънавий  Ватани бўлмаслиги муқаррар. Миллатнинг юзи, юртнинг истиқболи тилда, унга бўлган ҳурматда ўз аксини топади.

Тўғри, ўзбек тили қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Она тилимиз  чиндан ҳам расмий тил бўлди, жонли жараён сифатида қаддини тиклай олиши учун,  ривожланиши учун ҳукуматимиз томонидан қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 13 майдаги ПФ-4997-сон  «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигини  нишонлаш борасида 2019 йил 4 октябрдаги Қарори, 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармони  ва  2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида белгиланган вазифалар давлат тилининг  ривожланишига кенг йўл очиб берди.

Бугун  ўзбек тилининг бор бўй-бастини, бойлигини кўрсатиш ва келажак авлоднинг ундан тўла баҳраманд бўлиши учун изоҳли ва имло луғатлари, умумий ўрта таълим ўқувчилари учун алоҳида турли номларда луғатларнинг яратилиши тилимизга бўлган эҳтиромнинг ёрқин намунаси саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида «Глобаллашув шароитида миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлигини ошириш, турли соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланишини таъминлаш долзарб вазифа бўлиб турибди. Яна бир муҳим вазифа фундаментал тадқиқотлар, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция,  дипломатия,  тиббиёт ва бошқа тармоқларда давлат тилини тўлақонли қўллаш билан боғлиқ» деб таъкидлаб ўтган эди.

Шундай муҳим ва хайрли  ишларга қўл урилаётган бир пайтда она тилимиз камолига ғов бўлаётган, унинг файзли ва мусаффо муҳитини бузишга қаратилган иллатларнинг мавжудлиги кишини хавотирга солади. 2020 йил апрель ойида Адлия вазирлиги томонидан давлат тилида иш юритишни тўла таъминлаш мақсадида мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлигидан барча хабардор. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддаси “Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий маош миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” жумласи билан тўлдирилди. Мазкур лойиҳа ўзбек тили тақдирига бефарқ бўлмаган зиёлилар ва жамоатчилик томонидан якдиллик билан қарши олинди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг айрим моддаларига тўлдиришлар киритиш борасида ҳам мулоҳазалар билдирилди.

Россия ТИВ расмийси Мария Захарованинг Ўзбекистонда бу қонун лойиҳаси тарафдорлари озчиликни ташкил этиши, рус тилининг расмий мулоқотда сақланиб қолиши кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига мос келиши хусусида билдирган фикрлари кишини ўйлантириб қўяди. Халқимизда момоларимиз бундай ҳаракатни “Тегмаганга тегиш, тинч ўтирганни уйини бузиш, икки дўстни ўртасига қора ботир бўлиш, кўролмайдиган қўшнининг иши” деган иборалар билан таърифлаганлар. Дунё пандемиядан ларзага келиб турган бир таҳликали вақтда ҳамма иши қолиб Мария хоним Захаровага ўзбек тилининг мавқеи қизиқ бўлиб қолганига кулишни ҳам, йиғлашни ҳам, хафа бўлишни ҳам билмайсиз.  Чамамда, ўзбек тилининг мақеини яна ҳам мустаҳкамланишини кўриб, нега рус тили Россияда шундай эъзозланмаяпти деган ҳаёли уни хавотирга соляпти ёки “Мантиқ” фанидан ёмон баҳо олганлиги энди ўз таъсири кўрсатяпти десак муболаға бўлмайди. Мария Захарова ижтимоий тармоқдаги нари борса элликка яқин фикр билдирувчи билан ўзбек халқининг сон саноғини “ҳисоблаб чиққани” таажжубга сабаб бўлади. Ундан ташқари, Россия ташқи алоқалар уйи аъёнлари ўз ходимининг бебошлиги бўйича ҳам жим ўтириши ўзбошимчаликнинг оқибати нималарга олиб келиши мумкинлигига бефарқ эканлигини кўрсатмоқда.

 Лекин бундай тасаввурнинг пайдо бўлишига нималар сабаб бўлди? Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили ҳисобланади ва давлат органлари ишининг давлат тилида юритилиши қонун талаби эканлигидан ҳаммага аён.  “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 10-моддасида “Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларнинг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда, бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин” деб белгилаб қўйилганлиги рус тилининг ўзбек тили билан муқобил алоқа тили сифатида қўлланилишига йўл очиб берган бўлса ажаб эмас.  Қолаверса, қонунда келтирилган “Ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда, бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин” жумласи ўзбек миллатига мансуб русийзабон ватандошларимизга қўл келган.

Қадимдан сайқалланиб келган, аждодлардан мерос бўлиб  қолаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни  қай даражада авайладик, асрадик, қўриқладик? Афсуски, бунга ҳамиша ҳам ижобий жавоб қайтара олмаймиз. Авайлаганимизда, унинг софлигини сақлаганимизда, ҳақиқий ворислари бўлганимизда ижтимоий тармоқларда бугунгидай асоссиз маломат тошлари отилмаган бўларди. Қонуннинг айрим талабларини тўлақонли бажарганимизда бундай дашномларга дуч келмас эдик. 

Бизнингча,  “рус тили расмий мулоқотда сақланиб қолмоқда” деб айтилган фикрлар ўзбек тили мавқеини, нуфузини камситишдан бошқа нарса эмас. Зеро, ўтмиши минг йилларга тенг ўзбек тилини ижодкорлар, тилшунослар, қалам аҳли асрлар давомида шарафлаб келишган. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий ўз даврида қарийб “ўлик” тиллар сафидан жой олган эски туркий тилга “жон” ато этди.  XX аср бошларида маърифатпарвар зиёлилар Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудийлар ўзбек тилини такомиллаштириш мақсадида дарсликлар, мақолалар ёзишди, ўша даврда ижтимоий буюртма бўлган халқ саводхонлигини кўтариш мақсадида таҳсинга сазовор фаолият олиб боришди.

Бугун ҳам бу жараён тўхтагани йўқ. Вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ходимларининг “Давлат тилида иш юритиш асослари” бўйича малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими жорий этилди; республика тилшунос олимлари томонидан фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, ҳарбий ва шу каби соҳаларда ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтиришга доир тавсия ва кўрсатмалар ишлаб чиқилди;  замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар нашр этишга, атамаларнинг электрон луғати ва мобил иловаларини яратиш ишларига аҳамият қаратилмоқда; Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида «Ўзбекча ном яратиш” (нейминг) лабораторияси ташкил этилди.

Тилнинг ҳам ижодкори, ҳам истеъмолчиси бўлган халқ ўз лисонини асло беэътибор қолдирмаслиги лозим. Соф ўзбек тилида мулоқот қилиш миллат тилига бўлган ҳурмат нишонаси саналади. Тилнинг миллий жозибасини оширувчи қудрат қонун эмас, балки халқнинг ўзидир. Чунки муайян тилда ҳеч ким гапирмай қўйса, у ижтимоий муносабатлар жараёнига татбиқ этилмаса, ўз жозибасини йўқотади.  Бир сўз билан айтганда, тил миллатнинг маънавий-руҳий бойлиги, мулки экан, уни эъзозлаш, юксалиши, софлиги, бойлиги йўлида курашиш, миллий қадрият даражасига кўтариш барчамизнинг олий бурчимиздир.

Юртбошимизнинг "Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъий назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади. Мен мард ва матонатли, меҳр-оқибатли халқимизнинг ақл-заковатига, унинг метин иродаси ва қатъиятига тўла ишонаман", деб билдирган ишончини оқлаб, айтилган шу фикрларга муносиб жавоб қайтаришимиз зарур. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини янада ошириш ҳақида бош қотиришимиз, бу йўлда собитқадамлик билан амалий ишлар қилишимиз лозим.

Меҳринисо Абузалова,

"Филология, психология, педагогика фанлари"

бўйича илмий-техник кенгаши аъзоси,

БухДУ Ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори,

филология фанлари доктори