Янгиликлар

ҲАҚ ОЛИНУР, БЕРИЛМАЙДУР!

Кўп асрлик маданий-маънавий бойлигимиз бўлмиш она тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузини орттиришга, илм-фан, маданият ва маърифат, бадиий ижодга бўлган эътибор −  мамлакатимизда ҳукм сураётган кенг миқёсли туб янгиланишларнинг муҳим жиҳатларидан бири. Бундай тамойиллар замонавий дунёдаги кўп қиррали муносабатларни фойдали манфаатлар ва тенг ҳуқуқлилик негизида ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу борада давлатимиз азалий юксак ахлоқ ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган ҳолда сиёсат олиб бормоқда.

Бироқ, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарованинг куни кеча ўтказилган брифингда айтган сўзларини давлатлараро ва дипломатик одоб қоидаларига сира мос келмайдиган бир чиқиш деб баҳоласак хато қилмаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили 21 октябрида имзолаган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини мамлакат жамоатчилиги катта қувонч билан кутиб олди. Ушбу фармон ижросини таъминлаш учун Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди ва “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳукумат қарори қабул қилинди. Бутун мамлакат бўйлаб она тилимизнинг софлигини асраш, унинг давлат тили сифатидаги нуфузини орттириш йўлида кенг миқёсли ишлар бошлаб юборилди. Мамлакат президенти “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Айни шу кунларда Олий мажлисимизда яна бир хайрли иш – “Ўзбек тили тўғрисида”ги қонуннинг янги, замонавий таҳрири муҳокамаси бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Давлат тилининг софлиги, нуфузи ва истиқболи ҳақида шундай хайрли ишлар амалга оширилаётган бир пайтда, Россия Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходими билдирган мулоҳазалар ҳақиқатга тўғри келмаслиги билан бир қаторда, асоссизлиги билан ҳам тушунмовчилик уйғотади. Вазирлик ходими Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳасига тўхталиб «Биз ушбу қонун лойиҳаси бўйича ОАВда давом этаётган мунозараларга эътибор қаратдик. Шундай таассурот уйғоняптики, ҳозирча ушбу қонун лойиҳаси тарафдорлари яққол озчиликни ташкил этади. Билдирилаётган фикрларнинг аксарияти рус тилининг расмий мулоқотда сақланиб қолиши муносабатларимизнинг тарихий руҳи ва замонавий сифатига, энг асосийси — кўпинча Россияда ўқиш ёки ишлаш учун танлов қилаётган кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига тўла мос келишини кўрсатмоқда», деб айтибди. Эътибор қилинса, шу бир неча жумлада қанчадан-қанча тагмаъно бор. Дипломатик хизмат масъул ходими ўз тили хусусида шунча жон куйдираётган экан, бу ишнинг яна бир жиҳатини – ўзбек халқи она тили учун янада кўпроқ жон куйдиришини, бироқ, ўз ўй-мулоҳазаларини билдиришда боя айтиб ўтилганидек, ўзаро ҳурмат ва чуқур мулоҳазага таяниш фазилатини намоён қилаётганини унутган кўринади.

Ўзбек халқи учун ватани қанчалар севимли бўлса, она тили ҳам шунчалар муқаддас. Ўз давлат тилида иш юритиши эса унинг қонуний ҳаққидир. Ватанпарвар боболаримиздан Маҳмудхўжа Беҳбудий бундан юз йил аввал “Улуғ Туркистон” газетасида босилган “Баёни ҳақиқат” мақоласини “Ҳақ олинур, берилмайдур” деган  сўзлар билан бошлаган эди. Унда муаллиф замона аҳлини қўлни қўлга бериб, бирлашишга чақирган, “Бир даста таёқни бирга боғласангиз, кимса синдиролмас. Агарда ажратсангиз, бир-бирин ҳар ким синдирар” деб таъкидлаган эди. Тинчлик-ҳамжиҳатлик, аҳиллик ҳар қачонгидан ҳам долзарблашиб бораётган ҳозирги кунимизда ҳам бу сўзлар огоҳликка даъват бўла олади.

Олдимизда эса, ўзбек тилини халқаро мулоқот тили даражасига юксалтириш каби эзгу мақсадлар турибди. Ўзбекистон бағрида ҳаёт кечириб, шу юрт неъматларидан баҳраманд бўлаётган, шу юрт қонунлари бахш этган ҳақ-ҳуқуқлардан тўла фойдаланаётган, шу юрт фуқаролари ҳисобланадиган барча юртдошларимиз, миллатидан қатъий назар, давлат тилимизнинг нуфузини оширишга ҳисса қўшишлари давр талабидир. Халқимиз айтганидек, “Лойқалар оқар-кетар, ўрнида боғлар қолар”. Ушбу ҳикматли сўзларда кўп асрлик ҳаёт хулосалари жамлангани айни ҳақиқат.

 

Исажон СУЛТОН,

Инновацион ривожланиш вазирининг

маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш

масалалари бўйича маслаҳатчиси