Янгиликлар

COVID-19 да офталмологик белгиларнинг намоён бўлиши

COVID-19 эпидемияси Ухан шахрида (Хитой) 2019 йил декабр ойининг охирларида беморларнинг аниқланиши билан бошланган бўлса, 2020 йил 30 январга келиб, Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тезликда тарқалаётган янги коронавирусни жамоат соғлиғига юқори даражада хавф туғдирганлиги сабабли, ҳалқаро ахамиятга молик мазкур ҳолатни фавқулодда вазият сифатида баҳолади ва касаллик COVID-19 дея номланди.

Ўзбекистонда касалланишнинг илк ҳолати 2020 йил 15 мартда қайд этилди. Касалликни юқтирганлар сони 25 апрелда 1838, соғайганлар 707 нафарни ташкил қилди. Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази берган маълумотларга кўра ушбу касалликдан ўлим ҳолати, дунё статистикасидаги 7% га қарши юртимизда кузатилаётган 0,4% нисбати, республикамизда коронавирус тарқалишига қарши хукуматимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли чора тадбирларнинг нақадар тўғри эканлигини кўрсатмоқда.

Вирус юзага келтирувчи кўпгина касалликлар бурун, оғиз ва кўз шиллиқ қаватларига хаво – томчи орқали юқиши барчага маълум. 

Шуни алохида таъкидлаб ўтиш лозимки, вирус мавжудлигини полимераза занжир реакцияси (ПЗР) усулида аниқлаш клиник тиббиётда 2000 йиллардан буён қўлланилиб келинмоқда ва текширув материали сифатида бурун-ҳалқум, оғиз шиллиқ қаватлари, конъюнктива, кўз ёши суюқликларидан фойдаланилади. Маълум бир шароитларда бемор одамдан соғ одамга турли хил инфекцияларнинг юқишига кўз ёши суюқлиги сабаб бўлиши исботланган.

Тошкент тиббиёт академияси офталмология кафедраси ва клиника ходимлари томонидан 20 йил мобайнида Республикамизнинг соғлиқни сақлаш амалиётига натижалари жорий этиб келинаётган кўзнинг вирусли касалликларига оид илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Қайд этилган илмий ишларнинг давоми ўлароқ, вируснинг айрим штаммларини аниқлаш мақсадида ПЗР усули орқали кўз ёши суюқлигини ўрганиш борасида бир қатор изланишлар олиб бордик. Текширув натижалари унинг информативлигидан ташқари ишончлилигидан (98,2%) хам дарак бериб, субьектив клиник кўрсаткичлардан фарқли ўлароқ, беморларнинг қанчалик даво топганлигини обьектив кўрсаткичи сифатида хизмат қилади.

Кўзнинг вирусли касалликлари кўпгина шаклларга ва уларнинг ўзига хос клиник кечишига, локализациясига эга эканлиги маълум. Ҳозирда бахс мунозараларга сабаб бўлаётган мавзу юзасидан, инфекция юқишида ўзига хос анатомик “дарвоза” вазифасини ўтовчи кўзнинг олдинги қисми ёки кўз юзасига тўхталар эканмиз, кўпгина холларда кўзнинг барча вирусли касалликларининг 80 – 85 % шу сохага тўғри келишини таъкидлаб ўтиш лозим.

Конъюнктиванинг инфицирланиши «қизил кўз» симптоми ривожланишига олиб келиб, яллиғланишнинг бошқа белгиларига нисбатан кўз олмаси шиллиқ қавати гиперемиясининг турли интенсивликда учраши кузатилади.

Инсон соғлиғига хавф туғдирувчи янги COVID-19 вирусининг юзага келиши, биологик эволюция жараёнига характерли бўлиб, унинг ўзгармас таркибий қисми сифатида нафақат организмга, балки кўзда хам оиддир. COVID-19 да кўз аъзоларининг ҳолатини ўрганиш, кўз ёшида ПЗР информативлик даражасини аниқлаш, касалликни вақтида ташхислаш ва атрофдагиларга тарқалишини олдини олишда мухимдир.

ТТАнинг кўп тармоқли клиникасида 25.04.2020 йил холатига кўра 170 нафар COVID-19 билан зарарланган бемор даволанди. Улардан 12 нафарида касалликнинг илк даврида вақтинчалик кўришнинг хиралашиши, 21 нафарида конъюнктива гиперемияси кузатилиб, госпитализациянинг 5-6-кунига келиб махаллий даволаш чораларисиз қизаришлар йўқолди. 2 нафар беморда кўз ёши оқиши қайд этилиб, 3 кундан сўнг ўз – ўзидан тўхтаган.

Хорижий адабиётларда келтирилган маълумотларга кўра, Хубей провинцияси, Ичан шахри офталмологлари томонидан сўнгги вақтларда COVID-19 билан боғлиқ 12 нафар беморда кўз ёшининг кўп миқдорда оқиши, конъюнктива гиперемияси ва шиши каби кўзга оид шикоятлар қайд этилган. 2 ҳолатда конъюнктива ва кўз ёши суюқлигидан олинган экмаларда коронавирус аниқланган. Бундан ташқари кўз ёшида вирус узоқ муддат хаётчанлигини йўқотмаган ҳолатда сақланиши ва кўз ёши орқали юқиши исботланган.

Исроил шифохонаси офталмология бўлими профессори Давид Садок фикрича, янги вирус инсон организмига конъюнктива орқали кира олади. Шунингдек Хитойда COVID-19 билан оғриган илк беморни текширган, натижада вафот этган биринчи шифокор офталмолог бўлганлигини алохида таъкидлаган.

Америка офталмологлари академияси берган маълумотларга кўра, коронавирус инфекцияси конюнктивит чақириши мумкин. Юқоридаги вазиятга боғлиқ ҳолатда респиратор симптомлари бор бўлган, конюнктивит кузатилаётган беморлар COVID-19 билан зарарланган бўлишлари мумкинлиги тўғрисида хабарлар берилмоқда.

Annals of Internal Medicineда чоп этилган изланиш хулосаларига кўра, Италия юқумли касалликлари институти олимлари, кўз ёшида коронавирусни аниқлаш тести мусбат натижага берган бир вазиятда, томоқдан олинган суртмада манфий жавоб чиққанлигини қайд этишган ва биринчи текширув нисбатан ишончли деган хулосага келишган.

Аммо Сингапур миллий университети офталмологлари берган маълумотларга кўра COVID-19 ташхиси қўйилган 17 нафар беморнинг шифохонада даволанишлари даври мобайнида кўз ёши суюқлигидан коронавирус топилмаган.

Тест натижаларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган «қизил кўз» симптомлари, текширилувчиларнинг барчасида хам кузатилмаганлиги сабабини олимлар ўрганишмоқда.

Health Day News бюллетенида чоп этилган адабиётлар шархида, муаллиф COVID-19 билан оғриётган беморда касаллик қанчалик оғир кечса, «қизил кўз» симптоми яққол юзага чиқиши эхтимоллиги юқорилигини таъкидлайди.

Бу, касаллик бемор ёки уни текшираётган шифокор кўзини ишқалаганида, тегинганида конюнктива ёки кўз ёши суюқлиги орқали бошқаларга юқиши мумкинлигини билдиради.

Беморлар ва шифокорлар COVID- 19 кўз қизариши, шишиши ва кўз ёши оқиши билан намоён бўлиши мумкинлигини билишлари ва бу вазиятда профилактик чора сифатида улар атрофдагиларга юқтирмасликлари учун тегишли ёрдамни ўз вақтида олишлари лозим (Steven Reinberg, апрел,2020).

Ҳозирга қадар кам сонли олимларнинг тадқиқот натижаларигина COVID-19 ташҳиси тасдиқланган беморлар конъюнктиваси ва кўз ёши суюқлигида вируснинг бошқаларга юқтириш даражасида мавжуд бўлишини тасдиқлади.

Шунингдек коронавирус инфекцияли беморларда кўзга оид белгилар бўлмаган тақдирда ҳам, улар вирус ташувчиси сифатида ўзгаларга касалликни юқтириши сабабли хавфли ҳисобланишади.

Мухокама этилаётган мавзунинг кўпгина жихатлари, жумладан касалликнинг кўзга оид специфик шакллари мавжудлиги, беморлар қони, конюнктивасидаги вирусларнинг шакли, концентрацияси ёки вирусологик юкламага қанчалик боғлиқлиги; касалликнинг соматик оғирлик даражаси билан кўзга оид клиник – лаборатор белгиларнинг ўзаро боғлиқлигининг мавжудлиги; cимптомсиз вирус ташувчисида кўз ёши суюқлигини тахлили информативликка эга ёки эга эмаслиги; кўрув аъзосини анатом – топографик жойлашгани ҳисобга олганда «қизил кўз» симптоми COVID-19 нинг эрта намоён бўлувчи клиник белгиларидан бири бўлиши мумкинлиги кабилар ўз ечимини топмаган.

Бунга ўхшаш барча саволлар, касалликни клиник кечиши, профилактикаси, унинг тарқалишига оид стратегиялар ишлаб чиқишда ва уларни ўрганишда кўпгина илмий изланишлар олиб боришликни тақозо этади.

Бугунги кунга келиб ТТА офталмология кафедрасида илмий изланишлар олиб борилиши давом этмоқда. Кафедранинг илмий тематик режасига, кўзнинг вирусли касалликларини шу жумладан COVID-19ни офталмологик ташҳислаш, даволаш ва уларнинг профилактикаси каби мавзулар устувор мавзулар сифатида киритилган.

Ўзбекистонда, ҳозирги кунда, кескин бўлиб келаётган эпидемиологик вазият тобора ўз жадаллигини йўқотаётганлигига қарамай касалланишнинг янги ҳолатларини қайд этилиши давом этмоқда, аммо республикамизда эълон қилинган карантин ва ўзи ўзини изоляциялаш чора тадбирларига қатъий риоя этилмоқда.

COVID-19 тарқалиши хавфи мавжудлиги ва мухокама этилаётган мавзунинг долзарблиги сабабли, офталмологик хоналарда, клиникаларда риоя қилиниши лозим бўлган чора тадбирлар тўғрисида тўхталиб ўтмоқликни лозим деб топдик: конюнктивит билан мурожаат этган беморнинг тана хароратини ўлчаш, баланд бўлган тақдирда санитар – эпидемиологик қоидаларга риоя этган холатда тасдиқланган маршрут асосида текширувга юбориш; қабулда навбат кутаётган беморлар ўзаро 2 метр масофа сақлашлари учун шарт шароит яратиш; бемор ва шифокорлар юз ниқоби ва махсус химоя кўзойнакларида бўлишлари лозим; эпидемия вақтида контакт линзалар тақишни чеклаш ва оддий кўзойнаклардан фойдаланиш.

Уй шароитида коронавирусдан сақланиш профилактикаси учун оддий хисобланган ҳимояланиш чораларидан ташқари, юз, қовоқ ва кўз сохаларига қўл билан тегинмаслик тавсия этилади; қўлларни яхшилаб ювиб, антисептиклар билан ишлов бергач юзни ювиш; кўз томчилари, малхамлар, геллар, пипеткалардан фойдаланиш индивидуал бўлиши шарт; бошқа кўз касалликлари туфайли доимий томчи томизувчи беморлар ёки уларга ёрдам берувчи оила аъзолари дорини қўллашдан олдин ва кейин қўлларини 20 сония давомида ювиши лозим; кўзойнакларни тез – тез антисептиклар ёрдамида тозалаш, бегоналарнинг кўзойнакларидан фойдаланмаслик ва ўзининг кўзойнагини ўзгаларга бермаслик керак. Вирусли касалликлар эпидемияси вақтида булар асосий талаб - тавсиялар бўлиб, офталмолог ва беморлар қатъий риоя этишлари лозим.

Шундай қилиб, вируснинг янги штаммлари юзага келтирган эпидемик вазият, замонавий тиббиёт учун жиддий синов бўлиб қолмоқда.

COVID-19 билан курашишда энг аввало қилиниши лозим бўлган чора тадбирларга, ташҳислашнинг аниқ талаблари орқали уларни тез ва аниқ идентификациялаш усулларини ишлаб чиқиш, касалликни умумий, айниқса кўз аъзоси даражасида кечишини ўрганиш вазифалари киради.

Вирусли инфекциянинг аъзо ва тизимларда ўзига хос клиник намоён бўлишини аниқлаш ва клиник – лаборатор ташҳислашнинг янги усулларини ишлаб чиқариш орқалигина эпидемия юзага келиши хавфини камайтириш мумкин.

 

Т.ф.д., профессор Бахритдинова Ф.А., 

Инновацион ривожланиш вазирлиги "Тиббиёт фанлари" бўйича Илмий-техник кенгаш аъзоси