Янгиликлар

Инновация вазирлиги мутахассислари томонидан шамол энергияси бўйича онлайн-тақдимот ташкиллаштирилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID) томонидан Республика электр энергетика тизимидаги мутахассислар аудиториясига энг замонавий “Lidar” технологиясига асосланган шамол тезлиги ва бошқа параметрларини ўлчаш қурилмасининг онлайн-тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот давомида матахассилар “Lidar” технологиясининг ишлаш принципи билан яқиндан танишди. Мазкур технология мамлакатда мавжуд эмаслиги ва шамол станцияларини қуришда шамол тезлигини ўлчаш энг муҳим омил эканлигини ҳисобга олиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги республиканинг электр энергетика мутахассислари учун ушбу ўлчов қурилманинг 3 комплектини олишни режалаштирмоқда.
Мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш асосан гидроэлектрстанциялар ишлаб чиқараётган энергия ҳиссасига тўғри келиб, ялпи ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажмининг фақат 10 фоизини ташкил этмоқда. Улкан салоҳият мавжуд бўлишига қарамасдан, қуёш ва шамол сингари қайта тикланувчи энергия манбаларининг имкониятларидан деярли фойдаланилмаяпти.
Ваҳоланки иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш давлат сиёсатининг ҳозирги босқичдаги долзарб йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия манбаларининг электр энергияси ишлаб чиқаришдаги улушини 25 фоизга етказиш режалаштирилган:
- Гидроэнергетика – 11.2 %;
- Қуёш энергетикаси – 8.8 %;
- Шамол энергетикаси – 5 %