Янгиликлар

Сардобадаги фалокатдан зарар кўрган ҳудудларда базальт толаларидан олинадиган қурилиш материалларини қўллаш масаласи муҳокама қилинди

Инновацион ривожланиш вазирлиги Қурилишни ривожлантириш бўлими ходимлари “Сардоба” сув омборида рўй берган фалокатдан зарар кўрган ҳудудларни қайта тиклаш масаласи бўйича видеоконференция ўтказди. Унда Тошкент Архитектура институти олими, профессор Пулат Мирзаев, "MEGA INVEST INDUSTRIAL" қўшма корхона вакиллари бош инженер Зокир Расулов ва тижорат ишлари бўйича директори муовини Сардор Турсунов иштирок этди.
Видеоконференция давомида Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори 6-пикетининг бузилиши натижасида кўп маъмурий ва турар-жой бинолари вайрон бўлганлиги ҳамда хукуматимиз томонидан сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларда аҳоли учун уйлар қуриш режалаштирилаётганлиги юзасидан сўз юритилди. Шу муносабат билан мутахассилар томонидан Сардобадаги кўп қаватли уйлар ва бошқа объектлар қурилишида базальт толаларидан олинадиган энергиятежамкор иссиқлик ўтказмайдиган қурилиш материаллари ҳамада базальт арматураларини қўллаш таклифи илгари сурилди.
Шу билан бирга “Сардоба” сув омборини таъмирлаш ишларида унинг остки қисмига базальт толасидан ишлаб чиқариладиган геотектиль ва деворларини мустаҳкамлаш учун базальт арматураларини қўллаш лозимлиги алоҳида таъкидланди ва бу материалларни қўллаш бўйича профессор Мирзаев ўз таклифларини берди. Видеоконференция натижалари бўйича таклифлар умумлаштириб Қурилиш вазирлигига юборилди.
Базальт – бу юқори мустаҳкамлик, узоқ муддат хизмат қилиш ҳамда агрессив муҳитларда қўллашда чидамли бўлган табиий материалдир. Базальт толасига ҳозирги кунда композит материаллар бозорида қизиқиш ортиб бормоқда ва у ноёб хусусиятларга эга бўлган энг истиқболли композицион материаллардан бири ҳисобланади. Механик хусусиятларига кўра, узлуксиз базальт толаси нисбатан паст нархда шиша толаси ва углерод толаси ўртасидаги оралиқни эгаллайди.