Янгиликлар

Эркин НОРБЎТАЕВ: “ҲАЁТИМ КУРАШДАН ИБОРАТ!”

 Ҳаёт бир саҳна мисоли. Унда ҳар биримиз ўз ижромиз билан   тақдиримизни яратамиз. Кимдир умри давомида дуч келган тўсиқлардан айланиб ўтишга ҳаракат қилади, кимлардир эса шу тўсиқлардан қўрқмай дадил олға қадам ташлайди. Орамизда шундай инсонлар борки, бутун умри фақат курашишдан иборат.

Бугун “кун олими” лойиҳамизда кўп ёш олимларга ибрат бўлган олим,  юридик фанлари доктори, профессор, полковник Эркин Нарбўтаевнинг курашга тўла ҳаёт кечинмалари билан таништиришни жоиз топдик. 1959 йил 17 февралда Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида кўп болали оддий деҳқон оиласида дунёга келган қаҳрамонимиз 24 ёшида фан номзоди, 32 ёшида фан доктори ва 34 ёшида профессорлик унвонига эга бўлган.  

 

Ҳаётим йўлидаги илк кураш!

Маҳалламизда турли миллат вакиллари (татар, корейс, рус) истиқомат қиларди. Табиийки, ана шу турли миллат болалари билан қувлашиб-ўйнаб катта бўлдим. Айниқса, улар ичида Генатулло мен учун яқин дўст эди. Бир куни у мактабга чиқишини мақтаниб айтиб қолди. Унга жуда ҳам ҳавасим келди. Шу заҳоти уйга югуриб кирдим-у, ота-онамга “ мен ҳам мактабга бораман,  Генатулло билан ўқийман” дея туриб олганман. Шунда онам,  Генатулло мендан катта эканини, мен хали кичкина эканимни тушунтирди. Мактабга бориш истагим кучлилигини кўрган Генатуллонинг ойиси менга ёрдам бериб, мактабга рус синфига  жойлаштирди. Шундай қилиб, дўстим билан синфдош бўлдим. Аммо рус тилида гапириш тугул бирорта сўзни ҳам билмасдим. Мен учун қийинчилик дамлари бошланди. Аввалига мени  ўзбек синфига ўтказмоқчи бўлишди. Бу ҳам, камдай яхшиси мактабдан кетгин, келаси йил яна келасан, дейишди. Буни олдини олиш учун мен тиришқоқлик билан рус тилини билишга ҳаракат қилардим. Не ажабки, бизга дарс берадиган ўқитувчи Зинаида Ибрагимова менга яқин маҳаллада турар экан. Ҳар доим унинг уйга кетишини пойлардим. Кейин эса Зинаида опага ёрдам тариқасида  сумкасини кўтариб, мактабдан бирга қайтардик. Йўл-йўлакай эса рус тилида мана шу сўз қандай бўлади, дея уни тинимсиз саволга тутардим. Хуллас, 4 синфга қадар баҳоларим “2”, “3”, “4” бўлган. Ниҳоят 4- синфда узоқ кутилган “5” баҳони тарих фанидан олдим. Шундай қилиб 5-синфдан баҳоларим яхшиланиб борди. Ўз устимда тинимсиз ишлашим ва изланганим боис 8 ва 9- синфларда аълочи мақомига эга бўлдим. Битирувчи синф бўлганимда олтин медал бериш масаласи қўйилганди. Афсуски, бизнинг синфда менга ўхшаб, яна 3 та ўқувчига олтин медал берилиши керак эди. Аммо медал фақат бир кишига берилиши керак экан. Менга битта ноҳақ “4” баҳони қўйиб беришди-да, медални маориф бўлимининг укасига топширишди.. Ичимда медалга даъвогар бўлган синфдошим, қайси олий ўқув юртига топширса, мен ҳам айнан ўша ёққа бораман, деб ният қилгандим. Хуллас, синфдошим Тошкент давлат университетининг юридик факультетига ҳужжатларини топширди. Мен ҳам шундай қилдим. Менга омад кулиб боқди. Аммо олтин медал олган дўстим эса мандатдан ўтолмади.

Талабалик чоғи ўз олдимга яна бир мақсад қўйдим. Олийгоҳни қизил диплом билан тамомлашим керак! Ўз орзуимга эришдим ва қизил диплом соҳибига айландим. Шу даврларда илм-фанга бўлган қизиқишим ортиб борарди. Олийгоҳни якунлагач, домлаларимга шу факультетда ишлаб, фан билан шуғулланиш ҳохишим борлигини айтдим. Раҳматли домлам, диплом раҳбарим Каракетов Йўлдош домла ҳозирча бунинг иложи йўқлигини,  амалий билимларни оширган ҳолда кейин фанни ривожлантириш маъқуллигини тушунтирди. Хуллас, 1980 йили Гулистон шаҳар ички ишлар бўлимининг терговчиси сифатида иш бошладим.

 

Устоз кўрмаган олим, олим эмас...

Бир йил давомида терговчи бўлиб ишладим. Орадан 4-5 ой ўтгач,  Йўлдош домлам мени Тошкентга чақирдилар. Ўшанда ҳаётимда муҳим роль ўйнаган раҳматли профессор Ғулом Аҳмедов домла билан таништирганлари ҳамон ёдимда. Уларнинг қизғин суҳбатидан ўтганимдан кейин аспирантурага сиртқи бўлимга ўқишга қабул қилиндим. Устозим Ғулом Аҳмедов менинг тиришқоқлигим ёки фикрлаш доирамни кўргани учунми, яна билмадим аспирантуранинг кундузги бўлимига ўтишга ҳаракат қиламиз, дедилар. Ушбу ниятда, мен 1981 йили ички ишлар вазирлигидан ишдан бўшаб, фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институтининг аспирантурасига кундузги бўлимига ўз илмий фаолиятимни давом эттириш учун келдим. Бироқ кундузги бўлимда жой йўқлигини маълум қилишди. Вақтнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат, уни беҳудага сарфламаслик мақсадида салкам бир йил мустақил тадқиқотчи сифатида фан билан шуғулланиб, Москвага йўл олдим. У ерда кўп олимлар ҳамда академиклар билан учрашдим, фикр алмашдим. Эсимда Ленин номидаги кутубхонада эрталаб соат 9:00 дан кечги соат 21:00 гача қолиб кетардим. Буни қарангки, 8 ой деганда номзодлик диссертациямнинг матнини тайёрладим. Тошкентга қайтиб келгач, кундузги бўлим аспирантурасида ўқишни бошладим. 1982 йили эса номзодлик ишим юзасидан муҳокамалар бошланди, қўшимчалар ва тўлдиришлар бўлди. 1983 йили 24 ёшда эдим. Уйланиш арафасида. Лекин афторефератим чоп этилмас экан, тўйим ҳали бўлмайди, дея отамни тўхтатиб турдим. Шундай қилиб, афторефератим чоп этилди, октябрь ойида фан номзодлиги бўйича ҳимоя ҳам қилдим. Бироқ...

 

Ҳаётимдаги энг ноҳуш воқеа!

Номзодлик ишим ҳимояси жуда яхши ўтди. Махсус кенгаш томонидан ҳам маъқулланди. Натижада ҳимоя ишим Москвага аттестация комиссиясига тасдиғини топиш учун жўнатилди. Орада фарзандли бўлдим. Хонадонимизда  қувончли хабар. Бироқ Москвадан мени чақиришаётгани ҳақида маълумот  келди. У ерга боргач, билсам, диссертациямни олий аттестация комиссияси рад этибди! Сабаби ёзган номзодлик ишимдаги қоидалар чоп эттирган мақолаларимда акс этмаган эмиш... жуда ҳам нохуш ҳолатга  тушдим. Яна ўзимда куч ва ирода топиб, олий аттестация комиссиясига ишимни апелляция таркибида кўриб чиқишини сўраб, хат жўнатдим. Бу даврлар мен учун жуда оғир кечди. Кўча-куйда одамларнинг кўзига қарашдан чўчирдим. Уларнинг “номзодлик ишинг нима бўлди?”, деган саволларига қандай жавоб беришни билмасдим. Шу йиллар отамдан ҳам айрилдим. Орадан 2 йил ўтгачгина, мени Москвага олий аттестация комиссиясининг Пленумига муҳокамага чақиришди. Эсимда бор, катта бир хонада 5 та академик ўтирган эди. Шунда менга бир савол беришди:

  • Сиз нимани истайсиз?
  • Мен фақат ҳақиқат қарор топишини истайман, дедим.

Кейин улар биз ишингизни ўрганиб чиқдик, эксперт комиссиясига уни қайтадан кўриб чиқишга тавсия қилдик, дейишди. Натижада менга ҳимоя қилган кунимдан бошлаб, фан номзоди унвони берилди. Ниҳоят юзимга ҳаёт қувончи ёғилди!

 

Фан докторлигига ҳаракат аллақчон бошланган эди!

Номзодлик ишини қайта кўришга кетган 2 йил давр мобайнида домлам Ғулом Аҳмедович мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб турдилар. Домлам ҳаммаси яхши бўлишини, кайфиятни туширмай докторлик диссертация мавзусини танлаб, шу бўйича материаллар йиғишни бошлашимни айтдилар. Материаллар йиғиш жараёнида 4000 дан зиёд 11 хил турдаги анкеталар туздим. Шулар юзасидан Товоқсой, Уйғурсой колонияларига, вилоят ва туманларга бордим. Кўплаб жиноят ишларини ўргандим, маҳбуслар билан суҳбатда бўлдим. Мутахассислар билан кўришиб, иш жараёнини кузатдим. Назаримда, барибир, ўзим истаган даражада натижалар олмагандай туюлди. Кейин домламга амалиётга қайтишим кераклигини айтдим. Негаки, ҳамма жараённи ўз кўзим билан кўришим зарур эди. Фақат шундагина докторлик ишини маромига етказишим мумкин.

1986 йили Гулистонга қайтиб, прокуратура тизимига ишга кирдим. Дастлаб, тергов бўлимида, кейинчалик Сирдараё туманлараро  прокурорининг ўринбосари сифатида фаолият юритдим. Сўнг вилоят прокуратурасининг жиноят судлов бўлимларида ишни давом эттирдим. Хуллас, жиноий иш билан боғлиқ бўлган барча муаммо ҳамда вазиятларни амалиётда тадқиқ этдим. Жиноий ишларни ўзим тергов қилдим. Шундай қилиб, 1990 йилда докторлик ишини тайёрладим.

Докторлик диссертациямда жиноятчилик ҳолати танқидий нуқтаи назардан ўрганилиб, у билан кураш олиб бориладиган амалдаги жиноий ҳуқуқий чоралар етарли даражада самара бермаётганини исботладим. Ўша давр қонунчилигида мавжуд бўлган институтларга хос бўлмаган назарий ёндошув ва таклифлар, шунингдек, моддаларни замонавий конструкцияларини, Жиноят ва Жиноят процессуал кодексининг янги концептуал асосида тузилган тахминий вариантини тавсия эта бошладим. Кўп олимлар диссертациямни ўргангандан кейин даҳшатга тушганларини ҳам кўрдим. Чунки уларнинг тасаввуридаги қарашлар ва фикрлар менинг ишимда ўзгача талқинга эга бўлган. Албатта, ҳар бир янгиликни ҳаётга татбиқ этиш қийин. Шу борада қанча-қанча кўп тўсиқликларга дуч келдим. Лекин Ўзбекистон фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институтининг директори дўстим Акмал Саидовнинг ёрдамини алоҳида айтишим керак. Чунки у бевосита менинг докторлик ишим бўйича Москвадаги олимлар билан учрашган ва гаплашган. Натижада, у киши бевосита олим сифатида берган тавсияларимни тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилганлигини нафақат ўзи, балки атрофдаги ҳуқуқшунос олимларнинг фикрларини эшитиб, ўз баёнотида изоҳлаб берди.  Натижада илмий ишим бўйича жараён тезлашиб кетди. 1991 йили прокуратура тизимида ишлаб туриб, докторлик диссертациясини 32 ёшимда ҳимоя қилдим. 34 ёшимда эса профессор даражасини олдим.

 

Ҳаётимниниг зафарли онлари

Ҳаётимнинг энг зафарли дамларини мен бевосита Фидокорлар демократик партиясининг бош котиби бўлгани билан боғлайман. Чунки бир ярим йил давомида партия етакчиси бўлганимда атрофимдаги кўплаб фидокор партиясининг аъзолари ва бошқа партияга мойиллик билдирган инсонлардаги ишончни ва кўзларидаги қувончни кўриб, мен жуда ҳам бахтли инсонлигимни ҳис қилганман. Оддий бир деҳқоннинг фарзанди бўла туриб, олий мажлис депутати ҳам бўлдим.

 

Ички ишлар вазрлигига йўл

 Ҳаётимда катта роль ўйнаган инсонлардан бири домлам Ғулом Аҳмедов бўлса, иккинчиси шубҳасиз ИИВАкадемиясининг бошлиғи раҳматли генерал, профессор Убайдулла Тожиханов эдилар. Улар билан докторлик ишини ёқлаган маҳал кўришгандим. Шу учрашувдан бошлаб, у киши мени ўзлари билан бирга ишлашга тинмай чақирардилар. Охири 1997 йили у кишининг таклифига  рози бўлдим. Мени Тожиханов Ички ишлар вазирлиги академиясининг “жиноят процесс” кафедрасининг бошлиғи лавозимига тайинладилар. Орадан 3-4 ой ўтгач эса меҳнатим ёки  ҳаракатимни қадрлаган жаноб генерал мени академия бошлиғининг фан бўйича ўринбосари лавозимига тавсия этди. Кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритишимга тўғри келди.  

У ерда бир неча йил ишлагач, яна Академияга қайтиб келдим. У. Тожихановнинг қўллаб-қувватлашлари туфайли профессор лавозимида, кейинчалик ўзим фан муовини бўлганимда очган 3 тилда чоп этиладиган “Ҳуқуқ, Права, Law” журналининг бош муҳаррири сифатида ишни бошладим. Журнални қабул қилганимда у дотацияда турган экан. Атиги 3-4 мингта обунаси бор эди, холос. Бир йил ичида журнал жуда кенг тарқалиб, мутлақо янгича талқинда чоп этила бошлади. Натижада журналнинг адади 27 мингга етди.

Айтмоқчиманки, менга берилган ва билдирилган ишонч тариқасидаги лавозимлар, яъни кафедра бошлиғи, академия бошлиғининг ўринбосари, партия бош котиби ёки журнал бош муҳаррири бўладими, ҳар бир ишга бор кучим ва ғайратимни сарфладим.

 

Кўп таклифларим ўз тасдиғини топмоқда

Нафақага чиққунимга қадар 6 та монография ёздим. 60 дан зиёд мақолалар чоп эттирдим. Сўнгра ўқув методик тавсиялар, талаба-тингловчиларга маъруза курсларини тақдим  этдим.

Бир нарсани айтишим жоизки, жуда ҳам катта ёки кўп китоб ёзиш тарафдори эмасман. Ҳар бир инсон  илм-фан йўлида ўзидан қандайдир из қолдиришга ҳаракат қилади. Фикримни ёрқин ифодалаш мақсадида машҳур олим Чезаре Беккарианинг фаолиятини мисол қилиб олмоқчиман. Масалан, у жуда ҳам кўплаб китоблар ёзган. Лекин барча олимлар томонидан унинг 73 бетдан иборат, “Жиноят ва жазо” асари катта қизиқиш билан ўқилади. Чунки асарда  бевосита жиноят ва жазонинг ҳуқуқий асослари ва жиҳатлари ёритилиб берилган.

Шу қоидага амал қилган ҳолда менинг ёзган монографияларим жуда катта ҳажмда эмас. Лекин у ерда асосан менинг қарашларим, фикрларим, ёндошувларим баён этилган.

Жумладан янги жиноят қонунчилиги диспозитив асослар, яъни бевосита ярашув ва хусусий айблов билан боғлиқ тарзда, янги Жиноят процессуал қонунчилиги эса, жиноятчилар билан компромисс консепциясига таянган ҳолда яратилиши керак. Чунки жиноятчилик ҳамда ўта оғир жиноятчиликларни очишда бевосита айрим жиноятчилар билан келишув тариқасида уларнинг қўшган ҳиссаси ёрдамида мақсадга эришиш мумкин.

Кейинчалик бошқа мақолаларимда докторлик ишимни янада ривожлантирганман. Ёш ўтган сари ҳар бир олимда фалсафий қарашлар кучайиб борар экан. Балки шунгами, чуқур билимга эга бўлишга ҳаракат қилиш, демак бевосита ҳаётда бўлаётган ҳар бир нарсага фалсафий қарашга ундар экан. Ёзган мақолаларимда жиноят процессуал қонунчиликда фалсафий категориялар мавжудлигини эътиборга олиб, жиноят процессуал қонунчиликдаги ҳақиқат, адолат тўғрисидаги мақолаларни чоп этдим. Мақолаларимда ўзимнинг фалсафий қарашларимни ҳам билдирганман.

Бундан ташқари, жиноят ҳуқуқининг қирралари ранг-баранглигини ҳисобга олиб, унинг этнографик жиҳатларига доир монография, жиноий ҳуқуқ соҳасидаги сиёсий жиҳатлар бўйича жиноятга оид сиёсатга дахлдор масалалар бўйича ҳам мақолалар чоп эттирганман. Бугунги кунда хурсандманки, кўп таклифларим ўз тасдиғини топмоқда. Президентимизнинг қарорлари ёки қонунлар билан амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиб борилаяпти.

Олим инсон доим атроф-муҳитни кузатиш ва ҳаёт воқеликларини таҳлил қилиш билан яшар экан. Ўйлайманки, битта аниқ соҳа бўйича чуқур билим орттирилса, келажакдаги ушбу фан юзасидан кузатилаётган муаммолар анчайин бартараф этилган бўларди. Назаримда, инсон касбини севса, ўз устида тинимсиз ишласа, изланса, ўрганса ва чин дилдан астойдил меҳнат қилсагина мақсадига етади. Орзулари рўёбга чиқар экан!

 

Маълумот ўрнида: Бир ўғил ва 3 қизнинг отасиман. Уларнинг ҳаммаси олий маълумотли ва ўз билми билан юртимизга зиё тарқатишмоқда. Шунингдек, 5 нафар шириндан-шакар набиранинг бобосиман!  Рафиқам билан биргаликда нафақа гаштини сураётганимга ва оллохим шу кунларга етказганига шукр!