Янгиликлар

Илмий ташкилотлар рейтинги Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан шакллантирилади

Вазирлар Маҳкамасининг Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги республикада фаолият юритаётган илмий ташкилотлар рейтингини шакллантириш учун масъул этиб белгиланди.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш соҳасидаги қўшимча вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
ҳар йили республика илмий ташкилотлар рейтингини тузиш;
миллий илмий ташкилотларнинг дунёдаги нуфузли илмий марказлар рейтингига киришида амалий ёрдам кўрсатиш;
республикадаги илмий ташкилотлар фаолияти тўғрисида таҳлилий ахборот тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
ҳар йили рейтинг натижаларини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиш.
Илмий ташкилотлар рейтинги ҳар йили аниқланади.
Рейтингни аниқлашга оид тўпланган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳар йили 1 майга қадар илмий ташкилотлар рейтинги аниқланади.
Бунда илмий ташкилотларнинг рейтинг натижалари асосида қуйидаги тоифаларга бўлинади:
I-тоифа – етакчи (лидер) илмий ташкилотлар
III-тоифа – ўртача (қониқарли) натижадорликни намоён этувчи илмий ташкилотлар
III-тоифа – асосий илмий фаолиятни ҳамда ривожланиш истиқболини йўқотган (қониқарсиз) илмий ташкилотлар.
Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базаси ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1-чорагида шакллантирилади. Рейтинг аниқланаётган йилнинг 20 декабрига қадар эса Инновацион ривожланиш вазирлиги рейтингни аниқлаш учун жадваллар ишлаб чиқади ва бўйсинувида илмий ташкилотлар бўлган вазирлик ва идораларга ҳамда илмий ташкилотларга етказади. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тузиладиган Ишчи гуруҳ зарур ҳолларда 1 апрелга қадар рейтингни аниқлашга оид маълумотларни жойига чиққан ҳолда ўрганади.
1 майга қадар рейтингни аниқлашга оид тўпланган маълумотлар асосида илмий ташкилотлар рейтинги аниқланиб, улар рейтинг натижалари асосида тоифаларга ажратилади. Июнь ойининг биринчи ҳафтасида эса рейтинг натижалари Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлашда, хусусан, илмий ходимларнинг илмий салоҳияти, илмий ходимлар таркибидаги ёш олимлар улуши, илмий ходимларнинг хорижий илмий ташкилотларда маъруза ва семинар машғулотларини олиб бориш, хорижий илмий изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш, докторлик (фан доктори DSc) ва фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилиш самарадорлиги, халқаро кўрсаткичларга кўра илмий ходимлар нашрларига иқтибослар, илмий ташкилот томонидан конференция ёки семинарлар ташкил этилганлиги, илмий ташкилотда инновацион стартап акселератор ва инкубаторларнинг ташкил этилганлиги ҳамда тўлиқ фаолият юритаётганлиги, ёш олимлар ижодий-тажриба устахонаси (Maker space) ташкил этилганлиги ҳамда тўлиқ фаолият юритаётганилиги каби мезонлар ҳисобга олинади.
Ҳужжатнинг тўлиқ матни