Янгиликлар

Ротация қилинган “Тиббиёт фанлари” бўйича илмий-техник кенгашининг илк йиғилиши ўтказилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Тиббиёт фанлари” бўйича Илмий-техник кенгашининг ротациядан кейинги таркиби илк йиғилиши онлайн тарзда ўтказилди. Мажлисда Илмий-техник кенгаш (ИТК) тўғрисидаги низомга асосан Кенгаш фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг аъзоларининг асосий вазифалари кенгашнинг барча аъзоларига тушунтирилди. Ҳар бир ИТК аъзоси Кенгашда иш бошлашидан олдин коррупцияни олдини олиш мақсадида вазирлик томонидан ишлаб чиқилган Мажбуриятнома имзолаши Кенгаш фаолиятининг шаффофлиги, адолат билан иш юритилишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, мажлисда кун тартибига киритилган Давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажариладиган амалий ва инновацион лойиҳалар танловларига тақдим қилинган лойиҳалар муҳокамаси ўтказилди.

Мажлисда кўриб чиқилган лойиҳалар қаторида “Қариндош донордан олинган буйрак трансплантатида рад этилиш жараёнини эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш бўйича дастурий маҳсулотни ишлаб чиқиш” мавзусидаги амалий лойиҳа учун топширилган лойиҳалар муҳокама қилинди. Танловга топширилган лойиҳаларнинг экспертларнинг хулосалари, фикр-мулоҳазалари тингланганда шу нарса маълум бўлдики, аксарият лойиҳа илмий раҳбарлари лойиҳани тайёрлашда қариндош донордан олинган буйрак трансплантатида рад этилиш жараёнини эрта аниқлаш ва унинг олдини олишнинг асосан клиник кўрсаткичлари ҳақида баён этганлар, бу ишлар эса бугунги кунгача ҳам олимларимиз, ҳам шу соҳа шифокорлари томонидан амалга ошириб келинмоқда. Бу мавзуни эълон қилишдан лойиҳанинг олдига қўйилган мақсад очиб берилмаган, илмий жамоа таркибига дастурчи мутахассислар жалб қилинмаган. Лойиҳа олдига қариндош донордан олинган буйрак трансплантатида рад этилиш жараёнини эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш бўйича дастурий маҳсулотни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган экан, бу лойиҳанинг натижаси айнан аниқ маҳсулотга қаратилган бўлиши талаб этилади.

Экспертлар томонидан ижобий хулоса олган, амалий лойиҳа учун қўйилган талаблар тўлиқ бажарилган лойиҳалар мажлис жараёнида билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида молиялаштиришга тавсия этилди.

Тасдиқланган Низомга биноан тематик лойиҳалар танловига ҳужжатлар топшириш муддатининг охирги санасигача танлов ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб берадиган камида иккита лойиҳа талабномаси келиб тушган бўлса, танлов ҳақиқий деб ҳисобланади. Бу ҳолда лойиҳа талабномалари экспертиза ва кейинги танлов учун юборилади. Лекин агар танловда битта иштирокчи қатнашган бўлса ёки ҳеч ким қатнашмаган бўлса, у ҳолда танлов бўлмаган деб ҳисобланади, ушбу лойиҳа бўйича бир хил шартлар ва талаблар асосида қайта танлов ўтказилади. Агар қайта танловга муқобил лойиҳа талабномаси келиб тушмаса, танловга келиб тушган битта лойиҳа суҳбат асосида аризачи билан музокара ўтказилиб, ижобий хулоса натижасига кўра белгиланган тартибда кейинги босқичга йўналтирилади. Дастлаб техник ва кейинчалик илмий экспертизани ўтказиш йўли билан якуний хулоса шакллантирилади.

ИТК муҳокамасига шундай лойиҳа ҳам тақдим этилган бўлиб, у экспертлар хулосаси асосида мажлисда атрофлича муҳокама қилинди. Эълон мавзуси нисбатан янги ва техника йўналиши билан кесишган тарзда ўрганилиши талаб этилгани учун аввалига эътирозлар бўлди. Лекин лойиҳа илмий раҳбари мавзунинг долзарблиги ва кутилаётган аниқ маҳсулотни тушунтириб берганидан сўнг лойиҳа бўйича ижобий хулоса қилинишига сабаб бўлди.

Лойиҳалар юзасидан қабул қилинган ИТК қарори вазирлик Ҳайъати томонидан кўриб чиқилади ва якуний хулоса қабул қилинади.