Янгиликлар

Фанлар академияси президентини юбилей билан қутлаймиз!

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва вазирлик ҳузуридаги илмий-техник кенгашлар аъзолари – олимлар ва тадқиқотчилар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Йўлдошев Беҳзод Содиқовични 75 ёши билан чин дилдан қутлайди! Устозга мустаҳкам соғлиқ, илмий ва бошқарув ишларига омадлар тилаймиз. Ўзбекистон илм-фани ривожланиши йўлида амалга ошираётган улкан ишларингиз, тафаккур кучи билан юртимиз равнақи учун қўшаётган ҳиссангиз бардавом бўлсин!

Беҳзод Содиқович Йўлдошевнинг истеъдоди ва меҳнати, илмий салоҳияти уни катта олим, ҳурматга сазовор раҳбар бўлишига хизмат қилди. Ҳамкасблари, ҳаммаслаклари ва шогирдларига кўрсатган меҳри, илм-фан йўлидаги қатъияти туфайли барчанинг ҳурматини қозонди.

2017 йил бери Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига раҳбарлик қилиб келаётган Беҳзод Йўлдошев 1945 йил 9 майда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1968 йилда Тошкент давлат университетининг ядро физикаси факультетини имтиёзли тугатган, 1971 йилда Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна)да номзодлик, 1981 йилда физика-математика фанлари доктори диссертациясини ҳимоя қилган. ЎзР ФА Ядро физикаси институтида кичик илмий ходим, Физика-техника институтида катта илмий ходим, лаборатория мудири, Ядро физикаси институти директори (1990–2006 й., 2017–2020 йй.), ЎзР ФА президенти (2000–2005-йй., 2017 йилда ҳозирги вақтга қадар) лавозимларида ишлаган. Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТE, Вена, Австрия)нинг фан бўйича маслаҳатчиси ҳамда Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна) бош илмий ходими лавозимларида фаолият юритган.

Вашингтон ва Стенфорд университетларида (АҚШ) ҳамда Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида (Дубна, Россия) таклиф этилган профессор сифатида илмий тадқиқотлар олиб борган, Тошкент давлат университетида Ядро физикаси кафедраси мудири бўлган (1995–2000-йй.).

Фермилаб (АҚШ) ва ТРИУМФ (Ванкувер, Канада) миллий тезлатгичлар лабораториясида халқаро тадқиқотчилар гуруҳи томонидан бажарилган иккита илмий лойиҳага раҳбарлик қилган. Ҳозирги пайтда Европа ядро тадқиқотлари марказининг (CERN, Женева, Швейцария) Катта Адрон коллайдерида (Large Hadron Collider) ва Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида олиб борилаётган тадқиқотларда иштирок этмоқда.

Ядровий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ядро қуролларини тарқатмаслик бўйича амалий ечимлар ишлаб чиқиш юзасидан йирик лойиҳаларга раҳбарлик қилган.

1990–2006 йилларда ва 2017–2020 йилларда ЎзР ФА Ядро физикаси институти директори сифатида фаолият юритган. Асосий илмий-ташкилий фаолияти элементар зарралар физикаси, ядро физикаси, саноат, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт соҳаларида ядро технологияларидан фойдаланиш каби масалаларни қамраб олади.

400 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан 3 та монография ва 20 дан ортиқ ихтиролар муаллифи. Илмий раҳбарлигида 9 нафар фан доктори ва 30 га яқин фан номзодлари тайёрлаган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги (2000 й.), ЎзР ФА мухбир аъзоси (1994 й.), физика-математика фанлари доктори (1981 й.), профессор (1987 й.). Беруний номидаги ЎзССР давлат мукофоти лауреати (1983 й.), Халқаро ЭСО мукофоти лауреати (2004 й.). Америка физиклари жамияти аъзоси, Индиана, Вашингтон (АҚШ) ва Кембриж университетлари (Буюк Британия) фахрий доктори, Ислом дунёси академияси (IAS) академиги, Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна шаҳри, Россия) фахрий доктори, Халқаро фанлар академиялари ассоциацияси академиги (MAAN), Қозоғистон Миллий фанлар академияси хорижий аъзоси, Россия Таълим ва фан вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси аъзоси (1995-2005-йй., 2019 йилдан ҳозирги вақтга қадар). Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Парламент аъзоси — сенатори (2001-2005-йй., 2020 йилдан ҳозирги вақтга қадар).

“Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвонига эга.

Сизга янги ижодий муваффақиятлар, битмас-туганмас ғайрат, сиҳат-саломатлик, фаровонлик, бахт-саодат тилаймиз!

Инновацион ривожланиш вазирлиги