Янгиликлар

9 май ­– Хотира ва қадрлаш куни

Ҳурматли юртдошлар!

Барчангизни 9 май ­– Хотира ва қадрлаш куни билан чин дилдан қутлайман!

Ватанимиз тинчлиги, юртимиз фаровонлиги йўлида курашган ота-боболаримизнинг босиб ўтган оғир йўллари, уларнинг жасоратли ва машаққатли ҳаётлари ҳамиша бизга ўрнак ва сабоқдир. Иккинчи Жаҳон урушида фашизмни енгган, дунёда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришини орзу қилган, шу йўлда ҳаётдан бевақт кўз юмган аждодларимизнинг пок руҳлари олдида таъзим қиламиз.

Иккинчи жаҳон бутун инсониятга кулфат келтирди, хусусан бизнинг халқимизга ҳам чексиз йўқотишлар олиб келди. Жанг майдонларида қаҳрамонлик кўрсатган, фронт ортида мардона меҳнат қилган, бизга тинчлик олиб келган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорлик билдирамиз!

Бугунги кундаги дунёни қалқитган пандемия, юртимизга синов бўлиб келган Бухорода табиий офат ва Сардоба фожиаси халқимизни бирлаштирди. Биз мардона, олийҳиммат, қалби кенг аждодларимизнинг муносиб фарзандлари эканимизни намоён қила олдик. Олдинда эса элимиз фаровонлиги учун қилиниши лозим бўлган катта ишлар, тадқиқотлар, илмий изланишлар турибди. Уларни амалга ошириш учун юртимиз аҳлига фидойилик ва ғайрат тилайман! Бу ишларда Ватан учун ўз жонини қурбон қилган қаҳрамон ота-боболаримизнинг руҳи поклари бизга мадад бўлсин!

Иброҳим Абдураҳмонов

Инновацион ривожланиш вазири