Янгиликлар

Кун олими. Абдулло Абдухалилов: “Ногиронлик масалалари бўйича қабул қилинаётган қарорларнинг илмий асосини кучайтириш лозим!”

1981 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган социология бўйича фан номзоди Абдулла Абдухалилов ҳозирда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети Ижтимоий иш кафедраси доценти вазифасини бажарувчиси лавозимида фаолият юритмоқда. Оилали. Икки нафар фарзанди бор.

Оддий биография гўё. Лекин ушбу маълумотларни ноодатий қиладиган бир муҳим жиҳат бор. Гап шундаки, Абдулло 1981 йили дунёга келганди-ю, ёруғ дунёни кўролмаганди. Унинг кўзи мутлақо ожиз эди. Бироқ Абдуллонинг болалар педиатри бўлган онаси, ички ишлар вазирлиги ходими бўлмиш отаси бунга ишонгилари келмас, фарзандларини шифокорма-шифокор олиб юришдан чарчамасдилар.

У 7 ёшидан кўзи ожизлар учун махсус мактаб-интернатига ўқишга кириб, у ерда 12 йил ўқиди. Ушбу даврда Абдулло жуда кўп марта кўзини даволаш мақсадида шифохонага ётқизилди. Унинг ота-онаси замонавий тиббиёт, албатта, ўғлимизга ёрдам беради, деб ишонишарди. Шифохоналарда ўтган кунлари Абдуллонинг кўзини очмади, лекин мактабдаги ўқишларидан қолиб кета бошлади. 16 ёшга келиб қаҳрамонимиз даволаш жараёнлари ҳеч қандай натижа бермаслигини тушунди. У кўриш эмас, ҳаётни чиройли ўтказиш, инсонларга фойда келтириш муҳимроқ, деб аҳд қилди...

2000 йилда махсус мактаб-интернатни тугатиб, Абдулло Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети Ижтимоий-сиёсий фанлар факультети Сиёсатшунослик бўлимига ўқишга кирди. 2004 йилда “Ўзбекистонда анъанавий бюрократиядан патримониал бюрократияга ўтиш жараёнлари” деб номланган битирув малакавий ишни муваффақиятли ҳимоя қилди ва Ўзбекистон миллий университети бакалавриат йўналишини имтиёзли диплом билан тугатди. Айнан шу йили Абдулло Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети Ижтимоий-сиёсий фанлар факультетининг Сиёсий фанлар назарияси ва тарихи магистратура мутахассислиги йўналишига ўз ҳужжатларини топширди, негаки унинг фикрича, эмпирик тадқиқотлар билан шуғулланишдан олдин ижтимоий фанларнинг фундаментал назарий жиҳатларини ўзлаштириш керак. Унинг таъкидлашича, университетда ўқиш жараёнида энг асосий қийинчилик берилган топшириқларни ўқиш эди. Бунда Абдуллога унинг яқинлари, ота-онаси, синглиси яқиндан ёрдам берди. Ҳозирги кунга келиб мазкур қийинчиликлар бартараф этилган, чунки замонавий смартфон ва компьютерлар хоҳлаган адабиётлар билан танишиш имконини берди.

2006 йилда магистратура босқичини муваффақиятли тугатиб, ушбу университетнинг Сиёсатшунослик кафедрасига ўқитувчи лавозимига ишга қабул қилинди. Бу у учун жуда катта бахт эди, чунки кам сонли кўзи ожиз инсонлар қаторида у ногиронлиги бўлмаган шахслар билан биргаликда фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлди. Унинг ўқитувчилик меҳнати талабалар ва университет маъмурияти томонидан ижобий қабул қилинди. Кўп инсонлар “Сиз ўзингизга ўхшаган кўзи ожиз инсонларга дарс берасизми?” каби саволни унга беришади. Йўқ, у оддий талабаларга дарс беради.

Университетда ишлашнинг илк йиллариданоқ Абдулло илмий тадқиқотлар билан шуғулланишни бошлади. 2009 йилда у сиёсий фанлар бўйича ўз номзодлик диссертациясини якунлади ва кафедрада муҳокамадан ўтказди. Лекин айнан шу даврда сиёсий фанлар бўйича кенгашлар ўз фаолиятини тугатган эди. 2012 йилга келиб, мамлакатимизда ўз фаолиятини олиб борадиган илмий кенгашларнинг барчаси ўз фаолиятини тугатиб, бир поғонали тизим қабул қилинган эди. Абдулло, ушбу ҳолатдан фойдаланган ҳолда, ҳужжатларни Миллий университетга топширди ва илмий раҳбар этиб социология фанлари доктори профессор Ғаниева Маърифат Ҳабибовнани танлади. Ва ниҳоят, 2018 йилда Абдухалилов Абдулло социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ўз илмий ишини ҳимоя қилди.

Диссертацияси “Жамиятни модернизациялаш шароитида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш (бандлик жараёнлари мисолида)” мавзусида тайёрланди. Абдуллонинг фикрига кўра, самарадор давлат бошқаруви ҳар бир жамиятнинг ривожланишида муҳим омил сифатида хизмат қилади, чунки айнан самарадор давлат бошқаруви, мавжуд ресурсларни тўғри тақсимлаш, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш мамлакатнинг инвестицион муҳитини яхшилаш имкониятига эга бўлади.

Ҳозирги кунда Абдухалилов Абдулло Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети Ижтимоий иш кафедраси доценти вазифасини бажарувчиси лавозимида ўз фаолиятини олиб бормоқда. У ижтимоий сиёсат, ижтимоий конфликтлар, ногиронлиги бор шахслар билан ижтимоий иш амалиёти фанлари бўйича талабаларга билим бермоқда. Ўзининг илмий, шунингдек, педагогик фаолияти билан бирга Абдухалилов Абдулло ижтимоий фаол инсон сифатида ўз фаолиятини олиб боради. Ҳозирги кунда Абдулло Ўзбекистон Республикаси Ногиронлар ассоциациясининг стратегик режалаштириш бўйича раис муовини сифатида жамоатчилик асосида ишлаб келмоқда. У рус, инглиз, немис тилларида гаплаша олади. Ўз фаолияти давомида Абдухалилов Абдулло Америка Қўшма Штатлари, Япония, Германия, Озарбайжон, Швеция каби давлатларда бўлган ва ўз малакасини оширган. Шахсий ҳаётга келадиган бўлсак, ҳозирги кунда Абдулло оилали, у икки нафар фарзандни — қизи Мадинахон ва Абдуазимни тарбияламоқда. Келажакда режалари жуда ҳам кўп. Ҳозирги кунда Абдулло социология фанлари доктори (DSc) илмий даражасига эга бўлиш учун ўз илмий тадқиқотларини олиб бормоқда.

Абдуллонинг фикрига кўра, ногиронлиги бор инсонлар жамиятнинг тўлиқ аъзосига айланиб бориши лозим. Айнан ногиронлиги бор инсонлар жамиятнинг ривожланиши ресурси сифатида кўрилиши керак ва уларга жамият томонидан ўз салоҳиятини намоён қилиш имконияти берилиши лозим. Шунингдек, Абдухалилов Абдуллонинг яна бир режаси ногиронлик масалаларини тадқиқ этиш марказини очиш ҳисобланади. Унинг фикрига кўра, бугунги кунда ногиронлик масалалари бўйича қабул қилинаётган қарорлар кўп ҳолларда илмий асосга эга эмас. Ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш парадигмаси эса 50-60-йиллар даражасида. Айнан шунинг учун мазкур марказнинг аҳамияти катта бўлади. Шунингдек, Абдулло жамиятнинг ногиронлиги бор шахсларга нисбатан муносабатини ўзгартириш билан ўз фаолиятини олиб бормоқда. Мактаб, лицей, ОТМларда, давлат ва нодавлат ташкилотларда бу борада семинар-тренинглар олиб бормоқда ва келгусида мана шу фаолиятни кенгайтириш истаги борлигини айтиб ўтди.

“Умуман олганда, келажакдаги орзуларим кўп” деб эътироф этади Абдулло. Ушбу орзуларни амалга ошириш албатта яқинлар ва дўстларнинг кўмаклашуви асосида бўлади. Абдуллонинг фикрига кўра, ҳар бир инсон Аллоҳга, ўз яқинларига, қолаверса ўз-ўзига ишониши керак. Айнан ишонч инсонга катта куч беради. Аллоҳ берган муайян бир дард инсонни ҳаётида ижобий аҳамиятга эга бўлиши мумкин.