Янгиликлар

Бўлажак новаторлар билан учрашув

Жорий йилнинг 19 декабрь куни “Ёшлар” пресс-клубида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Турин политехника университети томонидан стартап экотизимини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, ҳамда уларни илм-фан ва робототехника соҳасига жалб этиш, шунингдек, маҳаллий ёш иҳтирочиларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Deviser” электрон конструктори тақдимоти бўлиб ўтди.


Тадбирда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг молиявий ва иқтисодий ишлар бўйича биринчи проректор Жамшид Иноятходжаев иштирок этишди.


Тақдимот давомида ҳозирги даврда робототехника соҳасида эришилган ютуқлар, хорижий давлатларнинг робототехника соҳасидаги сўнгги янгиликлари бўйича тақдимот ва кўргазмалар бўлиб ўтди, шунингдек мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар ўртасида физика, техникага оид кичик танловлар ташкил этилди. Саволларга тўғри жавоб берган болалар Deviser конструктори билан тақдирланди. Шунингдек болаларнинг робототехника ва электроника бўйича ишланмаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз ғояларини амалга ошириши учун шароит яратиш мақсадида технологияларга ихтисослашган мактаб раҳбарларига Deviser конструкторлари тақдим этилди.


“Deviser” электрон конструктори муаллифи, Тошкентдаги Турин политехника университети талабаси Озодов Абдулҳафиз Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2019 йилнинг июнь ойида ўтказилган стартап танловида ғолиб бўлиб, ўз ишланмаси учун грант ютиб олганди.

“Deviser” электрон конструктори ёшларни робототехника соҳасида бошланғич билимлар ҳосил қилиш учун мўлжалланган ишланма бўлиб, барча қисмлари маҳаллий маҳсулотлардан ишлаб чиқилган ва унинг ёрдамида болалар ўзлари кичик электрон қурилмалар ясашлари мумкин.
Лойиҳа муаллифининг айтишича, конструктор кичик ёшдаги болаларга технологияга, робототехникага қизиқиш уйғотишга ёрдам беради. - Бола конструктордан фойдаланган ҳолда янги лойиҳа яратса, биз бу лойиҳани сотиб оламиз. Бу ҳам болани робототехникага нисбатан рағбатлантиришнинг бир йўли, ─ дейди А.Озодов.


Тадбир доирасида шунингдек Ўзбекистон инновацион ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган, фуқаролиги бўлмаган ҳамюртларимиз - Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Зайнабиддин Абдирашидов, Робототехника йўналишида кўплаб инновацион ишланмаларни ихтиро қилган ёш ихтирочи, "Just Robotics" МЧЖ лойиҳалар бўйича директори Фирдавс Нематзодага Ўзбекистон Республикаси фуқаро паспорти топширилди.


Тадбир сўнгида О.Тўйчиев робототехникага қизиқувчи барча болаларни Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида ташкил этилган робототехника тўгарагига таклиф этди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги
Ахборот хизмати