Янгиликлар

Беларусь олимлари билан антропология ва нумизматика соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишилди  

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашларнинг раислари ва аъзоларидан иборат делегация аъзолари Беларусь Миллий Фанлар академиясининг Физика ҳамда Тарих институтларига ташриф буюриб, академия фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Делегация аъзоларида “Медицина ва биология учун лазер-оптик технологиялар” марказида бажарилаётган илмий-тадқиқот ишлари жуда катта қизиқиш уйғотди. Марказ ходими Алиаксандр Микулич бу ерда яратилган ишланмалар ва асбоб-ускуналар билан таништирди.

Янги туғилган чақалоқлардаги сариқликни фитотерапия йўли билан даволайдиган “Малыш” аппарати 2010 йилда яратилган бўлиб, шу кунгача 3000 дан зиёд аппарат ишлаб чиқарилган. Марказ республикадаги етакчи тиббиёт муассасалари билан яқин ҳамкорликда ишлайди. Қондаги билирубин миқдорини аниқлайдиган “АНКУБ спектр” анализатори ҳам марказ ходимлари томонидан яратилган бўлиб,  тиббиёт муассасаларига татбиқ этилган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозим, Физика институти 1955 йил 17 январда ташкил этилган бўлиб, унинг таркибида 26 та илмий лаборатория, 12 та илмий марказ мавжуд. Бундан ташқари, институт таркибида 2 та экспериментал ишлаб чиқариш бўлими ҳам фаолият юритади. Институтда жами 331 нафар ходим фаолият юритади, шундан 58 таси фан доктори, 107 таси фан номзоди. Беларусь МФА академиклари 12 нафарни, мухбир аъзолари 6 нафарни ташкил этади. 

 “Диагностик тизимлар” марказидаги юқори сезгирликка эга LSM-510 аппарати тирик ҳужайрада кечадиган жараёнларни ва тўқима ҳужайра таркибидаги оксилларнинг тузилиши ва структурасини аниқлаб бериши билан аҳамиятлидир. Бу аппарат онкологик шишларни прогноз килиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар делегация аъзолари катта қизиқиш уйғотди.

Делегациянинг Ижтимоий-гуманитар йўналишда аъзолари Беларусь МФА қошидаги Тарих институтига ташриф буюрдилар. Академия тизимида илмий кадрларни тайёрлаш ва илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчи ушбу институт давлат дастури асосида тузилган беш йиллик режа асосида фаолият юритади. Бу масканда 50 га яқин изланувчилар илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бормоқдалар.

Илмий лойиҳалар юқори турувчи ташкилотларга, вазирлик ва давлат идораларига концепциялар тарзида берилади. Жумладан, музейлар учун археологик материаллар асосан Тарих институтидан олинади. Фан ва таълим интеграцияси анъанавий усулда, яъни дарсликлар тайёрлаш ва институт илмий ходимларининг таълим тизимига жалб этиш орқали таъминланади. Институтда Беларусь давлатчилиги тарихига катта эътибор қаратилган. Ёш археологлар мактаби ёз ойларида археологик қазишмаларга мактаб ўқувчиларини жалб этиш тарзида фаолият юритади.

Институт фаолияти давлат дастурлари ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Институт илмий ишлар бўйича директор ўринбосари В.Л.Лакизанинг билдиришича, ижтимоий-гуманитар соҳадаги тадқиқотларни баҳолашда унинг ижтимоий аҳамиятига эътибор қаратиш зарур. Бу йўналишдаги тадқиқотларни аниқ, табиий ва техника соҳасидаги тадқиқотлар мезони билан баҳолаб бўлмайди. Шуни назарда тутган ҳолда Беларусь давлатининг илм-фан соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари такомиллаштирилаётганлигини  таъкидлади.

Музокаралар давомида Беларусь олимлари томонидан антропология, нумизматика соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, Марказий Осиёда насронийлик, Ўзбекистонда беларусь диаспораси, 5-6 асрларда гуннлар миграцияси ва уларнинг Осиё ва Европа халқларига таъсири мавзуларида истиқболли лойиҳаларни шакллантириш юзасидан таклифлар билдирилди. Делегация аъзолари Тарих институти қошидаги Археология музейига саёҳат уюштирдилар. Музей экспонатлари мазмун жиҳатдан салмоқли, сон жиҳатидан унча кўп бўлмаганлигини инобатга олинса, бундай тажрибаларни амалда қўллаш назария ва амалиёт интеграциясини таъминлашга хизмат қилади.

Ўз навбатида, делегация аъзолари Давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларни илмий-техник экспертизадан ўтказиш жараёнида ҳамкорлик қилиш учун экспертлар гуруҳига жалб этилиши мумкин бўлган номзодлар билан танишиб, истиқболдаги режалар хусусида келишиб олдилар.