Янгиликлар

Инновацион лабораторияда жамоа билан ишлаш кўникмалари ва муаммолар ечимида ижодий ёндашув бўйича тренинглар ўтказилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилган Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораториясида давлат хизматчилари учун “Жамоада ишлаш ва лидерлик кўникмалари”, ҳамда “Муаммоларни ечишда ижодий (креатив) ёндашув” мавзуларида тренинглар ўтказилди.

Тренингларни сиёсий фанлар доктори, психология фани номзоди, профессор, бизнес-тренер Алишер Файзуллаев ўтказди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораторияси давлат бошқаруви тизимида инновацион ёндашувлар ва ечимларни жорий этиш ва синовдан ўтказиш учун барча вазирлик ва муассасалар учун очиқ платформа вазифасини ўтамоқда.

Тренинглар интерфаол ўйинлар, муайян вазиятларни таҳлил қилиш, муҳокамалар ва умумлаштириш усулларини қўллаган ҳолда ташкил этилгани алоҳида аҳамият касб этди. “Жамоада ишлаш ва лидерлик кўникмалари” мавзусидаги тренингда жамоада ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари, жамоани шакллантириш тамойиллари, рақобатчилар ва ҳамкорлар билан самарали алоқалар ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди. Жамоага бошчилик қилиш бу масъулиятни бўйинга ола билиш эканлигига алоҳида эътибор қаратилиб, қийин вазиятларда, дейлик, рақобат кучли муҳитда бошқарув, ташкилотчилик ва ўзаро муносабатларни қуришнинг нозик жиҳатлари таҳлил этилди. Мақсадга эришиш учун муваффақиятга ўзини ва атрофидагиларни ишонтира билиш ҳам бир маҳорат бўлиб, бунда ижодий фикрлашни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, жамоага раҳбарлик қилишда инсоннинг оптимист бўлиши, ўз ҳиссиётларини жиловлай билиши ҳам муҳимдир. Раҳбар атрофдагиларни тинглаши, уларга руҳий таъсир кўрсата олиши зарур, шунингдек у ўз қўли остидаги ходимларга баъзи ваколатларни бериши ва назорат қилиши лозим.

“Муаммоларни ечишда ижодий (креатив) ёндашув маҳорати” тренинги иш жараёнида ижодий фикрлаш кўникмасини қўллаш, уни ривожлантиришга бағишланди. Интерфаол ўйинлар, махсус машқлар орқали иштирокчиларнинг ижодий имкониятларини очиш, уларни намоён этишга ҳаракат қилинди. Ўз навбатида ноанъанавий фикрлайдиган инсонларнинг ҳаёти ёрқин, тўлақон бўлиши, улар ўзини ҳаётда бахтли ҳис қилишларини инобатга олиб, бу хислатни ривожлантириш одамнинг ўзига ҳам, у ишлайдиган жамоага ҳам кони фойда эканлиги таъкидланди. Шу билан бир қаторда ижодий, инновацияларга ўч жамоаларгина келажакда муваффақият қозониши мумкинлиги ҳақида сўз юритилди. Ижодкорлик бу атрофга синчковлик билан назар ташлаш ва янгиликларни қабул қила олишдан, табиийлик ва эркинликдан, масалага “шўнғиб” кетишдан, меҳнаткашлик ва интизомга риоя қилишда иборатдир.

Тренингда муаммоларга ҳаётнинг бир қисми сифатида қараш лозимлиги тўғрисида ҳам гапирилди. Негаки муаммо бўлмаса, ҳаёт ҳам бўлмайди, деди А. Файзуллаев. Унинг фикрича, айнан муаммолар имкониятларга замин яратади. Одамлар ёки ташкилотлар муаммони кўрмасликлари ёки ундан қочишлари мумкин, лекин энг тўғри йўл бу муаммоларни ижодий ҳал этишдир.

Хулоса қиладиган бўлсак, мазкур икки тренинг, давлат хизматчилари кундалик дуч келадиган вазиятларда тўғри ва самарали йўл тутишлари учун туртки бўлди, дейиш мумкин.