Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Қорақалпоғистонга сафар қилди

18-20 август кунлари Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Қорақалпоғистон Республикасида хизмат сафарида бўлди.

19 август куни Қорақалпоғистон Фанлар академияси олимлари билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда вазир илм-фан соҳаси олдидаги муҳим вазифа — юртимиз иқтисодиётини инновацион ва технологик жиҳатдан тўла-тўкис таъминловчи, самарали ва рақобатбардош тадқиқот ва ишланмаларни шакллантириш эканлигини қайд этди.

Вазир илмий-техник лойиҳаларни грант асосида молиялаштиришнинг янги тизими ҳақида йиғилганларга маълумот берди. Эндиликда мавзуга оид грантларнинг мавзулари ишлаб чиқариш тармоқлари билан ҳамкорликда, уларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда шакллантириш тизими жорий этилганига алоҳида урғу берди. Шунингдек, илмий техник лойиҳалар танлови мунтазам равишда эълон қилиб борилаётгани боис уларда ва мавзуларнинг шакллантиришда фаол иштирок этишга чақирди.

Илмий-техник лойиҳалар танлови саралаш жараёнининг ҳаққоний ва шаффофлиги лойиҳани қабул қилиш, ўрганиш ва қарор чиқариш занжирининг ҳар бир босқичи бир-бирига боғлиқ бўлмаган ва бир-бирига таъсир кўрсата олмайдиган мустақил жараён эканлиги билан таъминланади. Вазир жараённинг ҳар бир босқичи узилгани, манфаатдор томонларнинг ўзаро тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишларига йўл қўйилмаслигини таъкидлаб бу танловларнинг шаффоф ўтишини таъминлашини айтди.

18 август куни И. Абдураҳмонов Нукус шаҳридан 100 километр узоқликда жойлашган Қораузак тумани Қораузак фуқаролар йиғинида жойлашган 25- ва 13-умумтаълим мактабларида бўлди. Юртимизнинг энг чекка жойларидан бирида жойлашган мазкур мактабларни замонавий талабларга жавоб бериши, у ерда ўқийдиган ўқувчиларнинг янги билими ва кўникмаларни эгаллашини таъминлаш мақсадида у ерда компьютер синфлари ва инновацион кутубхоналар ташкил этилиши лозимлиги қайд этилиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги мазкур вазифаларни бажаришда кўмак беришига келишилди.