Янгиликлар

“Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ғолиблари билан танишинг

Жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган “Innoweek.uz-2019” – инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йилида таъсис этилган бўлиб, у инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантириш ва уларни амалиётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшган ёш олимлар ва талабалар ҳамда ташаббускор фуқароларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш ва эришган ютуқларини муносиб тақдирлаш мақсадида берилади.

Тақдирланган номзодлар билан сизларни таништириш мақсадида расмий саҳифаларимизда улар ҳақида маълумот бериб борамиз.

“Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ғолиби Эрматова Зулайхо Рустамжон-қизи «MADADKOR» - ер майдонларини бегона ўтлардан тозалаш машинасини яратган.

Машинанинг иш жараёни қуйидагича кечади: ишга туширишдан олдин машинанинг асосий ишчи органи иш ҳолатига туширилади. Агрегат ҳаракатланганда чангаклар вал билан бирга айланиб, кетма-кет равишда тупроққа бурчак остида кириб боради ва ҳайдов қатламидан ажриқ ёки бошқа бегона ўт илдизларини илаштириб юқорига олиб чиқади ҳамда мосламанинг бармоқчаларига ўтказади. Илдизпояларни бармоқчалар илиб олиб, машина кузовига ташлайди. Агрегатнинг иш тезлиги 12-15 км/с.

З.Эрматова Фарғона вилояти Данғара туманида туғилган. Мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, республика ва халқаро кўрик-танловлар ҳамда фестивалларда ўз истеъдодини намоён этиб келмоқда.

У 2012 йил январь ойида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадасида физика фани бўйича вилоят босқичида 3-ўринни эгаллаган.

2017 йил 6-8 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси фан ва технологиялар агентлиги томонидан ўтказилган “Инновацион ғоялар-2017” республика танлови ғолиби.

2018 йил 8 март куни  “Зулфия” номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.

2018 йил 13 апрел куни Интелектуал мулк агентлиги томонидан “Суғориладиган ерларни бегона ўтлардан тозалаш” машинаси фойдали модель учун патент олди.

2019 йил 26 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интелектуал мулк агентлиги томонидан ўтказилган “BEST IP-2019”- энг яхши интеллектуал мулк объектлари учун танловининг Республика танлови ғолиби.