Янгиликлар

Она тилимиз қадрини ва қаддини кўтаришга ким масъул?

 

Таниқли олим, моҳир таржимон Ғайбулло ас-Салом: “Ё раббий! Ўз тилида фикрлай олмайдиган кишилар, ўз тилида ёза олмайдиган ёзувчилар, ўз тилида ўқий олмайдиган ўқувчилар, ўз тилида илм ярата олмайдиган олимлар, ўз тилида ваъз ўқий олмайдиган воизлар, ўз тилида куйлай олмайдиган хонандалар пайдо бўлди… Санъаткорларимиз, нотиқларимиз, аҳли ҳунарманд, аҳли фуқаро, аҳли ҳукамо ва аҳли фузало ўз тилида бир нима дея олмаса… деб куйиниб ёзган экан. Бу фикрлар собиқ шўролар даврида – руслаштириш сиёсати айни авжида бўлган бир пайтда айтилган. Ўзбек тилига расман давлат тили мақоми берилганига ўттиз йилдан кўпроқ вақт бўлди, аммо ҳали ҳануз олимнинг фикрлари ўз долзарблигини йўқотмади. Нега? Чунки биз тил сиёсатини собитқадамлик билан амалга ошира олмадик, мамлакатимизда яшовчи бошқа миллатлар тилига ҳурматсизлик бўлмасин дея ўз тилимизнинг қадрсизланишига-да рози бўлдик. Аҳён-аҳёнда ва 21 октябрь санасида хўжакўрсинга ўтказидаган тадбирвозликларни айтмаганда, тил соҳасида арзирли бир ислоҳотни амалга оширмадик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида “давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарурлиги,  “бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши” алоҳида қайд этилди. Фармонда белгиланганидек, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами сифатида нишонланадиган бўлди, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди.

Фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқдарда кескин-баҳс ва мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Қонун лойиҳасига эътироз билдираётганлар Ўзбекистон Республикасидаги барча давлат органлари ва ташкилотларида иш юритиш давлат тилида бўлиши шарт ва мажбурий эканлигини тушунишни айнан нима учун хоҳламаётганликларини ишончли далиллар билан асослаб бера олмаяптилар. Улар рўкач қилаётган сабаблар эса қумдан ясалган қалъадек таассурот қолдиради, озгина мулоҳаза юритсангиз, фикрларингизга дош беролмай нураб кетаётганини ҳис қиласиз. Давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун жавобгарлик белгилашдан мақсад “Пушкин тилига” жарима қўллаш ёки уни камситиш эмас, балки ўз юртида “Навоий тили”нинг ҳурматини жойига қўйишдир.

Очиғи, мамлакатимизда иш юритиш давлат тилида амалга оширилиши керакми ёки йўқми деб мунозара қилишнинг ўзи ҳам кулгили, ҳам ачинарли ҳолат. Ўзини, миллий тили ва қадриятларини ҳурмат қилган давлатда иш юритиш албатта давлат тилида амалга оширилади.

Бошқа тилларни камситмаслик, уларга нисбатан бағрикенг бўлишда эса бизга тенг келадиган миллат йўқ. Ўзбекистонда таълим еттита тилда олиб борилишининг ўзиёқ бу фикримизнинг ёрқин исботидир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган тўлдиришни қўллаб-қувватлаган ҳолда мазкур ҳуқуқбузарлик такроран содир этилса, жарима миқдорини ошириш ва мансаб лавозимидан озод этишгача бўлган чоралар ҳам назарда тутилиши мақсадга мувофиқ деб биламан. Қолаверса, давлат идорасига ишга қабул қилишда ходим давлат тилида иш юритиш малакасига эга бўлиши шартлигини ҳам қонунлаштириш пайти келди.   

Она тилимизнинг мавқеи ва нуфузини ошириш биргина вазирлик ёки идоранинг иши эмас. Бу вазифа кенг кўламли ишларни, барча давлат ташкилотлари ва жамиятнинг баҳамжиҳат ҳаракатини тақозо этади. Ҳар бир вазирлик ва ташкилот ўз ваколатлари доирасида ушбу муҳим тадбирда фаоллик кўрсатиши зарур.

Шу жиҳатдан олиб қараганда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан она тилимиз мавқеи ва нуфузини оширишга, миллий адабиётимизни дунё миқёсида кенг тарғиб этишга бағишланган қатор танловлар эълон қилинганлиги, бир неча долзарб мавзудаги лойиҳалар молиялаштирилганлиги эътиборга моликдир.

Жумладан, ҳозирги кунда илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида йиллик молиялаштириш ҳажми 6,1 млрд. сўм бўлган 4 та фундаментал, 8 та амалий лойиҳа ҳамда 3 та инновация ишлари бажарилмоқда.

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор ўқитувчилари томонидан бажарилаётган “Ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий асосларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа натижасида ишлаб чиқариш корхоналари, савдо-сотиқ шохобчалари, маҳсулот ёки товарларнинг номланиши тартибга солиниб, Ўзбекистонда янги – нейминг хизмати йўлга қўйилади. Дунё амалиётида хизматнинг ушбу тури пайдо бўлганига анча вақт бўлган эса-да, мамлакатимизда бу соҳа эътибордан четда қолаётган эди. Тадқиқот устида иш бошланганига ҳали кўп вақт бўлмади, лекин натижалар салмоқли. Университетда “Нейминг лабораторияси” ташкил этилди, интернет тармоғида uz.nom.uz сайти ишга туширилди, ном яратишнинг миллий технологияси ишлаб чиқилиб, номлар захирасини шакллантириш устида саъй-ҳаракатлар бошланди. Илмий жамоа аъзолари ишлаб чиқариш корхоналари, савдо объектлари, маҳсулотларга берилган номларни тўплаб, таҳлил қилмоқдалар. Келажакда янги корхона очишни ёки маҳсулот ишлаб чиқаришни мақсад қилган тадбиркор нейминг хизматига мурожаат қилиб, сифатли хизмат туридан фойдаланиши мумкин.

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклор  институти олимлари томонидан амалга оширилаётган “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва уни текстологик ўрганиш масалалари” мавзусидаги фундаментал лойиҳа ўзбек халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдоналарини келажак авлодга етказиб беришда, бой миллий санъатимиз ва қадриятларимизни тарғиб этишга хизмат қилади.

Бугунги кунда хорижий мамлакатларда ва ўзга тилда сўзлашувчилар орасида ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ва эҳтиёж кучли. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида бажарилаётган “Хорижий тилларда сўзлашувчилар учун ўзбек тилини интенсив ўргатувчи мультимедиа маҳсулотларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа якунида қизиқарли аудио, видео ва мультимедиа маҳсулотлари яратилади. Шу билан бирга, ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаш мезонлари, баҳолаш усуллари ва топшириқлар тўплами ишлаб чиқилади.

Бугунги глобаллашув ва фан-техника асрида гегемон бўлмаган тилларнинг яшаб қолиши шу тилда сўзлашувчиларнинг саъй-ҳаракатига ва миллий тилини ахборот комммуникацион технологиялар тилига айлантира олишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Филология фанлари доктори Б.Менглиев “Ўзбек тили яшаб қоладими?” номли мақоласида “ўзбек тили ҳам ўз ёзувига, давлат тили мақомига эгалиги, 30 миллиондан ортиқ сўзлашувчиси борлигини таъкидлаб, унинг ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тили даражасига кўтарилмаётганидан, натижада “эҳтиётталаб тилларқаторига тушиб қолганидан ёзғиради. Ўзбек тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш, нуфузи ва мавқеини оширишда миллий тил корпусини яратиш муҳим аҳамият касб этади. “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳа мана шу йўлдаги дастлабки тадқиқотлардан биридир.

Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида “Ўзбек адабиётининг кўп тилли (ўзбек, рус, инглиз тилларида) электрон платформасини яратиш”, “Ҳозирги замон ўзбек лексикологияси (метафорология)”нинг “Ақлли кутубхона” электрон платформасини яратиш”,  “Умумтаълим мактаблари учун она тили ва адабиёт фанларидан услубий қўлланмалардан иборат мультимедиа маҳсулотини яратиш”, “Ўзбек фольклорининг веб-сайти ва мультемедиа маҳсулотини яратиш” сингари мавзуларда лойиҳалар танловлари эълон қилинди. Вазирлик миллий тил соҳасидаги тадқиқотларни мунтазам қўллаб-қувватлашда яна давом этади.

Тил – миллатнинг руҳи. Руҳ қанчалик кучли бўлса, шу қадар буюк ишларга қодир бўлади. Хўрланган, ҳақоратланган, топталган руҳда нари борса аламзадалик кайфияти уйғониши мумкин, лекин буюк ишларга дохил бўла олмайди. Шундай экан, тил соҳасидаги сиёсатда ҳам мустақил бўлмоғимиз даркор. Зеро, она тилимиз қадрини ва қаддини кўтаришга бошқалар эмас, фақат ўзимиз масъулмиз.

 

Шаҳноза Эргашева,

филология фанлари номзоди