Янгиликлар

“Стартаплар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси онлайн муҳокама қилинди

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 27 апрель куни “Стартаплар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига тақдим этилди (https://regulation.gov.uz/ru/document/17135-startaplar_t%D1%9E%D2%93risida).

Қонун лойҳаси муҳокамасида Тошкент давлат педагогика университетининг докторантлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Университет ректори Алишер Умаров ташаббуси билан жорий йилнинг 5 май куни Инновацион ривожланиш вазирлиги мутассадилари иштирокида ушбу қонун лойҳасининг онлайн муҳокамаси ташкил этилди. Тадбирда 57 нафар докторантлар ва 50 нафардан ортиқ изланувчилар, университетнинг илмий ишлар ва инновациялар проректори тузилмасидаги барча ходимлар қатнашди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Олимжон Тўйчиев “Стартаплар тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмуни ва моҳияти бўйича тақдимот ўтказди. 8 та боб, 33 та моддадан иборат Қонун лойиҳасининг мақсади стартап-экотизимни давлат томонидан тартибга солишдир. Қонун стартапларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, стартап-экотизим субъектлари фаолиятини амалга ошириш, кўмак дастурларида стартапларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш, кўзда тутилган имтиёзлар ва преференциялар, стартапларни рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш, сертификатланган бизнес-инкубаторлар ва акселераторлар, малакали индивидуал ва корпоратив инвесторлар, стартапларни молиялаштириш манбаларини мувофиқлаштиришга қаратилган.

О.Тўйчиев стартап-экотизимни ташкил этиш ва ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб, республикамизда инвестициявий жозибадор муҳит шакллантиришда ҳамкорлик қилишга чақирди.

Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш таклифи билан сўзга чиққан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Илмий-тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Азиз Абдазимов қонун лойиҳасида “Стартап”га берилган таърифни қайта кўриб чиқиш, венчур капитал соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш ва венчур капитал ташкилотларини стартапларга инвестиция киритишга рағбатлантириш юзасидан янада аниқ тушунтришлар бериш зарурлигни таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳасининг муҳокамаси жорий йилнинг 12 май кунига қадар давом этади.