Янгиликлар

Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши йиғилиши ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қошида ташкил этилган Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг 2019 йил 7 июлдаги қўшма қарорига мувофиқ “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг қошида ташкил этилган Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашининг навбатдаги йиғилиши онлайн шаклда ташкил этилди. Йиғилишга Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислик қилди.

Ҳозирда юртимизда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича барқарор ўсиш суратларини таъминлаш йўлида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш шулар жумласидандир.

Илмий-техникавий кенгаш йиғилишида янги авлод олигомер антиперинларини қўллаб, ёғоч қурилиш материаллари ва буюмларининг ёнғинбардошлигини ошириш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳаси кўриб чиқилди. Лойиҳага доир масалалар муҳокама қилиниб, тегишли саволларга жавоблар олинди.

Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини бажариш мақсадида йиғилишда“Маҳаллий хом ашё асосида полинилхлорид (ПВХ)дан буюмлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш ва уни ишлаб чиқариш амалиётга жорий этиш”лойиҳаси бўйича юзага келган масалалар ўрганилди. Мазкур лойиҳада маҳаллий хом ашё асосида ПВХдан қурилиш материалларининг янги турларини олиш ва уларнинг асосий хусусиятларини ўрганиш, тажриба намунасини қурилишда синовдан ўтказиш ва натижаларни умумлаштириш, шунингдек, . ишлаб чиқариш технологияларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Шу ўринда Муқобил ёғоч материалларидан МДФ плиталарини ишлаб чиқариш мақсадида янги хом ашё ресурсларини ишлаб чиқиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари ҳам олиб борилиши йўлга қўйилмоқда. Бунда МДФ плиталарини ишлаб чиқаришда ёғочнинг ўрнига ишлатиш учун янги турдаги хом ашё материалларини топиш ва уларнинг асосий хусусиятларини ўрганиш назарда тутилади.Шу мақсадда “Полиолефинлар ва ёғоч чиқиндилари асосида декоратив ёғоч-полимер композицион материаллар ишлаб чиқариш технологияси” лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қурилиш Вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” қўшма қарорига мувофиқ ташкил этилган Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши йиғилишида тақдим этилган лойиҳаларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.