Янгиликлар

Илмий ташкилотларнинг миллий рейтинги тизими шакллантирилади  

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасида илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги фармони лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали regulation.gov.uz га жойлаштирилди (

https://regulation.gov.uz/uz/document/17541). Муҳокама жорий йилнинг 22 майига қадар давом этади.

Ўзбекистон Республикасида илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида илм-фанни тизимли ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар назарда тутилади:

илм-фан тараққиётини таъминлаш давлат ва хусусий секторнинг асосий вазифаларидан бири ҳамда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик йўналишларидан бири сифатида белгилаш;

жамият ва иқтисодиётнинг реал сектори томонидан инновацион технологияларни жорий  қилинишини ҳар томонлама рағбатлантириш ва маҳаллий илмий салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда инновацион фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

илм-фанни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва уни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида илм-фанга йўналтирилаётган маблағларни мамлакат ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини мақсадли параметрларга мувофиқ ошириб бориш.

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга бориб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига кириш мақсадидан келиб чиққан ҳолда мазкур Концепцияни амалга ошириш самарадорлиги ва натижадорлигига оид асосий мақсадли кўрсаткичларга эришиш режаси қўйилганлиги қайд қилинади.

Ҳар уч йилда 1 марта маҳаллий илмий салоҳиятнинг давлат илмий-техник экспертизасининг ва фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларининг ҳалқаро аудит ташкилотлари томонидан мустақил фан аудити ўтказилади.

Шу билан бирга, вакоатли давлат органи томонидан йиллик мониторинг тизими йўлга қўйилиб, мустақил фан аудити натижалари билан уйғунлаштирилган илмий ташкилотларнинг миллий рейтинги тизими шакллантирилади.

Илмий ташкилотларда форсайт гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади ва форсайт тадқиқотлари ўтказиб борилади.

Илм-фанда ўз-ўзини бошқариш тизимини йўлга қўйиш, илмий йўналишларни шакллантириш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш  ҳамда  илмий мактаблар, фан намояндалар ва етакчи олимларнинг соҳадаги маъсулиятини ошириш мақсадида ҳар бир фан йўналишлари бўйича нодавлат-нотижорат ташкилотлар сифатида Фан жамиятлари ташкил қилинади ва фаолияти йўлга қўйилади.

 “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонун,  “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” Президент Фармони, йиллик давлат дастурлари ва Президентнинг мурожжаатномасидаги топшириқларга ҳамда ушбу Концепция вазифаларига ҳамоҳанг тарзда:

а) 2020 йил давомида, 4 та устувор йўналиш – математика, биология, кимё ва геология соҳасин ривожлантиришга қаратилган қатор Президент ва хукумат қарорлари;

в) 2020-205 йилларда мамлакатда биотехнологияларни ривожлантириш бўйича давлат дастури ва унинг доирасида “Биотехнология ва ген инженерлиги фаолияти тўғрисида”ги қонун ва биотехнологияни ривожлантиришга асос бўладиган қатор қонун хужжатларига ўзгартиришлар;

г) “Инновацион фаолият тўғрисида” ҳамда “Стартаплар тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари;

д) 2021-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожланиш стратегияси;

е) Миллий сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси;

ё) ялпи ички маҳсулотга нисбатан илм-фанни молиялаштириш улушини ошириш бўйича стратегик норматив-хуқуқий ҳужжатлар;

ж) Ихтирочилик ва рационализаторлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг норматив-ҳуқуқий баъзаси ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.

Илм-фан соҳасига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар босқичма-босқич 2022 йилгача ялпи ички маҳсулотнинг 0,8 фоизи миқдоригача оширилади. Бунда ажратилган маблағлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик муҳим йўналишларига мувофиқ илмий-тадқиқотларни ташкил этиш ва илмий ҳажмдор маҳсулотлар яратиш бўйича илм-фанга оид давлат, ҳудудий, ва халқаро дастурларини ҳамда стартап лойиҳаларини давлат буюртмаси танловларига мувофиқ молиялаштиришга, янги ишланмаларни тижоратлаштириш, янги фан йўналишлари бўйича замонавий инфратузилмаларни ташкил қилиш, илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини мунтазам янгилаб бориш, олий ўқув юртидан кейинги таълим (докторантура) институтини молиялаштириш каби режалаштирилган чора-тадбирларга йўналтирилади;

Илмий лойиҳаларни хусусий сектор ва тармоқ ташкилотлари билан тенг шерикликда молиялаштириш амалиёти кенгайтирилади. Бунда давлат буюртмаси доирасида корхона муаммоларининг ечимига қаратилган тематик лойиҳалар танловлари ташкил қилиниб, танлов натижаларига кўра тенг шерикликда молиялаштириш йўлга қўйилади. Натижада Хусусий тармоқ корхоналарининг илмий фаолиятни молиялаштиришдаги улуши салмоқли даражада ўсишига эришилади;

Илмий-инновацион лойиҳаларни қўшимча молиялаштириш мақсадида Жаҳон банкининг ишланмаларни тижоратлаштиришга ажратиладиган имтиёзли заём маблағлари жалб қилинади. Жалб қилинган маблағлар грант лойиҳалари кўринишида тадқиқотларни танлов асосида молиялаштиришга, инновацион корхоналар ташкил қилиш орқали янги ишланмаларни тижоратлаштиришга, илмий ва инновацион фаолият экотизимини ривожлантириш ва мамлакатда технологиялар трансфери марказларини ташкил қилишга йўналтирилади;

Илм-фан ва илмий фаолиятга хорижий давлатлар донор ташкилотларининг грантлари, техник кўмак ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилади. Шу мақсадда қатор халқаро илмий фондлар Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилади.

Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илмий лабораториялари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади ҳамда бутловчи қисмлар билан таъминланади. Бунда янги механизмлардан бири сифатида давлат буюртмаси асосида тасдиқланган лойиҳаларга ажратилган маблағларнинг камида 40 фоизини моддий-техник базага йўналтириш асосида ҳар бир илмий лойиҳа доирасида янги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий лабораториялар ташкил этилади. Хусусан, 2020 йилда кимё йўналишидаги та институтда 17 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 7,0 млрд сўмлик, биология йўналишидаги 5 та институтда 9 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 4,4 млрд сўмлик замонавий илмий асбоб-ускуналардан иборат лабораториялар ташкил этилади;

Мавжуд илмий фаолият инфратузилмалари (илмий марказлар, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари) доирасида миллий илмий лабораториялар тармоғи яратилади.

Миллий лабораторияларнинг устувор вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

- илмий ва технологик тараққиётнинг устувор йўналишлари бўйича дастур ва лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

- глобал бозорда рақобатбардош илмий маҳсулотлар ва тижорий технологияларни ишлаб чиқиш;

- халқаро илмий-технологик ҳамкорликда иштирок этиш;

- дунёнинг етакчи илмий марказлари билан ҳамкорликда илмий лойиҳаларни амалга ошириш асосида устувор илмий йўналишлар бўйича илмий кадрлар тайёрлаш.

Концепцияни самарали бажарилиши, хусусан, қуйидаги натижаларга олиб келади:

- илм-фанни асосий, дастурий-мақсадли ва грант молиялаштирилиши орқали давлат ва хусусий секторлар томонидан мувозанатли молиялаштиришга эришилади;

- Good Scientific Practice (GSP) ва Good Laboratory Practice (GLP) стандартларини жорий этиш амалга оширилади;

- GLP ва Good Manufacturing Practice (GMP) стандартлари бўйича халқаро аккредитацияга мос келадиган миллий илмий лабораторияларнинг фаолияти ташкил қилинади;

- плагиат ва илмий ғояларни ўзлаштириш ҳолатларини бартараф этиш имконини берувчи олимларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ишлаб чиқилади;

- хорижий инвесторлар иштирокида илмий марказлар ташкил этилади;

- республиканинг барча олимларининг камида 20 фоизининг хорижий илмий стажировкалар дастурларда иштироки таъминланади;

- замонавий ва ривожланган илмий-инновацион инфратузилмани яратиш ҳисобига илмий ютуқлар алмашинуви кенгайтирилади.