Янгиликлар

Ёшлар академияси платформаларига иқтидорли ва ташаббускор ёшлардан иборат жамоаларни танлов асосида аъзоликка қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ лойиҳаси муҳокамага қўйилди  

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси платформаларига иқтидорли ва ташаббускор ёшлардан иборат жамоаларни танлов асосида аъзоликка қабул қилиш босқичини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида буйруқ лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали regulation.gov.uz га жойлаштирилди (https://regulation.gov.uz/uz/document/17517).

Мазкур низом Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг “Ғоялар генератори”, “Стартаплар”, “Бизнес вакиллари” ҳамда “Бўлажак академиклар” платформаларига иқтидорли ва ташаббускор ёшлардан иборат жамоаларни танлов асосида аъзоликка қабул қилиш босқичини ўтказиш тартибини белгилайди.

Ҳужжатга кўра Ёшлар академиясининг ишчи органи этиб Инновацион ривожланиш вазирлигининг Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси белгиланади. Ёшлар академияси аъзолигига қабул қилиш шаффофлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этилишига Ёшлар академияси Кенгаши масъул этиб белгиланади.

Низомга кўра Ёшлар академияси платформаларига инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантириш ва уларни амалиётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшган 40 ёшдан ошмаган ёш олимлар ва талабалар ҳамда ташаббускор фуқаролар қабул қилинади.

Ёшлар академияси платформаларига аъзолик учун ҳужжатлар йил давомида қабул қилинади. Танлов асосида аъзоликка қабул қилиш босқичи бир йилда камида тўрт марта ўтказилади. Ушбу танловда илмий даража ёки унвонга эга бўлмаганлар, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаганлар ҳам иштирок этишлари мумкин. Аъзолик учун ҳужжатлар Инновацион ривожланиш вазирлиги Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси томонидан қабул қилинади. Ёшлар академиясига аъзо бўлиш истагини билдирганлар Ёшлар академияси расмий веб-сайти www.yoshlarakademiyasi.uz орқали рўйхатдан ўтади.

Танлов асосида аъзоликка қабул қилиш босқичи икки турда амалга оширилади. Биринчи турда аъзолик учун тақдим этилган ҳужжатларнинг босқич талабларига мослиги юзасидан ўтказиладиган техник экспертиза ўтказилса, иккинчи турда биринчи турдан муваффақиятли ўтган ҳужжатлар Ёшлар академияси Кенгаши томонидан экспертизадан ўтказилади, Ёшлар академияси Кенгаши мажлисида кўриб чиқиб, баҳоланади.

Техник экспертизада ҳужжатлар қуйидаги талаблар асосида кўриб чиқилади:

- Ёшлар академияси платформаларига фақат жамоавий тарзда қабул қилинади. Жамоа аъзолари икки кишидан беш кишигача бўлишлари мумкин. Асосланган холларда жамоага қўшимча аъзоларни қабул қилишга йўл қўйилади;

- Жамоанинг ҳар бир аъзоси рўйхатдан ўтаётган пайтида 40 ёшдан ошмаган бўлиши лозим;

- жамоа аъзолари бир вақтнинг ўзида фақатгина битта лойиҳа билан фақатгина бир платформага аъзо бўлиши мумкин;

- Ёшлар академияси аъзолиги учун таклиф этилаётган лойиҳа аниқ бир муаммонинг ечимига қаратилган бўлиши ҳамда ҳаётга татбиқ этиладиган бўлиши керак.

Иккинчи тур техник экспертизадан муваффақиятли ўтган ҳужжатлар сонидан келиб чиқиб ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.

Ёшлар академияси Кенгаши баҳолаш ва очиқ муҳокама натижалари асосида жамоаларни Ёшлар академияси аъзолигига қабул қилиш ёки қилмаслик юзасидан қарор қабул қилади.

Ёшлар академиясига аъзолик муддати топширилган лойиҳани амалга ошириш муддатидан келиб чиқиб белгиланади.

Ёшлар академияси кенгаши томонидан Ёшлар академияси платформалари аъзолигига қабул қилинмаган жамоалар кейинги чоракда ўтказиладиган аъзоликка қабул қилиш босқичига қадар ўз лойиҳалари пухта тайёрлаб, қайта топширишлари мумкин.

Ёшлар академияси платформаларига Ёшлар академияси Кенгаши томонидан қуйидаги ҳолатларда якка тартибда фахрий аъзоликка қабул қилиниши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари соҳиблари;

Маҳаллий ва халқаро фан олимпиадаларида ғолиблари;

Ёшлар академияси Васийлик кенгаши аъзолари ҳамда Инновацион ривожланиш вазирининг тавсиялари билан.