Янгиликлар

Ҳалима Алимова — Ўзбекистон текстиль соҳасининг йирик намояндаси

Эл бошига ташвиш тушиши, дунё ва мамлакатимиз миқёсида турли офатларнинг юзага келиши яна бир бор илм-фанга муносабатимизни қайта қараб чиқишни, унга бўлган эътиборни янада кучайтириш лозимлигини тақозо этади. Бу ўринда илм-фанга бутун умрини бахшида қилган замондошларимиз ва ватандошларимиз ҳақида нималарни биламиз, деган савол туғилади. Улар шу юртда ўсиб, жамиятимиз, юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар, ортларидан кўплаб шогирлдларини етиштирмоқдалар, ўз илмий асарлари ва тадқиқотлари билан юртимиз илм-фани ривожига ҳисса қўшмоқдалар. Уларнинг ютуқлари ортидаги заҳмат, улкан меҳнат туради, улар ҳар куни ўз иқтидорларини чарҳлайдилар, ­ ўқийдилар, ўрганадилар, баҳслашадилар, тажриба орттирадилар, иккиланадилар, ўзларини қийнайдилар. Уларнинг ҳаёт йўлларини, фаолиятларини тарғиб қилиш билан биз илм-фанни тарғиб қиламиз, ёшлар онгига илм олиш қадриятини сингдирамиз. Мана шу тарғиботни амалга ошириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ўз расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида замондош олим ва олималаримиз ҳақида маълумотлар бериб боришга қарор қилди. Демак, “Кун олими” лойиҳамизни бошлаймиз.

Биринчи қаҳрамонмиз хонадонига 9 май арафасида ташриф ҳам буюрдик. Бу эътироф ва иззатга лойиқ инсонлардан бири ­ техника фанлари доктори, профессор Ҳалимахон Алимовадир.

9 май арафасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари эътироф ва иззатга лойиқ инсонлардан бири бири Ҳалимахон Алимова хонадонига ташриф буюрдилар.

Алимова Ҳалимахон Алимовна 1940 йилнинг 21 апрелида Наманган вилоятидаги Учқўрғон шаҳрида туғилди. Оддий ишчи Олимжон ота ва уй бекаси Тожихон аяларнинг тўққиз ўғил фарзандидан кейин дунёга келган қизалоқ хонадонни нурга тўлдиргандек бўлди.

Ҳалимахоннинг катта акаси Набижон 16 ёшида 1941 йили фронтга кўнгиллилар сафида отланди. 1945 йили фашизм устидан қозонилган ғалабадан сўнг ярадор бўлиб , аммо кўкрагини орденларга тўлдириб уйга қайтди.

Ҳозирда мана шу катта оиладан икки киши қолган — Ҳалимахон ва унинг уруш вақтида ўғил қили басраб олинган акаси, қрим татар Анвар (Энвер). Анвар ота 88 ёшга кириб, набиралари ародоғида умргузаронлик қилмоқда.

Ҳалимахон Алимова 1961 йили Тошкент тўқимачилик институтини тамомлагач, Марғилон ипак фабрикасининг смена устаси сифатида иш бошлади ва ўз меҳнати, ғайрати билан 14 минг нафар ходим ишлайдиган йирик жамоанинг раҳбарлик лавозимигача кўтарилди. Фарғона вилоят Комсомол ташкилотига раҳбарлик қилди.

1970—1990 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг енгил саноат бўлими инструктори; енгил саноат вазири муовини; республика Давлат план комитети раисининг биринчи муовини; Ўзбекистон Касаба уюшмаси раиси лавозимларида ишлаган. У Ўзбекистон Компартияси Марказий комитети Сиёсий бюросига номзодлигига ҳамда Республика Олий совети ва СССР халқ депутатлигига сайланган.

Ҳалима Алимова жамоатчилик асосида республика Хотин-қизлар комитетига раҳбарлик ҳам қилди. Шунингдек, Иттифоқ Хотин-қизлар Комитети Президиуми ва Касаба уюшмаларининг бутуниттифоқ марказий кенгаши аъзоси этиб сайланди.

1990 йилдан 2005 йилгача Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ректори лавозимида ишлаш билан бир қаторда у Ҳудудий ректорлар кенгаши раиси сифатида ҳам фаолият юритган. Шу йилларда у 8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағларини, хусусан, Япония ҳукуматининг 4 миллион АҚШ доллари, Германия тўқимачилик ускуналари уюшмасининг 2 миллион АҚШ доллари, Европа Иттифоқининг “Tempus ТАCИС” дастурининг 415 минг АҚШ доллари миқдоридаги грантларини жалб этишга муваффақ бўлган. Шу туфайли институтнинг ўқув-илмий моддий базаси тўлиқ янгиланди, энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган МДҲ давлатлари Олий ўқув юртлари орасида ягона сертификатлаштириш лабораторияси яратилди.

Унинг ректорлик фаолияти давомида институт 36 та хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик шартномалари тузилиб, чет элларда 300 нафардан ортиқ талаба ва ўқитувчи кадрлар тайёрланди, кўплаб халқаро илмий анжуманлар ўтказилди.

Университетнинг илмий даражага эга ходимлари 52 фоиздан 72 фоизга ошди. Институт 7 йил давомида бу кўрсаткич бўйича рейтингларнинг биринчи қаторидан тушмади.

Ҳалима Алимова тўқимачилик техникаси ва технологиясини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишларини фаол олиб бормоқда. У чиқиндисиз ипак технологиясини ишлаб чиққан бўлиб, , 330 тага яқин илмий мақола, жумладан, 12 та монография, 3 та дарслик, 20 тадан ортиқ дарсликлар ва 54 та патент муаллифидир.

Унинг раҳбарлигида 9 нафар техника фанлари номзоди ва 7 нафар техника фанлари доктори тайёрланди ва улар ўз илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар.

Ҳ. Алимова Республикада ва чет элдаги ҳамкасблар орасида муносиб обрўга эга. У Хитойнинг Сичуань енгил ва қоғоз саноати институти ҳамда Россиянинг Иваново тўқимачилик академияси фахрий профессори, Халқаро тўқимачилик академияси академигидир.

У мардона меҳнат учун медаллар (1966, 1971); “Фахрий нишон“ ордени (1976); “Дўстлик” ордени (2017); “Меҳнат фахрийси “ нишони (2018).

Ҳалима Алимованинг ягона қизи Раҳима Алимова ҳам илм-фан соҳасига ўзини бағишлаган, тиббиёт фанлари докторидир. У уч набираси ва тўрт эварасининг суюкли бувижонидир.