Янгиликлар

Жон ичра жоним менинг

Тадқиқот-эссе

Ҳазрат Алишер Навоий “Муҳокаматул-луғатайн” асарида шундай ёзади: “Нуҳ пайғамбар салавотуллоҳи алайҳанинг уч ўғлиғаким, Ёфас ва Сом ва Ҳомдур етишур. ...Ёфасники, тарихлар аҳли Абут-турк битурлар, Хито мулкига юборди ва Сомники, Абул-фурс битурлар, Эрон ва Турон мамоликининг васатида волий қилди ва Ҳомники, Абул-ҳинд дебдурлар, Ҳиндистон билодиға узатти”. Шунингдек, пайғамбар ўғилларидан Ёфас ибн Нуҳни “Ва Ёфас ўғлонники, Абут-туркдур, тарих аҳли иттифоқи била дебдурларки, нубувват тожи билан сарафроз ва рисолат мансаби била қардошларидин мумтоз бўлди” деб шарафлайди.
Замонавий тарих тўфон воқеаларига келганида тайсалланади ва билиб-билмай уни қадимги дунё асотир-ривоятлари қаторига қўшади. Яъни, унинг рўй берганини мутлақ ҳақиқат деб билишдан нимагадир тийилиб туради. Алишер Навоий сўзининг мўътабарлиги шундаки, у даврда тарих ва илмда далил-ҳужжатсиз бирор сўз айтилмаган. Ҳужжатни эса, яна бир буюк бобомиз Абу Райҳон Берунийдан топамиз: “Осорул-боқия” асарининг “Тарихлар моҳияти” бобида Нуҳ пайғамбар тўфонининг қачон рўй бергани ҳақида ўша давр олимлари ҳисобларини қиёслаб, “Бобил ва Калда олимлари... тўфон билан Набоннасар биринчи подшоҳлигининг бошланиши ўртасидаги муддатни икки минг олти юз тўрт йил, Набоннасар билан Искандар ўртасидаги муддатни тўрт юз ўттиз олти йил топганлар”деб хабар беради. Набоннасар подшоҳлиги даври эса эрамиздан аввалги 747-йиллар деб билинади.
Бугунги кунимизга келсак, яна бир қизиқ маълумот ўз олимимиз, филология фанлари доктори, профессор Жаббор Эшонқул тадқиқотларида намоён бўлади. Маълумки, дунёда инсоният яратган энг кўҳна достон – “Гилгамиш”дир. У битилган сополтошлар эрамиздан аввалги асрларда яшаган Ниневия шоҳи Ашурбанипал хазинасини қазиш вақтида топилган. Достоннинг аккад ва шумер тилидаги кўринишлари бор. Баъзилар аккад тилидагисини мукаммалроқ, яъни шумерлар уни аккадчадан таржима қилиб олишган, деб даъво қилишади. Нима бўлганида ҳам, шумер сўзларини бугунги туркий сўзлар билан қиёсласак, шунингдек, достоннинг “Гилгамиш” (“Билгамиш”) деб номланишига диққат қаратсак, анча-мунча сирлар ойдинлашганини кўрамиз (достонларимизнинг номланишидаги ўхшашликлар ҳам шуни таъкидлаб туради, масалан, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”...) Ҳали-ҳозиргача “Гилгамиш”нинг асли шумер тилида битилганми ёки аккад тилидами деган баҳслар тўхтамаган бўлса-да, достонда учрайдиган сўзларнинг ўзиёқ деярли уч минг йил илгариги тарихдан дарак бериб турибди.
Туркий халқлар эпосларининг ўзаги қаҳрамонликдир. “Гилгамиш” достонида ҳам қадимги Урук шаҳрида бўлиб ўтган воқеалардан ҳикоя қилинади. Достон қаҳрамони Гилгамиш самовий хўкизни ўлдиради ва ер остига тушиб, мангулик ўтини олиб чиқади. Нуҳ пайғамбар ўғилларидан ва тўфондан баҳс этдик, айнан шу достон – Нуҳ алайҳиссалом тўфонидан хабар берувчи ягона эпик асардир. Яъни, “Гилгамиш” достони воқеалари билан тўфон бўлиб ўтган даврнинг бир-бирига яқинлигини кўрса бўлади.
Жаббор Эшонқулга кўра, шумерча билан бугунги туркий тилларни, хусусан ўзбекчани қиёслаб кўрсак, анча-мунча ўхшашликларни топиш мумкин. Чунончи, “ота” – “ота”, “эме” – “она”, “кир” – “қир”, “йеш” – “эшик”, “уш” – “уч”, “ме” – “мен”, “геш” – “қуш”, “од” – “ўт” (олов), “йерен” – “эран”, “тег” – “тег” (тегмоқ), “туш” – “туш” (тушмоқ), “узун” – “узун”, “удун” – “ўтин” ва ҳоказо. Бу маълумотларни дунёга машҳур шумершунос олима Муаззез Чиг ва таниқли қозоқ шоири Ўлжас Сулаймон изланишлари ҳам тасдиқлайди.
Устоз Эркин Воҳидов “Сенга тенгдош Помиру оқсоч Тиёншон, ўзбегим” деб бежиз ёзмаган экан-да, деган ўйга борасиз.
Нуҳ алайҳиссаломнинг олий хулқли ўғли Ёфас Абут-Турк замонасидан буён ўзининг тўғрилиги, ота-онасини, миллатини ва ватанини қадрлаши билан донг таратиб келган туркийларнинг яна бир ўғлони - Маҳмуд Кошғарий Чинга ёндош Когурё давлатидан то Булғор элигача бўлган ўлкаларга ёйилиб кетган туркий эл-элатларни қадам-бақадам кезиб, ҳар сўзини луғатга муҳрлаганидан кўпчилик хабардор, бироқ, Когурёдан Булғор элигача масофани кўз олдингизга келтиринг-а. Саккиз минг чақиримдан оз эмас. Маҳмуд Кошғарий ўз луғатида келтирган сўзларнинг кўпи бугунги тилимизда ҳам учрайди. Бунинг учун ўша муҳташам асарни бир варақлаб чиқиш кифоя. Ажойиби шундаки, Маҳмуд Кошғарий сўзлар ташийдиган маъно ўзгаришларини ҳам шарҳлаб ўтган, яъни ер юзининг биринчи туркона изоҳли луғатини тузган.
Тилимиз шундай кўҳна бўлса, элимиз ҳам шунчалар қадимийдир. Қадимий дейилганида шуни назарда тутиш керакки, ўз куч-қудрати билан турли офатларидан эсон-омон чиқиб, бугун ҳам гуркираб яшаб келаётган эл ва тил бу!

* * *
Ўзбек тили шундай бетакрорки, маъноларига маҳлиё бўлмай илож йўқ. Унинг энг ўзига хос жиҳати – ҳеч қачон сўз маъносини мавҳум ва хаёлий бир нималарга боғламайди, қайтанга, аниқ ва ҳаётий далиллар, ҳаракатлар билан бойитиб кўрсатади.
Мисол учун, “куз оёқлади” дейдилар. Ҳа, куз оёқлади, қиш нафаси сезилди. Оёқлаши қанақа бўлади? Оёқ чиқариб хазон боғлари узра кезармикин? Лекин, “Меҳмон-измон оёқлади”, “қўниқнинг оёғи узилди” дейдилар. Куз ҳам меҳмондай келиб-кетар экан-да? Куз кета бошлаганида, саҳарлаб дала-тузни қиров-булдуруқлар қоплайди. Дов-дарахтни ушук уради, эрта қиш ҳаммаёқни қировга буркайди. Яна завқингиз келади: “ушук урди” дегани нимаси? Ушук дов-дарахтни шунақа гангитиб қўярмикин? “Қўниқ” дегани-чи? “Йўлда борар эканман, оқшом қўнди, мен ҳам ўша ердаги бир овулга қўндим”. Биргина “қўнмоқ” сўзининг турли-туманлиги ва ҳаққоний ҳаёт манзарасини акс эттиришига завқланмай илож йўқ.
Эҳ-ҳе, давом эттираверсангиз, адашиб қолишингиз ҳеч гапмас.
Тухум оқидай бўлиб кун чиқди. Тиккага ўрламай, туманли уфқ тоқидан аста кўтарилиб, бир ерга борганида тек қолди, теграсида оқиш доира пайдо бўлди. “Кун ўтов тикди” дейишди кишилар. Ўтов уловга ортилган бўлади, улус бир оз тин олай деганида тушилиб, ўтов тикилади. Қанчадир муддат ўтиб, яна йўлга тушилади. Ҳақиқатан ҳам кун тиккага етар-етмас бир дам тек туриб қолади. Кишилар уни ўзларига ўхшатиб “ўтов тикди” дейишганига нима дейсиз?
Қор момогулдурак билан ёғса, “қиш бола ташлади” дейилган. Қиш-а? Бу ажойиб эл қишни тирик деб тасаввур қилмоқда. У ҳам қайлардадир ҳаёт кечиради, бир сабаб бўлиб, худди қўй-сигирлар, от-туялар сингари бола ҳам ташлармиш!
Ёки “қиличини кўтариб қиш келди”, дейдилар. Шунинг ўзиёқ қишга ўзга мазмун юклаб юборади, яъни уни лашкар деб тасаввур қилади. Умуман ўзбек тили ибораларида одамни ҳайратга соладиган жонлантиришлар бор. “Учқунлаб қорлар ёғди, ўчоқларга ўтинлар қаланди. Олов чирс-чирс қилиб, ҳавода бир вақтнинг ўзида ҳар жойда яшил-қизил учқунчалар ҳосил қилиб ёнаверди”. “Ёниш” сўзи умумий бўлса, “ўт-аланга олди” дегани ниманингдир ўз-ўзидан қизиб, бирданига олов олишини кўрсатади. Ўт ёнгач, чўғ қолади, уни “қўр” дейдилар. Бироқ, аскар тўпиниям “қўр” дейишган, чўғдай ловуллаб турган бир тўп йигит “қўр” бўлмай нима бўлсин?
Ўн йил ўйласангиз ҳам бунақа жойига қўйиб сўзлолмайсиз. Завқланасиз, қайта-қайта ўқиб, ҳузур қиласиз.
Айтимлар-ку ўз йўлига, ҳар бир сўзнинг ўз манзараси, ҳис-туйғуси бор. Масалан, сувни айтинг. “Сув милтираб оқяпти” дейилса, тубидаги қумни сал-пал тўзғитиб қайнаб чиқаётган булоқдан чиқиб, сиртида қуёш нурини акслантириб оқаётган заиф ариқча намоён бўлади. “Жилдиради” деса-чи? Майин сас чиқариб, тагидаги майда тошларни қўзғатиб ингичка оқим билан кун нурини акслантириб оқаётган тип-тиниқ жилға... Тиниқ сув остида, оқим тубидаги тошларнинг рангигача намоён бўлиб турибди. “Шилдиради” дегани яна бошқа. “Шарқиради” дегани-чи? Шовуллаб, гувиллаб, шовқину гулдурос солиб оқаётган дарёлар-чи? Қарсиллаб синаётган, ўкириб-пишқираётган тўлқинлар-чи?
Эл бепоён десангиз, тили ундан ҳам бепоён. Чунки, аввалу охир замонларни ўзида жамлаб олган.
Тилимизнинг яна бир, балки энг қулай жиҳати – сўзлар феълдан, яъни ҳаракатдан ясалиб кетаверади. Бу эса элнинг муттасил ҳаракатда бўлганини кўрсатади. Мисол учун, “қил” деган сўзни олинг – қилиқ, қилмиш... Қилмишга қидирмишни опкелиб улаб қўяди, қарабсизки, мақол ҳам тайёр. Ёки “кўч” сўзидан келиб чиққан “кўчмоқ” феълини кўринг. “Кўчирмоқ” - бир нарсанинг жойини ўзгартиришдан то мактабда бировнинг дафтаридан кўчириб олинган тенгламагача ифодалайди. Тоғу қирдан тош-тупроқ палахса палахса бўлиб жилишини “кўчки” дейдилар, бу ҳам кўчишнинг уйқашлари. Тилинган жой яра бўлиб қотса, ўша қотиб қолган жойнинг битишига “Яра кўчиб тушдими?” дейилади.
“Туз” деган сўзни қарасангиз, ёқа ушлаб қоласиз. “Туз” – “тузмоқ”нинг ўзаги, ана энди бу биргина ўзак нималар қилиб юборибди. “Эл тузди” – элни тузатди, барпо қилди дегани. “Тузук” – қонун дегани, “тузук иш бўлибди” – “маъқул, яъни қонунга терс эмас”, “тузмоқ” – тартиб бермоқ, тузукка мослаб барпо этмоқ. Давлат тузди дегани-чи? Ахир, давлат тузилгачгина тузук бўлади-да! Тузуги бўлгандагина давлат бўлади-да!
Мўлтайиб, сўппайиб, сўлжайиб, шалпайиб, қаққайиб, қийшайиб, қинғайиб... буларнинг ҳар бири алоҳида ҳолатни ифодалайди, киши ҳолатини энг нозик қирраларигача кўрсатади.
Хуллас, қай сўзга қарасангиз, бир тарихдан, бир тақдирдан сўзлайверади. Исмларга назар ташлайсизми? Кимнингдир отаси ё онаси у туғилмасидан аввал оламдан ўтган бўлса, ўз-ўзидан Ёдгор бўлади, бу эса “Ёд” – ёдламоқ сўзига уйқаш. Бунақа исмлар кўп, масалан, Тўхтасин – ҳаётда қолсин ёки биронта жуфт кетма-кет бола кўраверса, етар энди, тўхтайқолсин деган ниятда қўйилади. Тавба, шундан кейин тўхтармикин? Яна кимдир кетма-кет қиз кўраверса, кенжа қизалоққа “Ўғилой”, “Ўғилча”, “Улбўсин” деб исм беради, қарабсизки, кейинги фарзанд ўғил бўлиб туғилади. Пардавой дегани – пардаси билан, Холдор – холи билан туғилган, Анорбой – анордай доғи бор киши, Ортиқбой – бир ери ортиқ, Давлатбек – давлат олакелсин деб қўйилган. Яна, орзуларни ҳам ифодалаши-чи? Орзухон деган аёл бўларди. Мукаррам-чи? Хосият-чи? Назира-чи? Ибодат-чи? Ҳар исм ортида ота-онанинг бир орзу-армони турганини кўрасиз. Мукаррам деса, шу қизалоқ дунёга келди, мукаррам бўлсин деган, Хосият деса – хосиятли бўлсин, Ибодат – ибодатли-имонли бўлақолсин деб турган ота-она гавдаланади. Ҳа, манзарага қаранг, ахир: ичкарида кўзи ёриган онаизор, чақалоқ биғиллаши, ташқарида дояга дўппсига қўшиб бор-будини бериб, қувончи еру кўкка сиғмаган ота...
Жон-жигар исмлари-чи? Ҳа, “оға” деса, жонга яқин қайишадиган ҳис бор. “Ини” десангиз, оға қошида иззатини билиб турган навниҳол ўсмир жонланади. Сингил сўзида меҳр-муҳаббат, она сўзида қуёш тафти бор, отада улуғворлик, салобат ҳамда ҳайбат, амма-амакида ота қиёфаси, тоға-холада она меҳри бор... Тавба! Сингилнинг “Акажон” деб чопиб келиши меҳрни ифодаласа, “Жон ака” дейиши ялинишдай бўлиб қоларкан.
Эни-ю бўйига минглаб чақиримга яcланиб кетган шу қутлуғ элнинг қишлоқ номлари ҳам тилга кириб, тарихлардану кишилар ҳаётидан дарак беради. Қирқлар ким? Юзлар, минглар, қўнғирот, барлос, қитан, яйпан-чи? Авазбой, Зоҳидон не? Капа-чи? Олчин, Самандарак, Олтиқуш, Ўйрот, Жалойир, Бешкапа, Яйпан, Чомоч, Жилва... “Теварагингиздаги номларга диққат қилинг, камида юз, бўлмаса минг йиллик тарихдан сўзлайди”.
Шуларни мулоҳаза қилиб, ҳар сўз ортида тумонат кишилар ҳаёти, турмуш тарзи, тутумлари турганини кўриб, қонда яшаб турган миллат руҳи янада жўшиб, “Бор бўлгин, она тилим” деб юборасиз.

* * *
Бу ажойиб тил шунақанги тарихлардан ҳикоя қилади-ки!
Бағридаги маъноларини очиб юборади.
Жуда олис замонларда чорва ёйилган яйлоқлардан, улус ўнгирлардан эниб келиб қишлагани тўхтаган, бир ёнида шарқираб қор суви оққан қишлоқлардан, йигит-яланг ўлжа тушишини кутиб писиб ётган овлоқлару пойлоқлардан, юз-кўзи оппоқ нурга чулғанган ой момолардан, митти қўлчаларида бир чечакни тутиб алпанг-талпанг юрган ой қизалоқлардан, дунёнинг энг қадим достонларидан, тоғу тошларнинг кўҳна битикларидан ҳикоя қилаверди. Мен жуда қадимийман, дейди. Кишилар бағрида яшайвераман, эл ҳаётини ўзимга жо қилиб олавераман, у борки, мен ҳам борман, дейди...
Гилгамиш, Алпомиш, Эр Тўнга замонидан яқинроқ келсангиз, Кўктурклар ҳукмдори Билга Хоқон иниси ўлимидан изтиробга тушиб, шундай сўзларни айтадики, қайғусига шерик бўласиз: “Ўзимча қайғурдим. Бир Тангри яшар. Киши ўғли ўлгали туғилар экан... Кўзга ёш келади. Атаганда кўнгилдан ҳўнграш келади....” Манзарани ҳис қиляпсизми? “Отини атасам, кўнглимдан ҳўнграш келади” – қандай аниқ, поэтик манзара! Кошғарий замонидан ўтиб янаям яқин келсангиз, “Бобурнома”да Шоҳ Бобур ўз тенгингиздай, жўрангиздай сўзлай бошлайди. Оғочлар остига қалин ва хўб тушган хазон сайлига чиқилгани кўз олдингизга келади. Ўқиганингизда жилғадай топ-тоза, мусаффо тилни ҳис қиласиз. Ханжак деган оғочнинг ёруғ ёниши, тутунининг иси яхши бўлиши, чўғи узоқ туриши, балут эса ғаройиб бир шарфа - шовқин билан оёғидан бошигача бир лаҳзада куйиб битишини таърифласа, бари шундоққина кўз ўнгингизга келиб туради. Навоий бобо Семурғ етиб борган юксаклик оламларига етаклайди. Кўҳна достонлару “Девони луғотит-турк” юракка олтин хазина бўлиб ўрнашади. Қўй-қўзи баъраши, шамолда майса силкиниши, сув шовурлари, ош пишиши, эл тўпланишидан, қаҳрамонликлардан хабар беради, инсон шон-шарафидан, умр мазмунидан ҳикоя қилади...
Тилимизнинг бугунги аҳволига қараб туриб эса, улуғ Навоий бобомизнинг шу мисралари ёдга келади:
Бунчаким вайрона кездим, ганж бир ҳам йўқ эди,
Бу нечук вайронаким, бунда мадфун неча ганж...

* * *
Агар шу тадқиқотлардан келиб чиқсак, минглаб йиллардан буён яшаб келаётган тилимизни нечук ардоқламайлик, иззатламайлик, шон-шарафини кўкларга кўтармайлик? Бу қандай Қақнус қушики, кул орасидан янгитдан бино бўлиб чиқаверади? Бу қандай Ҳумо қушики, бахт-саодат, меҳру муҳаббат, вафо-садоқат тараннуми бўлиб қайта ва қайта янграйверади?
Шу жилваларга маҳлиё бўлгандирки, ардоқли шоиримиз Муҳаммад Юсуф “Сени билганларга қиламан таъзим, Сени билмасларга раҳмим келади” деган.
“Ўзбек тилининг имло луғати”да етмиш беш мингта сўз бор. Лекин сўзларимиз аслида бундан икки-уч ҳисса кўп. Улар шаҳар-қишлоқларимизда, шеваларимизда яшириниб ётибди. Мисол учун, мен туғилиб ўсган қишлоқда “пайманчак” деган сўз бор. У – сой, кўл ёки дарё бўйида сув олиш учун ўйилган зинапоядир. От анжомларининг номларини қаранг: юган, тизгин, нўхта, чилбир, сувлуқ, солдирға, қўндирма, қуюшқон, узанги, пиштон, тўқим, қўнжи, эгар, эгарқош, ёпинчиқ, талбоғ, тарилға... Ҳар қишлоғимизда ўнлаб-юзлаб бугун қўлланилмайдиган, бироқ ўз сўзларимиз бор. Масалан, девор остидан ариқ суви оқиб ўтиши учун қолдирилган тешикни “мўрин”, сув ўйиб ўтган ёриқларни “бўрин” дейдилар. Ҳатто қуш патининг учигача ўзининг номи бор, у “чалқа” дейилади.
Ҳолатларнинг ифодаси янада қизиқ. “Кўнглим чўкди” дейди дили оғриган киши. Дил тубидаги чўккан қуйқа-чўкинтини, яъни ғуссани дарров тасаввур қиласиз. “Кўнглим оғриб қолди” дейди бошқа биров. Тан ҳис қиладиган оғриқ билан руҳ оғриғини қиёсланг-а. Тани оғриган киши ҳаракатдан қолади, кўзини мўлтиллатиб музтар-музтар ётади. Кўнгли оғриганнинг ҳоли ҳам худди шундай.
Шеваларимизда шунчалар кўп сўзлар борки, барчасини тизиб чиқсак, ярим миллиондан ошса керак. Шу нуқтаи назардан, ўзбек тилини ривожлантиришдай эзгу мақсад йўлида жипслашган олимларимиз ва мутахассисларимиз олдида жуда катта ва қутлуғ вазифа турганига сира шубҳа йўқ. Ҳар бир сўзимиз, улуғ шоир Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, битилмаган достондир. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбек тилини ривожлантириш департаментининг концепциясида ва давлат дастурида булар очиқ-ойдин ифодалаб берилган. Энди ҳамма гап ижрода. Яъни, Давлат департаментидагина эмас, сизда, бизда!
Бугун тилимиз бешта бўлакка: илмий, расмий, ахборот, кўча ва бадиий тилга ажралиб қолди. Шулардан энг ҳаётбахши, энг жонга яқини бадиий тил, албатта. Илм тилига-ку бир нима дейиш қийин: ўз хусусиятига кўра у ақлу тафаккур чегараларидан ўтишга интилади ва у ерда исбот қилинган ҳақиқатларни она тилимизга олиб келиб қўшади. Бу борада илмнинг тилга хизмати жуда юксак. Чунки кашфиёт, ихтиро ва топилмалар уни кашф этган кишининг она тилида номланади ҳамда бутун оламга ўзини кўз-кўз қилиб туради. Бунга мамлакатимиз олимлари яратган “Порлоқ”, “Равнақ” пахта навларини мисол қилиб келтирсак бўлади, чунки биотехнология ютуқларини ўзида мужассам этган ушбу топилмалар ҳозир Ҳиндистон, Миср ва қўшни давлатлар сари ўзбекча номларни олиб учганига анча бўлди.
Иш юритиш тили - барча ўлкаларнинг сўзлашув ва бадиий тилидан ажралгани ҳақиқат. Чунки, иш юритишнинг ўз қоидалари бор: жумлалар матни аниқ ва қатъий бўлиши шарт.
Оммавий тил ҳисобланган ахборот тилига келсак, йўқотишларимиз ва чалғишларимиз яққол кўринади. “Нексия” ва “Спарк” иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди” дейдилар. Аслида буни ўзбекона қилиб “Нексия” ва “Спарк” ҳалокатга учради” ёки “тўқнашди”, десаям бўлади. Ёки “нафар” сўзи. Араб ҳарбиясида оддий аскар маъносини берувчи бу сўзни биз ҳар қанақасига кўллайверамиз. “Беш нафар ходим” ўрнига “беш ходим” ёки “бешта мутахассис” дейилса бас. Йўқ, “нафар” маҳкам ўрнашиб олди, янаям ажабланарлиси, “Беш нафар ходимлар”га ҳам айланиб бўлди. Ҳа, энди осмон узилиб ерга тушибдими десангиз, ўн-йигирма йилдан кейинги авлод буни тилнинг темир қоидаси деб қабул қилади.
Сўзлашув тили эса тилимизнинг ва руҳиятимизнинг аҳволини рўй-рост кўрсатиб турибди. Аслида, турли кишилар тилни бу ўринда ўзига мослаб олади, қисқартиради, ўзгартиради, бузади. Миллий шуурдаги ўзгаришлар айнан шу ўринда яққол кўринади. Илмли-ю илмсиз, саводли-ю саводсиз бир қозонда қайнайверади. Бу ҳолат анча-мунча ўзига ишонган давлатларда бор, бизда ҳам рўй бермоқда. Бироқ, тилни бузиб ишлатиш бошқа, ўз сўзимиз турганида ёт сўзни ишлатиш бошқа. Қачондан бери таом “Фуд” бўлиб қолди? Қачондан бери хизмат сервисга айланди? Тиш шифокорининг ўзи дуруст эди, ундан стоматолог ясадик, буям етмагандай, “дентал сервис” очиб олдик. Бир амаллаб Англиядан Россияга ўзгаришсиз ўтиб келган текстил саноатини тўқимачиликка, архитектурани меъморчиликка айлантирувдик, ортидан “дизайн” чиқиб турибди. Унинг мазмуни - маълум ашё ёки нарсани бадиий безаш дегани. Беш юз йил ортга қайтиб, Камолиддин Беҳзод бободан сўрасак, ноқобил авлодларига қандай дакки берар экан? “Архитектура дизайни”ни “меъморий безаш”, интерьер дизайнини ички, экстерьер дизайнини ташқи безак десанг бўлмайдими, болам, дермикин? Ҳатто бир киши рўй-рост “санъат” билан “саноат” бир сўз эмасми, нега икки хил ёзилади деб сўраб юрибди, унга “синоат” деган сўз ҳам бор десангиз, хуноби ошади.
Юз йиллик технологик инқилоб мобайнида бизда илмий кашфиётлар юз бермади эмас, ўзлаштириб олинди десак тўғрироқ бўлади. Бунга турли соҳа олимлари ўнлаб мисоллар келтира олишади. Мисол учун, фазо кемасидан оқ-қора тасвир ўрнига ранглисини узатиш ўзбек олимининг кашфиёти эди. Замонавий тиббиётнинг ажралмас дастёри саналадиган ултратовуш ташхис қурилмаларининг илк кашшофлари ҳам ўзбек олимлари бўлган. Кончилик, маъданчиликдан фазо илмигача бўлган соҳаларда олимларимиз ўз ихтироларини яратишгани, уларга ўзгалар эга чиқиб, ўз тилларида номлаб олишганига етарли далиллар бор. Ўтган ишга саловот, у воқеалардан керакли хулоса чиқариб, келажакни ўйлайлик дейсиз-у, бироқ, келажакка албатта ўз она тилимиз ва ундаги ҳаётбахш янгиликларимиз билан юзланишимиз лозим-да.

Инновацион ривожланиш вазирлиги – жаҳондаги энг сўнгги технологияларни, ютуқларини, илм-фан ютуқ ва кашфиётларини иқтисодиёт ва жамият соҳаларига татбиқ қиладиган давлат тузилмаси. Уни “келажак вазирлиги” ёки “Янгиликлар вазирлиги” деб ҳам атайдилар. Ишонасизми, фаолият мобайнида шунчалар кўп ва турли-туман янги сўзларга дуч келасиз-ки! Агрономиядан астрономиягача, металлургиядан нано ва микро-технологияларгача, ижтимоий фанлардан негиз-тамал фанларгача бўлган янгиликларни жуда кенг миқёсда жорий қилиш иши амалга оширилмоқда Ҳақиқатан ҳам, бу даргоҳ илм-фан, ақл-заковат жўш урадиган қизиқарли маскан, бироқ, янги сўзларга келганида бош қашиб қоласиз. Масалан, “фудомикс” сўзи инглизча “фуд” - озуқа ва “омикс” – фан сўзларидан олинган, бутун дунё уни “фудомикс” деб қўллайди. Буни “озиқ-овқат фанлари” десак, тил қонуниятларига мос бўладими-йўқми? “Ҳужайра линиялари” – тадқиқот ўтказиладиган маълум тур ҳужайралар намуналари бўлиб, “уни ҳужайра тизмалари” десак-чи? Прекурсорлар, курсорлар, кислоталар, антидотлар, бактериялар, нефт ётоқлари, омборлари, қайта ишлаш ускуналари, қуёш технологиялари, табиий энергия манбалари... Буларни қўяверинг, кимё фанидаги ҳамма биладиган кислородни нима дея оламиз? Очиғи, шу “кислород” сўзига жуда аламим бор: ўлгудай русча сўз, уни халқаро фан “оксижен” деб атайди. Руслар ўзларига мослаб оксиженни аввалига “кислотвор”, сўнгра “кислород”, яъни “ачитқи туғдирувчи” деб, водородни эса “сув ҳосил қилувчи” деб атаб олишган. Шу ўринда рус олимларининг тутумига қойил олиш керак: кўриниб турганидек, модда хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда исм беришган десангиз, “кислород” сираям “ачитқи туғдирувчи” эмас... Худди шу ерда яна лоп этиб илмий тафаккуримиз ҳавонинг, сувнинг, моддаларнинг таркибига келганида тўхтаб қолгани кўринади. Ие, бу ахир, тарих-ку? Нега тўхтаб қолган экан, сабаби нима бўлган экан деган изтиробли саволлар ўз ўзидан пайдо бўлади. Бошқа оммавий сўзларда ҳам аҳвол шу: “Эйркрафт” – “ҳаво кемаси”, уни рус тилига ўзлаштириб, “ўзиучар” маъносини берувчи “самолёт”га айлантиришган. Ҳолбуки, “ҳаво кемаси” ёки “учоқ” – жуда ўрнига тушадиган сўз. Хуллас, саволлар кўп, жавоблар эса ўзингиз билганингиздай.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасида ташкил қилинган муҳим тузилма – Давлат тилини ривожлантириш департенти берган хабарга кўра, бугунги кунда бу ишга икки юздан зиёд олим жалб қилинган, таклифлар устида ўттиздан зиёд мутахассис тер тўкмоқда. Албатта, бунча киши тилимизнинг ўзидай чиройли, узукка кўз қўйгандай сўз ва ибораларни топишларига шубҳа йўқ. Масалан, “пешлавҳа” сўзининг қандай чиройли ўрнашганига қаранг. Зарлавҳа, сарлавҳалардан келиб чиққан, пештоқ сўзи билан уйқаш. Яқин-яқингача тузилма, топилма сўзлари қўлланилмасди. Натижадорлик-чи? Мушкул туюлган бу ишни уддаласа бўларкан-да? Демак, олға! Шунча филолог, диалектолог, тилшунос-лингвист олимларимиз бор, деярли ҳамма соҳада кўзга кўринган мутахассислар етарли экан, тилимиз янги-янги сўзлар билан бойишига шубҳа йўқ.
Шу ўринда халқ орасини кезсак, ўзбек тили замонга мослашаётганинига шоҳид бўласиз. Унинг барҳаётлигига, кишиларимиз уни ўз ҳолича бойитаётганига шукр қиласиз.
Масалан, барча электрон асбоб-ускуналар ичидаги ақлли “мия” фан тилида “микрочип” деб аталади. Кўрган бўлсангиз, юзтача ингичка оёғи бор юмалоқ ёки тўртбурчак бир нима. Шуни бир уста йигит “Тикон-чип” деб номлаб олибди. Чунки, кўриниши кўзтиканнинг нақ ўзи! Менинг онам смартфонни “Силайдиган телефон” деб номлабди. “Қанақасига силайдиган телефон?” десам, “Ойнасини мундоқ-мундоқ силайсан-ку” дейди. Бизлар сунъий йўлдош антеннасини “чаноқ антенна” деб юрган пайтимизда аллақачон “лаппак” дейишган. Тилимизга ўрнашиб олишга улгурган “капельница”ни “томчи дори” деб юрган бўлсак, “осма укол” дейишибди. Ҳалигача автоуловнинг ўнг-чапга бурилишга ишора берадигани чироғини “қайрилиб олиш ёки бурилиш чироғи” деб қийналиб юрсак, “ўчиб-ёнадиган чироқ” деб қўяқолишибди. “Сигнал” дейишмайди, “Мошинани би-биплат” дейишади. “Хавфсизлик камари” тилимизга ўрнашиб бўлган, бироқ, униям соддалаштириб, “камар” ёки “белбоғ” дейишади.
Кўриниб турганидек, бир томондан халқимизнинг ўзи ҳам янги атамаларни ўз тилига мосламоқда ва тан олиш керакки, ҳаққоний ўзбекча муқобилларини яратмоқда. Аксарият кишиларимиз бирор нарсани номлашда уни ўзи кўрган бошқа нарсасига қиёслашига далил бу. Демак, ўзбек кишиси тараққиёт чегараларидаги кўз илғамас жараёнларга шоҳид бўлса ва уларда бевосита ўзи ҳам иштирок этса, ҳеч кимнинг ақлига келмайдиган ғоят ҳаётий янги атамаларни ижод қилиши турган гап.
Яна бир ўта муҳим жиҳатга тўхталиб ўтиш керак. Яқин юз эллик йил давомида тараққиётдан узиб қўйилган, четга сурилган, камситилган ва ҳақоратланган шу тил жамият воқеа-ҳодисаларини рўй-рост кўрсатиб туради, бугунги кундаги асосий муаммоларимиз янги термин ва атамаларда дедик. Бу орада фан янада турли-туман йўналишларга бўлинди, ҳар бирида илм тараққиётига хизмат қилувчи янги кашфиётлар яратилди. Эркин Воҳидов “Атомни ижод этиб” деб бонг урган бўлса, замонавий фан аллақачон атомни ҳам юзлаб бўлакларга бўлиб, ҳатто аксилзарралар оламигача етиб борди.
Ўзбекистонда илм-фан тараққиётига юксак эътибор берилиши ва ўзбек тилининг мавқеини юксалтиришга давлат даражасида аҳамият қаратилиши эндиликда нафақат дунёда мавжуд янги билимларнинг кириб келишига, балки ўзимизда ҳам яратилишига йўл очиши билан бирга, юқоридагиги каби ўз ҳолича давом этаётган жараёнларни тизимли равишда тартиблаб, шиддатланишига, нохуш ҳолатларга барҳам берилишига сабаб бўлиши аён. Шунда ўзбек сўзлари ҳам дунё бўйлаб қанот қоқади. Бу эзгу иш учун давлатимиз жуда катта маблағ сарфламоқда, чунки миллий юксалишнинг бошқа йўли ҳам йўқ – мамлакат, у билан бирга илм-фан, технологиялар, кишилар тафаккури ва албатта, тили ҳам ривожланиши шарт!
Шон-шарафли, қутлуғ ўзлик йўлининг янги бошланғичи мана шу эзгуликлар эканига шубҳа йўқ.

Исажон СУЛТОН
Инновацион ривожланиш вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

(“Халқ сўзи” газетаси, 2020 йил, 5 май сони)