Янгиликлар

Хитой озодлиги учун курашган қаҳрамон аёл

Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари, ёши улуғ олимлар, кам таъминланган қариялардан хабар олишмоқда. Бу хайрли ишлар Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтириш, фашизмга қарши жангларда, меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган фахрийларимизга алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатишнинг кичиккина намунасидир.

Байрам баҳонасида ходимларимиз ажойиб инсонлар билан танишдилар, бир томондан уларни табриклаб, кўнгилларини кўтарган бўлсалар, иккинчи томондан сабоқ олдилар, сабоқ бўлишга арзигулик ажойиб ҳаёт йўллари билан танишдилар.

1923 йилда туғилган Зайцева Мария Ивановна ташриф буюрганларни ҳаётга кулиб боқиши, ажойиб хотиралари билан ўзига мафтун этди. Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси бўлиб, у Узоқ Шарқда Қизил армия сафида ҳарбий сигналчи бўлиб хизмат қилган. У 1945 йили Хитой шимоли-шарқини Япония Император армиясининг энг кўп сонли ва энг қудратли қўшини — Квантун армиясидан озод этишда иштирок этган. Мария Ивановна “Ватан уруши“ ордени, 1-даражали “Уруш фахрийси“ кўкрак нишони ва бошқа мукофотлар билан тақдирланган. Шунингдек, у Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Хитой шимоли-шарқини озод қилишда иштироки учун махсус диплом билан тақдирланди.