Янгиликлар

“Сколково“ инновацион маркази билан ҳамкорликдаги лойиҳалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Москвадаги “Сколково” инновация маркази резидентлари, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой ва коммунал хўжалик вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари иштирокида видеоконференцияси ташкил этилди. Унда “Сколково“ жамғармаси Минтақавий ривожланиш ва МДҲ билан ўзаро ҳамкорлик бўйича вице-президент муовини Александр Окунев, МДҲ Инновацияларни тижоратлаштириш маркази раҳбари, Россия Савдо-саноат палатасининг инновацион тадбиркорликни ривожлантириш жамғармаси бошқарувчи ҳамкори Ольга Середа, МДҲ Инновацияларни тижоратлаштириш маркази координатори Ольга Терешина, “Циноферр” лойиҳаси раҳбари Александр Рибаков ва “Сивокс” МЧЖ Бош директори Вадим Петровичев иштирок этди.

Тадбирда “Сивокс“ сув таъминоти ва сувни тозалаш лойиҳаси ҳамда “Зиноферр“ коррозияга қарши қоплама лойиҳаси тақдим этилди, иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мазкур лойиҳалар бўйича технологияларни юртимиздаги қурилиш ва ишлаб чиқариш объектларига қўллаш масаласини атрофлича ўрганишига келишилди.

Учрашув якунларига кўра, россиялик ҳамкорлар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий марказига МДҲда инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш маркази мақомини бериш таклифини ўртага ташладилар. Марказга бундай мақом берилиши миллий илмий ҳажмдор маҳсулотларни МДҲ бозорларига трансфер қилиш имконини беради. Шундай қилиб, марказ маҳаллий ишланмалар билан савдо қилиш платформасига айланади.