Янгиликлар

Таниқли фармацевт олим ҳаётдан кўз юмди

 

Инновцион ривожланиш вазирлиги жамоаси вазирлик ҳузуридаги “Фармакология ва фармацевтика фанлари” бўйича Илмий-техник кенгаш аъзоси, А.Султонов номли Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий тадқиқот институти директорининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, кимё фанлари доктори, профессор Азизов Умархон Мухторович оламдан ўтгани муносабати билан чуқур таъзия билдиради. Умархон Мухторовичнинг яқинларига, ҳамкасбларига ҳамдардлик изҳор этамиз.

Умархон Азизов мустақиллик йилларида фармацевтика фани ва саноатини ривожига ҳамда аҳолини янги ўзимизда яратилган маҳаллий арзон дори-дармонлар билан таъминлашга салмоқли ҳисса қўшган таниқли олимдир.

Институт илмий фаолиятини йўлга қўйиш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш, замонавий маҳаллий дори воситаларини яратиш ва амалиётга жорий қилишда юксак касб маҳорати ва ташаббускорлигини намоён этган. Унинг иштироки ва раҳбарлигида 2016-2018 йилларда ЎзКФИТИда 3 та янги дори воситалари яратилди ва амалиётга татбиқ этилди.

Дори воситалари учун 3 йилда 13 та вақтинчалик фармокопея мақолалари 11 та лаборатория, 16 та тажриба ва саноат ишлаб чиқариш регламентлари яратилган.
У томонидан яратилган яллиғланиш жараёнларига қарши гинекологик, ревматологик хасталикларни даволашда ишлатиладиган “фенсулкал”, “бензкетазон”, балғам кўчирувчи, маҳаллий бахмалгул илдизи қуруқ экстракти асосида олинган “альцеум”, “глицирозин” препаратларни, юрак қон-томир фаолиятини яхшиловчи “Sharq tabibi” шифобахш бальзами, тинчлантирувчи “Фитопассит” қиёмини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиларининг озиқ-овқат таъминотини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 467-қарорини бажариш борасида У.Азизов раҳбарлигида юрак қон-томир фаолиятини яхшиловчи“Sharq tabibi”бальзами концентратини олиш технологияси яратилиб, ишлаб чиқаришга жорий қилинди ва 2005 йилдан бошлаб барча ҳарбий хизматчилар ушбу концентрат билан керакли миқдорда таъминланмоқда.

У.Азизов республика халқ хўжалиги учун юқори малакали мутахассислар ва илмий кадрлар ҳамда баркамол авлодни тайёрлашда фаол иштирокэтмоқда. У қатор йиллар давомида Тошкент фармацевтика ва Тошкент кимё-технология институтларида Давлат имтиҳон комиссияларига раислик қилди, унинг раҳбарлигида 4 нафар фан доктори ва 10 нафар фан номзодлари тайёрланди. У 350 дан ортиқ илмий мақолалар, 46 та ихтиролар, 30 дан ортиқ мъёрийтехник ҳужжатлар муаллифи.

У.Азизов юқори малакали олим, тажрибали раҳбар, ёшлар мураббийи сифатида барчага намуна, меҳнат жамоаси ва аҳоли ўртасида ҳурматга сазовор бўлган.