Янгиликлар

“Бухоронинг жаҳон маданиятидаги ўрни“ мавзусида халқаро илмий онлайн конференция ўтказилди  

Инновацион ривожланиш вазирлиги тавсияси ва кўрсатмаларига асосан карантин даврида Бухоро Давлат университети жамоаси онлайн режимида фаолият кўрсатишни давом эттирмоқда. Куни кеча “Тарих ва маданий мерос” факультети ва “Бухоро тарихи” кафедраси томонидан “Бухоронинг жаҳон маданиятидаги ўрни” мавзусида хорижий олимлар иштирокида Республика миқёсидаги онлайн илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Онлайн конференцияда Бухоронинг тарихшунослиги ва манбашунослиги, этнографияси, археологияси, нумизматикаси, топографияси, қадим маданияти ва санъати, қолаверса жаҳон маданияти, илму урфонига муносиб ҳисса қўшган шу заминда етишиб чиққан олиму уламоларнинг илмий, адабий ва тарихий мероси, шунингдек, жадид маърифатпарварларининг ижтимоий-сиёсий фаолияти каби масалалар муҳокама қилинди.

Мазкур анжуманда Америка, Туркия, Германия, Россия, Миср, Латвия, Хитой, Тожикистон каби давлатлардан 10 дан ортиқ хорижий олимлар, шунингдек, мамлакатимизнинг кўплаб ОТМларидан 100 га яқин профессор-ўқитувчилар, магистрант ва талабалар ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Конференция университет ректори Обиджон Ҳамидов томонидан очиб берилди. Илмий ишлар бўйича проректор Отабек Қаҳҳоров конференциядан кўзланган мақсад ва вазифаларни баён этди.

Анжуманда хориждан Карим Камол Ҳилол, Реза Ҳусени, Татьяна, Емельяненко, Тимур Усмонхўжа ўғли, Муниса Морсалзодеҳ, Халифаев Мақсуд, Анварова Маърифат Нарзуллаевна, Баротов Сиёвуш Ҳамзаевич, Ҳамдамов Суҳроб каби хорижлик олимлар, Зоҳиджон Исломов, Қаҳрамон Ражабов, Доно Зиёева, Бурҳониддин Аҳмедов, Комилжон Раҳимов, Сулаймон Иноятов, Ҳалим Тўраев, Ойбек Рашидов, Фаррух Темиров каби профессорлар ва фан докторлари маъруза қилишди.

Онлайн видеоконференция ўзаро тажриба алмашиш, илм-фан янгиликлари билан ўртоқлашиш, карантин даврида халқаро мутахассислар билан юзма-юз мулоқот қилиб, таълим тизимини юқори босқичларга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.