Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик“ жамоат фондига 5 кунлик маошларини ўтказдилар

Бутун жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда Ўзбекистон ҳам коронавирус пандемияси билан кураш олиб бораётган бир пайтда юртимиз бошига синовли кунлар тушди. Бухоро вилоятидаги табиий офат ва Сирдарёдаги Сардоба сув омборидан сув чиқиши натижасида кўплаб оилалар жабр кўрди, иқтисодимизга зарар етди. Бу кунларда халқимиз бир тану бир жон бўлиб, талофатлар натижасида қийналиб қолган юртдошларимизга кўмак қўлини узатмоқда. Халқимизга хос сахийлик, олийҳимматлик, раҳм-шафқат каби хислатлар шу кунларда яққол намоён бўлмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси ҳамда тизим ташкилотлари ходимларининг ҳар бири апрель ойининг беш кунлик иш ҳақини “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик“ жамоат фондига ўтказдилар.

Мазкур фонд жамиятда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва ўзаро холис ёрдам сингари эзгу ғояларни, халқимиз табиатига хос бўлган юксак одамийлик фазилатларини ўзида мужассам этган азалий урф-одат ва анъаналарнинг қарор топишига кўмаклашиш, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларда кўмаклашиш ва ҳамкорлик қилиш, одамларнинг маиший ҳаёти ва турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган умумхалқ ҳаракатида фаол қатнашиш мақсадида фаолият юритади.