Янгиликлар

Тошкент давлат юридик университети Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан яқиндан ҳамкорликда бир нечта лойиҳалар устида иш олиб боради

Президент Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистонда юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонида инновацияларни яратиш, университет инновацион фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланди. Уларни амалга ошириш учун Тошкент давлат юридик университети Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилиб бир нечта лойиҳалар устида иш олиб боради.

Хусусан, “Форсайт-прогнозлаш” инновацион тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали Ҳуқуқий ташаббуслар ва инновациялар маркази (Innovation Center) ташкил этилади. Унда турли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва инновацияларни яратиш борасида фаолият йўлга қўйилади, шунингдек ҳуқуқий муносабатлар ривожланишини узоқ муддатли прогнозлаштириш ва қонун ижодкорлари учун стратегик аҳамиятли таклифларни ишлаб чиқишда замонавий ахборот технологиялар қўлланилиб, махсус тизим яратилади;

“Legal Tech” лабораторияси – давлат ва ҳуқуқ соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотлар ўтказилади;

“E-University” тизими – таълим жараёнини, шу жумладан унинг масофавий ва сиртқи шаклини электрон тарзда ташкил этиш, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятнинг тўлиқ электронлаштирилган платформаси ишга туширилади.

“Employer Services” платформаси – юридик кадрларга эҳтиёжини мониторинг қилиш ҳамда таълим натижаларини баҳолаш учун иш берувчилар билан доимий мулоқотда бўлишни таъминлайдиган ахборот тизими жорий қилинади.

“StartUp Incubator” – юридик соҳада истиқболли ва инновацион тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб қувватлаш бўйича махсус грантлар дастурлари ташкил этилади.