Янгиликлар

Тошкент тиббиёт академиясида инновацион грант лойиҳалари ва илмий – тадқиқот ишларига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди

 

Тошкент тиббиёт академиясида 2020 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги масъул мутахассислари иштирокида академия профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчилари учун “Илмий-тадқиқот лойиҳалари танловларида иштирок этишнинг долзарб вазифалари, имкониятлар ва истиқболли йўналишлар” мавзусида онлайн видеоконференция ўтказилди.

Вазирлик ҳузуридаги “Тиббиёт фанлари” бўйича илмий-техник кенгаш аъзолари ташаббуси билан ташкил этилган видеоконференцияда Инновацион ривожланиш вазирлиги Илмий котиби Ноибахон Мамадалиева “Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга оширишга қўйиладиган умумий талаблар” мавзусида маъруза қилди ҳамда олимлар ва тадқиқотчилар томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини шакллантириш бўйича қўйиладиган талабларга тегишли маълумотлар берди.

Видеоконференция давомида ТТА проректори Фируза Азизова ТТАда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинаётган илмий-тадқиқот лойиҳалари танловларида иштирок этишнинг амалдаги ҳолати бўйича таҳлилий маълумотларга, талабгорлар томонидан йўл қўйилаётган камчилик ва хатоларга алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий лойиҳалар танловида иштирок этишга доир тавсиялар берди.

ТТА ходимлари томонидан грант лойиҳаларини шакллантиришда янгича ёндашувлар, иқтисодий томонлари, ахборотлар алмашинуви, жалб қилинувчи мутахассислар бўйича ва шу каби бир қатор саволлар берилди.