Янгиликлар

Эксперт: «Саратон касаллигига чалинган беморларнинг COVID-19 коронавирусини юқтириш эҳтимоли юқори»

Бутун дунёда каби айни вақтда Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемиясига қарши кенг қамровли кураш олиб борилмоқда. Ҳозирда келиб ушбу касаллик билан хасталанганлар сони қарийб 2000 дан ортди. Қувонарли ҳолати шуки, бугунда касалланиш шиддати жиловланган бўлиб, қарийб 1300 дан ортиқ инсонлар тузалиб, соғлом турмушга қайтдилар. COVID-19 бутунлай бартараф этилмагани боис, янги касалланиш ҳолатларининг юз бериши, афсуски, табиийдир. Шу боис ушбу касалликни юқтириш эҳтимоли юқори бўлган фуқароларимизни ҳар томонлама эҳтиёт қилмоғимиз талаб этилади. Жумладан, шундай фуқаролар гуруҳига онкологик беморлар ҳам кирадилар. Республика онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази илмий ходимлари А.А. Юсупбеков, М.Н. Тилляшайхов, А.А. Адилходжаев, Аҳ.Юсупбеков саратон билан оғриган беморларда COVID-19 пандемияси таъсирини юмшатиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдилар. Уларнинг фикрича,бугунги таҳликали вақтда беморларнинг соғлиғи, тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун прагматик ёндашув даркор.

Ҳали-ҳануз COVID -19 ёки САРС-CоВ2 саратон билан касалланганларда ўзини қандай тутиши бўйича систематик маълумотлар етарли эмас. Биз ҳозирча Хитой, Италия ва АҚШдан олинган оз миқдордаги информацияга таянган ҳолатда, саратон касаллиги билан оғриган беморларда касалликни юқтириб олиш эҳтимоли юқори эканини биламиз. Мавжуд маълумотларга қараганда ёши катта кимсалар, жумладан сурункали респиратор, кардио-васкуляр, диабет ва сурункали буйрак касалликларига чалинганлар хавф гуруҳига кирадилар.

Барча беморлар учун одамлар гавжум жойларни тарк этиш, ташқарига чиққанда ёки даволангани шифокорга учрашмоқчи бўлганда ниқоб тақиш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясидагидек қўлларни ювиш, COVID -19 белгилари бўлган кимсалар билан мутлақо алоқага кирмаслик ва эпидемик зоналарга бормаслик, барча одамлар билан ижтимоий масофа сақлаш: ўзингизни ва атрофингиздагиларни асраш тавсия этилади.

Фаол даво олаётганлар ва метастазли беморлар учун, шифохоналар аниқ даво режаси тузиб чиқишлари лозим. Даволаш сифати тушиб кетмаслиги учун шахсларнинг онкологик беморларни кўргани келиши ёки, холис ёрдам бергани келдим, деб олдига кириши қатъиян ман қилиниши талаб этилади.COVID-19 пандемияси даврида айрим беморларда даволаш тактикаси қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.

Кимёвий терапия олаётганлар ёки сўнгги 3 ой ичида олганлар, радиотерапия олаётганлар, илик ёки ўзак ҳужайра кўчириб ўтказган беморлар (сўнгги 6 ой мобайнида) ва иммуносуппрессив дори олаётганлар, қон ёки лимфа системаси саратонига чалинганлар (мисол учун, хроник лейкемия, лимфома ёки миелома), иммунитети паст онкобеморлар хавф гуруҳига киради.

Иситма, йўтал, томоқ оғриғи, нафас етишмаслиги, мушак оғриғи, доимий чарчоқ ҳисси, аносмиа – ҳид билиш қобилиятини йўқолиши, дисгеузия – таъм билиш ҳиссининг ўзгариши белгилар янги пайдо бўлган касалларни алоҳида кузатувга олиш талаб этилади