Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги “Сирдарёга ёрдам” акциясини ташкил қилди

Ўзбек халқининг бирдамлиги, бир мақсад йўлида тезкор жипслаша олиши иқтидори намоён бўлиб турган, халқ ўз давлати билан баҳамжиҳат ҳаракат қилаётган бир пайтда яна бир синовга дуч келинди. Кутилмаганда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида фавқулодда вазият юз берди.

Шу оғир дамларда республикамиз фуқаролари Сирдарё халқига ёрдам қўлини чўзишга ошиқди. Инновацион ривожланиш вазирлигида ҳам штаб ташкил этилиб, “Сирдарёга ёрдам” шиори остида хайрия акцияси эълон қилинди. Махсус ҳисоб рақамига ихтиёрий пул маблағлари йиғилди. Оғир шароитга тушиб қолган юртдошларимизга озиқ-овқат маҳсулотлари, кўрпа-тўшак, кийим, пойабзал, болалар учун ўйинчоқлардан иборат ёрдам бугун Сирдарёга жўнатилди.

Ушбу эзгу ишга вазирлик жамоаси, унинг таркибидаги тузилмалар ходимлари, илмий-техник кенгашлар аъзолари, стартапчи ёшлар ва Вазирлик ҳузуридаги Ёшлар Академияси аъзолари ҳамда "Яшнобод" инновацион технопарк резидентлари ўз ҳиссаларини қўшдилар. Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган, хайрия ва эҳсон йўллаган барча олимлар, ёшлар ва мутахассисларга ташаккур билдиради!