Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш юзасидан халқаро шартнома имзоланди

2020 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш юзасидан халқаро шартномани имзолаш тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолиятини ривожлантириш концепцияси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази ICBA ва Ислом тараққиёт банки томонидан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолиятини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

Шартнома бўйича тайёргарлик ишлари доирасида ICBA халқаро маркази, Ислом тараққиёт банки, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва савдо вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинди.

2019 йил август ойида ўтказилган халқаро тендер натижасига кўра “KPMG Audit” МЧЖ аудиторлик ташкилоти лойиҳа консультанти этиб танлаб олинган бўлиб, ушбу ташкилот билан шартнома тузиш бўйича ишлар олиб борилди. Ўзбекистон Республикаси ва ИТБ ўртасида 2019 йил 5 апрелда имзоланган UZB 1024–сон Техник ёрдам тўғрисидаги шартномага мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги буюртмачи сифатида ушбу шартномани имзолаши, шунингдек “KPMG Audit” МЧЖтомонидан бажарилган хизматлар учун тўловлар Ислом тараққиёт банки томонидан АҚШ долларида амалга оширилиши кўзда тутилган.

КПМЖ International Cooperative – аудиторлик, солиқ ва консультацион хизматлар кўрсатувчи қатор фирмалар тармоғини ўз ичига олган халқаро ташкилот ҳисобланади. КПМЖ халқаро ташкилотининг бош офиси Швейцария қонунчилиги бўйича рўйхатдан ўтказилган бўлиб, унинг жаҳонда 154 мамлакатда жойлашган офисларида 200 000 ходимлар фаолият олиб боради.

Оролбўйи халқаро инновация марказини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича “KPMG Audit” МЧЖ аудиторлик ташкилоти билан шартнома тузиш тадбири Оролбўйи халқаро инновация маркази, ICBA халқаро маркази ва бошқа ҳамкорлар билан видеомулоқот шаклида ўтказилди.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “KPMG Audit” МЧЖ аудиторлик ташкилоти раҳбарияти томонидан Оролбўйи халқаро инновация марказини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш ишларини яқин кунларда бошлаш ҳамда бу борада бажариладиган ишлар юзасидан келишиб олинди.