Янгиликлар

Вазирга хат: “Биз Ибн Сино издошларимиз!“

Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ўқувчиси Хусанжоннинг мактуби анчайин расмий. Бутун бошли мактаб ўқувчилари номидан ёзилгандек гўё. Вазирлигимиз томонидан ташкил этилган ва ҳозирда оталиққа олинган болаларнинг барчасини биз яхши кўрамиз, уларнинг ютуқларидан қувонамиз. Бу мактабдан не-не олим ва олималар етишиб чиқишидан умидвормиз. Муваффақиятларингиз бардавом бўлсин!

“Муҳтарам инновацион ривожланиш вазири, устозимиз Иброҳим Йўлчиевич!

Мен Бўронов Хусанжон кимё ва биология фанларига бўлган қизиқишим туфайли 2019 йил янги очилган Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ҳужжат топшириб суҳбат асосида қабул қилиндим. Ҳозирда мана шу мактабнинг 10-синф ўқувчисиман.

Мактабимизда дарс ўтилиш тартиби таълим тизимидаги бошқа мактаблардан тубдан фарқ қилиб, ўқувчиларнинг кун давомида бандлиги ва қизиқишлари асосидаги дарслари чуқур ўргатиб борилади. Асосий дарс соатлари ўтиб, тушлик вақтидан кейин имтиҳонларга тайёрланамиз. Олим-устозлар ўз билимлари билан ўртоқлашадилар. Биз илм боғи боғбонларидан билмаганларимизнинг барчасини сўраб, ўрганиб бормоқдамиз.

Устозларимиздан ўрганганларимизнинг кичик натижаларидан бири яқинда МДҲ давлатлари ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган “Мега Талантʼʼ олимпиадасидир. Ҳозирги кунда карантин сабабли ўқув йили вақтинча тўхтатилганлигига қарамасдан илм олиш ва изланишдан тўхтаганимиз йўқ. 2020 йилнинг 24 март куни Россия Федерацияси ташкил этган онлайн олимпиадасида 160 нафар Ибн Сино издошлари фахрли ўринларни эгаллашди.

Таътил вақти бўлишига қарамасдан мактабимиз ўқувчилари ўз вақтларини мазмунли ўтказмоқдалар. Илм улашишдан асло тўхтамайдиган зиё нурлари тарқатувчилари онлайн тарзда дарслар ўтишяпти. Мактабимизнинг олд ўқувчилари ҳам ўз билганларини тенгқурларига онлайн тарзда улашмоқдалар. Телеграм ижтимоий тармоғида синфдошларим билан фан юзасидан савол-жавоб, қизиқарли тест ва бошқотирмалар билан фикр алмашишни тўхтатмаяпмиз.

Тошкент шаҳар ҳокими кубогидан кейин ўзимизнинг “Заковатʼʼ группамиз Барчиной Мухторовна назоратида кўплаб мантиқий саволларга ечим топиб, кейинги йил учун тажрибамизни оширяпмиз. Мактаб маъмурияти ва тиббиёт ходимлари томонидан мактабимиз телеграм каналида вирусдан эҳтиёт бўлиш чоралари ҳам ўргатиб келинмоқда.

Бизга яратиб берилаётган шароитлардан жуда ҳам мамнунмиз. Бунинг учун Президентимизга ва, хусусан, мактаб-интернатимиз маъмуриятига, жонкуяр педагогларимиз ва Сиз устозимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Яқин келажакда юртимиз учун фойда келтирадиган, Ўзбекистон номини бутун дунёга ёядиган, байроғимизни энг юқориларга кўтарадиган юрт фарзандлари бўлишга ваъда берамиз ва ишонамизки, мана шу ваъда қилаётган истиқболли кунларимизга жуда оз муддат ичида эришиб, биз ўз кучимизни ва нималарга қодир эканимизни ҳаммага билимимиз, натижаларимиз, ғояларимиз билан кўрсатамиз.

Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламиз!“