Янгиликлар

Вазирга хат: “Хатингизни 11 марта ўқиб чиқдим”

“Вазирдан хат/Вазирга хат” акцияси бўйича келаётган хатларнинг бари самимий, беғубор, лекин бири иккинчисига ўхшамайди. Навбатдаги хат муаллифи эса алп йигит экан – ғурури баланд, ҳиссиётларга бой. Хат эмас, роман дейсиз! Битта хатда қаҳрамон-муаллифнинг дунёқараши ўзгаргани акс этади, воқеалар динамикаси кузатилади. Ўтиш ёшига хос иккиланишлар, тушкунлик ҳолатлари ҳам бетакрор ўсмирлик даврининг ўзига хос жозибасидир. Аслида айнан шу даврда қалб тобланади, инсон ўзини ва атроф-теварагини англай бошлайди. Ҳар томонлама ўсаётган Исломбекка қайси касбни танлашидан қатъий назар, аввало, соғлиқ-саломатлик ва шижоат тилаб қоламиз.

“Ассалому алайкум, ҳурматли устоз!

Хатингизни олганимдан буён ўзимга келишим қийин бўлди. Бу, албатта, яхши маънода. Оддий бола учун вазирдан хат келиши мени ҳайратга солди. Нега, нима учун, қандай деган саволлар пайдо бўлди.

Чунки мен шу кунгача ноаниқ ҳолатда эдим.

Яхшиси, Сизга батафсил айтиб берганим яхши.

Мен, Мамадалиев Исломбек Улуғбек ўғли, Ўзбекистон Миллий университети қошидаги академик лицейнинг 2-курс ўқувчисиман.

Отам чемпион бўлгани учун мен ҳам спортни (енгил атлетика, югуриш) танлаган эдим. Роса шуғулландим, натижаларга эришдим, медалларим..... Чемпион бўлиб, имтиёзли тарзда Олимпия захиралари коллежига ўқишга кирдим. Лекин кутилмаганда гепатит билан оғриб қолдим. Ҳаммаси шундан бошланди. Даволанишга анча вақт кетди, мен билан ўқиётган болаларда кетма кет ютуқларга эриша бошлашди, катта катта мусобақаларга боришди.

Менда эса на адамни ва на онамни имкониятлари бу мусобақаларда соғлом қатнашишимга ёрдам берди. Тушкунликка тушиб, спортдан воз кечдим. Ҳозир отам қанчалар хафа бўлмасин спортдан умуман узоқлашдим. Академик лицейга ўқишга кирдим. Лекин ўқишдан ҳам совиб қолгандим. Рус гуруҳларида ўзбек тилида дарс ўтилганига менга унча қизиқ бўлмади. Ҳар кунги насиҳатлар, маслаҳатлар, қўллаб қувватлаш, эътиборлар, яратилган шароитлар, совғалар менга ёрдам бермади. Охирида ўзимга ва уйимдагиларга “менга машҳурлик, олимлик, таниқлилик, бойлик, гавдаси чиройлилик энди керакмас, мен дунёнинг энг оддий ва содда одами бўламан, менга тегманглар” дедим. Бу гапни бир неча марта қайтардим.

Бу ҳолатим анча давом этди.

Яқин-яқингача келажакда ким бўлишим бўйича битта хулосага келмаган эдим. Зуҳрахон опамнинг фотиҳа тўйлари ҳамма қариндошларимиз йиғилганда масала кўндаланг қўйилди ва мен Миллий гвардияга ўқишга кирадиган бўлдим. Ота онамнинг айтганига рози бўлмай иложим йўқ эди, уларни менга бўлган ишончи,мен учун қилаётган барча ҳаракатларини оқлашим керак эди. Мен энди ёш бола эмасдим.

Шунга ўқишга кириш учун тайёргарлик ишларини бошлагандим. Лекин қатъиятсизлигим туфайли ичимда иккиланиш бор эди. Буни ота онамга айта олмагандим.

Хатингизни олдим,ўқидим, уч кундан бери Сизга жавоб ёза олмай ўйланаман. Борини ёзайми, мақтанайми, ваъда берайми, раҳмат айтайми, Сизни мақтайми билмай ўтирдим. Борини ёзай десам, шундай ҳаммага ибрат бўлиб юрган ота-онанинг фарзанди шунақа ҳолатга тушиб қолиши мумкинмикан, деган Сизда ҳайрат ва ростини айтсам раҳм ҳисси пайдо бўладими деб ўйладим. Мақтанай десам, ҳамма ёқ карантин. Шундай хатни олиб кўчаларга чиқиб кўрсатгим, мақтангим келди, ўртоқларимга ўқиб бергим келди, чунки телеграмда гапирсам, улар ишонадиган ёшда эмас-да. Ваъда бериш учун олдин нимани хоҳлаётганимни аниқлаб олишим керак эди. Сизни мақтасам,кейин у ёғига нима бўлади.

Хатингизни 11 марта ўқиб чиқдим. Ўзим сезмаган ҳолда озгина кўзимда ёш ҳам пайдо бўлибди. Чунки мени умуман танимаган, билмаган, кўрмаган бир инсон менга шунчалик эътибор қаратиб, хат ёзибди, менга йўл йўриқ кўрсатяпти, йўлланма беряпти, гапиряпти, қайси йўл тўғрилигини айтяпти. Нима учун? Нега? Шу саволлар билан ўзимга жавоб топдим. Ҳақиқатни топдим.

Мен Президентимизни жуда яхши кўраман. У инсон билан кўришгим келади. Лекин шу пайтгача у инсон билан шунчаки кўришиш мумкинмаслигини чуқур тушуниб етмаган эканман. Хатингизни ўқиб, ўзимдаги барча фикрларим, ўй-хаёлларим, хатти-ҳаракатларимни қайтадан биттадан ипга тизиб чиқдим ва томоша қилдим. Тушундимки, Сиз менга ёзган ишларни қилсамгина мен Президентим билан кўриша олар эканман.

Яна шуни этмоқчиманки, хатингиз айни вақтда келди. Ҳаммамиз уйда, карантинда, оз бўлса ҳам қандайдир тушкунликка тушиб қолган бир вақтда, Сиз “тур, сени кутишяпти, сен ўқишинг керак, эртага халқинг бошига бошқа бундай кунлар тушмаслиги учун билиминг, меҳнатинг билан курашишинг керак” деб мени уйғотдингиз. Буни адабий гаплар демаслигингизни хоҳлардим. Ундан ташқари, ҳозир халқимиз бошидан кечираётган ҳолатни ўрганиб, келгусида агар Ватан ҳимоячиси бўлиб офицерлик формасини кийсам, нималарга эътибор қаратиш кераклигини тушуниб ҳам олдим. Ундан ташқари, ота-онамдан ҳам кечирим сўраб олдим. Лекин уларга ҳеч қандай сўз бермадим. Ишимнинг натижасини ҳаракатим, билимим билан кўрсатаман.

Мен кўп китоб ўқиганимдан ҳар хил шундай нозик ҳиссиётли жойларини эслаб қолардим. Биласизми, гоҳида ҳатто адамнинг ҳам имловий хатоларини ҳам топиб ўтираман, албатта рус тилида.

Хулоса қилиб шуни айтмоқчиманки, мен хатни олгандан бошлаб ўз устимда ишлашни бошладим. Сизга ҳозир биринчи раҳматимни айтаман. Бизнинг оиланинг энг мўътабар инсони – Оқил Умрзоқович. Ота-онам у инсон билан фахрланади, доим маслаҳат сўрайдилар. Бир сўз билан айтмоқчиманки, мен шундай ўқийманки, мен шундай ишлайманки, мен шундай инсон бўламанки, эртага Сиз Оқил Умрзоқовичнинг ёшларига етганингизда шу хатингизни рамкага солган ҳолатда генерал формасида олдингизга бораман ва Сизга иккинчи раҳматимни айтаман, Президентим ёнида тушган расмимни кўрсатаман. Хатингизни ўқиб, қўрқмай айта оламанки, ўша вақтда ҳам Сиз мени яна каттароқ ишларга ундайсиз. Мен генерал Мамадалиев Исломбек бўламан. Дунёнинг энг оддий ва содда одами — генерали Мамадалиев Исломбек бўламан.

Ҳурмат билан Исломбек”