Янгиликлар

Инновация вазирлиги ИВЛ қурилмаларини ишлаб чиқариш учун технология трансферини амалга оширди

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Словакиянинг Chirana компанияси ва россиялик ҳамкорлар билан биргаликда ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари (ИВЛ) ишлаб чиқариш бўйича технологиялар трансфери амалга оширилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илмий ишланмалар ва технологияларни тижоратлаштириш ҳамда трансфер қилиш бошқармаси бошлиғи Жамолиддин Бобохоновнинг айтишича, ИВЛ қурилмаларини ишлаб чиқариш жорий йилнинг май ойида бошланади. Тошкентнинг Бектемир туманида ишлаб чиқариш участкаси қурилишини якунлаш эса жорий йилнинг сентябрь ойига қадар режалаштирилмоқда ва завод ишга туширилади.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг биринчи босқичида 3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ва 30 иш ўрни яратиш режалаштирилган. Иккинчи босқичида эса 6 миллион АҚШ долларгача инвестициялар ва 100 тагача иш ўринлари очилиши кутилмоқда.

– Ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратлари ҳозирда жаҳоннинг 12 мамлакатида ишлаб чиқарилади, – дейди “CHIRANA+” компаниясининг бош директори Василий Шимко. – CHIRANA бренди дунёда энг машҳур олтита бренддан бири саналади. Аппаратларимиз бошқа компания моделларидан фарқли равишда бир босқичли эмас, уч босқичли вентиляцияни амалга оширади. Бундай аппаратлар ишлаб чиқарувчи заводнинг Ўзбекистонда барпо этилиши давлатнинг тиббий хавфсизлигини таъминлайди.

Коронавирус туфайли мамлакатдаги мавжуд вазият ва беморлар учун ИВЛ ва шахсий ҳимоя воситалари учун сарфланадиган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонга 1000 дона нафас олиш контурлари, 500 дона намлик коллектор билан нафас олиш контурлари ва 1000 дона бир мартали бактериал-вирусли филтрларни беғараз фойдаланиш учун топширилади.

Ҳозирда шу ишларни амалга ошириш мақсадида “CHIRANA ASIA” Словакия-Россия-Ўзбекистон қўшма корхонаси ташкил этилган бўлиб, компания “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” (“Made in Uzbekistan”) ёрлиғи остида мамлакатда ягона юқори технологик тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаради. Бундай ишлаб чиқариш Ўрта Осиёда биринчи марта амалга оширилади, бу эса тиббиёт саноатида импорт ўрнини босиш жараёнини жадаллаштиради.

Бундан ташқари, таъмирлаш учун эҳтиёт қисмлар ва хизмат кўрсатиш маркази яратилиб, ИВЛ (ўпканинг сунъий вентиляцияси аппарати) ва НДА (наркоз-нафас олиш аппарати) қурилмалари учун ноёб, мобил ва замонавий сервис хизмати ташкил этилади. Анестезиология соҳасида юқори малакали хорижий мутахассислар таклиф қилинган ҳолда ИВЛ ва НДА қурилмаларидан фойдаланиш бўйича семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни, шунингдек, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Афғонистонда сотиш режалаштирилмоқда.