Янгиликлар

Вазирга хат: “Карантин тугаса, олдингизга албатта бораман!”

“Вазирдан хат/Вазирга хат” лойиҳамизга келган яна бир мактуб билан таништирамиз. Бу хат беғуборлик билан йўғрилгани билан эътиборимизни тортди. Шу билан бирга ундан ўзбекона одоб ва шарқона лутфни пайқаш мумкин.

“Ассалому алайкум!

Муҳтарам Устоз, мени 11 ёш болакайни фарзандларингиз қатори иззат қилиб макьтуб ёзганингиздан бошим осмонга етди. Менга шу пайтгача ҳеч ким хат ёзмаган эди. Хатингизни олиб бироз ҳаяжонландим. Ахир бу мактубни менга академик унвонини олган вазир лавозимидаги инсон ёзкан-ку! Сизнинг оталарча эътиборингиз учун раҳмат. Мактубингизни 5-6 март ўқиб чиқиб, ўз камчиликларимни билишим ва қилишим керак бўлган нарсаларни билиб олдим, бунинг раҳмат.

Бизнинг оиламиз Зиёлилар оиласи. Додам Мусаев Мирфаёз педагог олим бўлганлар. Афсус мен 6 ёшлигимда оламдан ўтганлар (охиратлари омон бўлсин)...

Менинг қизиқишларим доираси жуда кенг. Масалан, табиатни севаман, автомобиллар расмларини чизаман, турли механизмларнинг ишлашига қизиқаман, айниқса, робот техникасига қизиқаман. Менинг роботларга қизиқишимни кўриб, адам шу йўналишдаги тўгаракка аъзо қилдилар. Биз у ерда турли роботлар ясаб ўрганамиз. Хусусан, 2019 йил куз фаслида Турин Политехника Университети қошида ўтказилган халқаро Инновацион ҳафталик доирасидаги танловда қатнашдим. Бундан мен бутун дунёдан келган ўзимга ўхшаган болаларни кўрдим. Менинг қизиқишларим доираси жуда кенг.

Сизнинг мактубингиздан руҳланиб, кундалик тутмаган эдим, бугундан бошлаб тутдим. Кейинги кун режасини оғзаки қилардим, энди ёза бошладим. Шу кунгача эртакларни кўпроқ ўқирдим. Энди эса бадиий китоб ўқишни бошламоқчиман. Келажакда қайси касб эгаси бўлишимни ҳали аниқ айтолмайман, чунки кўп нарсаларга қизиқаман.

Менга отамдек бўлиб берган маслаҳатларингиз учун миннатдорман. Ҳамма айтганларингизни қилишга ваъда бераман. Тарқалган касаллик чекиниб, карантин тугаса, адам майли десалар, олдингизга албатта бораман. Шунда кундалигим, ўқиган китобларим ҳақида, албатта, айтиб бераман. Сизга соғлик ва саломатлик, узоқ умр тилайман.

Сизга чексиз ҳурмат билан,

243-умумтаълим мактаби

4-“в” синф ўқувчиси

Мирфаёзов Миркамол”