Янгиликлар

Илмий-техник кенгашлар раҳбарлари Беларусь илғор тажрибасини ўрганади

18 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашларнинг раислари ва аъзоларидан 28 кишидан иборат делегация Беларусь Республикасининг илғор тажрибасини ўрганиш ва тажриба алмашиш мақсадида Минск шаҳрига жўнаб кетди.

Илмий-техник кенгашларнинг раислари ва аъзоларидан иборат делегация 18 ноябридан 28 ноябригача Беларусь Давлат фан ва технологиялар қўмитаси, Беларусь Миллий фанлар академияси ва бир қатор илмий-тадқиқот муассасаларида Беларусь илм-фан ютуқлари билан танишадилар.

Тажриба алмашинуви давомида қўлга киритилган илғор тажрибалардан олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда улардан республиканинг илмий-инновацион ривожлантиришни таъминлашда самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бугунги кунда вазирлик ҳузурида 16 та фан йуналишлари бўйича, қурилиш материаллари бўйича қўшма ҳамда битта стартап лойиҳаларини экспертизадан ўтказувчи Илмий-техник кенгашлар ишламоқда. Унда 400 нафардан ошиқ академик, профессор, доцент, соҳанинг малакали мутахассислари ва тадбиркорлар фаолият кўрсатади. Олимлар олдида сафар давомида ҳар бир фан йуналиши бўйича олимлардан иборат экспертлар базасини шакллантириш ва улар билан ҳамкорликка келишиб олиш вазифаси турибди. Беларусь ва ўзбек олимлари ҳар бир фан йўналиши бўйича якуний натижаси маҳсулотга қаратилган амалий ва инновацион лойиҳалар учун мавзулар шакллантирадилар.

– Белоруссия давлатига илмий-техник ҳамкорлик доирасида амалга оширалаётган бу тадбир мамлакатимиз олимларининг узоқ йиллик орзу ва умидларидир, — деди сафар аҳамияти ҳақида “Тарих ва ижтимоий фанлар бўйича“ Илмий техник кенгаш раиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Гули Маҳмудова. – Аминмизки, бу дебоча Республикамиз фан ва илмий тараққиётида катта ўзгариш ва силжишларга замин яратади. Илм аҳлини бирлаштирган бундай комплекс тадбир мамлакатимиз тараққиёти стратегияси нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳимдир. Ўзаро манфаатдорликка асосланган мулоқот истиқболли вазифаларга кенг имкониятларни яратади.
Делегация аъзолари Беларусь Фанлар академияси илмий тадқиқот институтларида олиб борилаётган илмий-техник лойиҳалар ва уларнинг натижаларини ўрганиш билан бир қаторда Беларусь Фан ва технологиялар қўмитаси ҳузуридаги Давлат илмий-техник кенгашларининг лойиҳалар экспертизаси ва муҳокамасига бағишланган мажлисларида қатнашадилар.